Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Ходимларни иш вақтидан ташқари ишларга жалб қилиш тартиби
«Ташкилотда ишлаб чиқариш аварияси юз берди . Уни бартараф этиш учун айрим бўлинмаларнинг зудлик билан ишга жалб қилиш зарурияти туғилди. Аммо бу иш кунининг охирида содир бўлди, ушбу бўлинмаларнинг баъзи ходимлари оқибатларни бартараф этиш учун иш вақтидан ташқари ишлашни рад этишди. Директор бунинг учун уларга ҳайфсан эълон қилишини айтди. Иш вақтидан ташқари ишдан бош тортганлик учун интизомий жавобгарликка тортиш қонунийми? Иш вақтидан ташқари ишга ходимнинг розилиги билан жалб қилинмайдими?» .
Ходим иш вақтидан ташқари вақтда аварияни бартараф этишни рад этишга ҳақлими? Саволга «Нормa» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
– Ҳа, кўриб чиқилаётган ҳолатда иш берувчи меҳнат вазифаси аварияни бартараф этиш билан боғлиқ бўлган ходимларни интизомий жавобгарликка тортишга ҳақли.
Иш вақтидан ташқари иш эканлигини қандай аниқлаш мумкин
Иш берувчи томонидан ходимни белгиланган иш вақти давомийлигидан ташқари ишга жалб этиш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади .
Агар ходим ўз ташаббуси билан бошлиқнинг буйруғисиз иш вақтидан ташқари ишлашга қолса – бу иш вақтидан ташқари иш ҳисобланмайди.
Иш вақтидан ташқари ишга айнан иш берувчи жалб қилади.
Иш вақтидан ташқари иш соатлари сонини қандай аниқлаш мумкин
Бу ташкилотда қўлланиладиган иш вақтини ҳисобга олиш турига боғлиқ.
Қуйидагилар иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади:
- иш вақти кунлик ҳисобга олинганда ходим учун белгиланган ҳар кунги иш (смена) вақтининг давомийлигидан ошадиган иш;
- иш вақти ҳафталик ҳисобга олинганда ходим учун белгиланган ҳафталик иш вақтининг давомийлигидан ошадиган иш;
- иш вақти жамлаб ҳисобга олинганда – бир ҳафтадан ошадиган ҳисобга олиш даври учун ходимга белгиланган иш вақтининг давомийлигидан ташқари иш.
Яъни, агар ходимда – соат 09:00 дан 18:00 гача 8 соатлик кунлик ҳисобга олинадиган иш вақти (бир соатлик танаффус билан) бўлса, - у иш берувчининг топшириғи бўйича ушбу 8 соатдан ортиқча ишлайдигани иш вақтидан ташқари иш саналади.
Ходимнинг розилиги керакми
Умумий қоидага кўра, иш вақтидан ташқари ишга жалб этишга ходимнинг ёзма розилиги билан йўл қўйилади .
Ходимнинг розилигисиз иш вақтидан ташқари ишга жалб этишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади :
1) табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатларнинг, ишлаб чиқаришдаги аварияларнинг, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг, шунингдек ёнғинларнинг, тошқинларнинг, зилзилаларнинг, эпидемияларнинг ёки эпизоотияларнинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларда зарур ишлар амалга оширилганда;
2) марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти, совуқ сув таъминоти ва (ёки) сув чиқариш тизимларининг, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, ёритиш, транспорт, алоқа тизимларининг нормал ишлашини бузадиган кутилмаган ҳолатларни бартараф этишга доир ижтимоий жиҳатдан зарур ишлар амалга оширилганда;
3) агар ишда танаффусга йўл қўйилмаса, смена алмашаётган ходим келмай қолганда ишни давом эттириш учун. Бундай ҳолда иш берувчи зудлик билан сменачини бошқа ходим билан алмаштириш чораларини кўриши шарт.
Иш берувчи қўшимча ишларга жалб қилиш тўғрисида буйруқ (фармойиш) чиқаради, ходим у билан имзо остида таништирилиши керак.
