Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Касаба уюшмаси қўмитаси билан ходимни ишдан бўшатишни қандай келишиш керак
Иш берувчи ходимни прогул учун ўз ташаббусига кўра ишдан бўшатмоқчи. Агар меҳнат мажбуриятларини бузиш далили аниқ бўлса, ишдан бўшатишни ходимларнинг вакиллик органи билан келишиш керакми? Ушбу тартиб-таомил қандай ўтказилади?
Саволларга «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
– Агар бу жамоа келишувида ёки жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса, ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи (ХВО) билан келишилиши зарур .
Бундай ҳолда, агар меҳнат шартномаларини қуйидагилар муносабати билан бекор қилаётган бўлсангиз, бундай органнинг розилигини олинг:
- технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ бўлган ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси), якка тартибдаги тадбиркор ходимлари сонининг ёки штатининг ўзгарганлиги ;
- ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги ;
- меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги ;
- меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги ;
- ўриндошлик асосида ишловчи шахс билан тузилган меҳнат шартномаси мазкур ишга ўзи учун асосий иш жойи бўлган ходим қабул қилиниши, шунингдек ўриндошлик асосида ишлашга чекловлар жорий этилганлиги муносабати билан .
Шундай қилиб, агар иш берувчи ходим томонидан меҳнат мажбуриятларини бузганлиги (прогул) тўлиқ тасдиқланган деб ҳисобласа ва ҳеч қандай шубҳа туғдирмаса, агар бу жамоа шартномаси ёки келишувда назарда тутилган бўлса, барибир ходимларнинг вакиллик органи розилигини олиш керак.
ХВОнинг розилиги қуйидаги ҳолларда талаб қилинмайди:
Агар меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинса:
- ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарори билан тугатилганлиги ёхуд якка тартибдаги тадбиркор томонидан фаолиятнинг тугатилганлиги муносабати билан;
- ташкилот раҳбари, алоҳида бўлинма раҳбари билан янги МКнинг 161-модда 