Иш вақтидан ташқари ишни рад этгани учун кимларни жазолаш мумкин
Юқорилда келтирилган 2 ва 3-бандларда назарда тутилган ҳолларда иш берувчи томонидан ходимни иш вақтидан ташқари ишга жалб этишга фақат ходимнинг меҳнат вазифаси доирасида йўл қўйилади.
Агар иш кунидан кейин офисда газ сизиб чиқса ёки канализация қувури ёрилиб кетса, савдо менежери ҳеч қандай ёрдам бера олмаслиги тушунарли. Иш вақтидан ташқари ишдан бош тортгани учун унга интизомий жазо қўлланилмайди. Аммо, агар юқорида келтирилган мисолда меҳнат вазифаси ушбу муаммоларни бартараф этиш билан боғлиқ бўлган ходим иш вақтидан ташқари ишдан бош тортса, уни бунинг учун интизомий жавобгарликка тортиш мумкин.
Яна бир мисол – узлуксиз ишлаб чиқаришда диспетчернинг сменачиси касал бўлиб қолди ва ишга келмади. Бундай вазиятда диспетчер иш берувчи унинг ўрнига бошқасини топмагунча иш вақтидан ташқари ишлашига тўғри келади. Агар у иш сменасидан кейин иш вақтидан ташқари ишни рад этиб, ишдан кетиб қолса, унга ҳам интизомий жазо чорасини қўллаш мумкин.
Интизомий жазо чорасини қўллаш учун, албатта, аввал барча тафсилотларини аниқлаштириш ва ходимнинг ортиқча ишлашдан бош тортишининг сабабини билиш керак. Эҳтимол, бунинг узрли сабаби бордир. Бунга олиб келган барча аниқланган ҳолатларни, қилмишнинг оғирлигини, оқибатларини ҳисобга олган ҳолда иш берувчи ходимни интизомий жавобгарликка тортиш ёки тортмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.
Ушбу шартга риоя қилмаслик меҳнат низоларини юзага келтириши мумкин.
Агар у ёки бу интизомий жазо чорасини қўллаш қарори қабул қилинган бўлса, буни янги МКнинг 312–315-моддаларида белгиланган умумий қоидаларга кўра расмийлаштириш керак.
Кимларни иш вақтидан ташқари ишларга жалб қилиш мумкин эмас
12 соатлик иш сменасида, шунингдек меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди .
Иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги ходим учун сурункасига икки кун давомида тўрт соатдан (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда – бир кунда икки соатдан) ва йилига бир юз йигирма соатдан ошмаслиги керак .
Бундан ташқари қуйидагиларни ҳеч бир ҳолатда розиликсиз иш вақтидан ташқари ишларга жалб қилиш мумкин эмас:
- ҳомиладор ходималарни ;
- ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бири (ота-онасининг ўрнини босувчи шахс) ;
- ногиронлиги бўлган ходимларни, агар бундай ишлар уларга тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси тавсияларида тақиқланган бўлса ;
- вояга етмаганлар – ҳатто уларнинг розилиги билан. Маданий-томоша ташкилотларининг, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларининг ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг ижодий ходимлари, профессионал спортчилар, шунингдек асарлар яратишда ва (ёки) ижро этишда (намойиш этишда) иштирок этувчи бошқа шахслар ҳукумат томонидан тасдиқланадиган ишлар, касблар, лавозимлар рўйхатларига мувофиқ бундан мустаснодир .
Иш вақтидан ташқари иш қандай компенсация қилинади ва тўланади
Иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.
Жамоа шартномасида, касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра иш берувчи томонидан қабул қилинган ички ҳужжатда, меҳнат шартномасида иш вақтидан ташқари иш учун қўшимча тўловларнинг юқорироқ миқдорлари назарда тутилиши мумкин.
Ходимнинг хоҳишига кўра иш вақтидан ташқари иш учун оширилган ҳақ тўлаш ўрнига иш вақтидан ташқари ишлаб берилган вақтнинг давомийлигига мувофиқ келадиган қўшимча дам олиш вақтини бериш билан компенсация қилиниши мумкин. Бундай ҳолда иш вақтидан ташқари иш учун бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади, дам олиш вақти учун эса ҳақ тўланмайди .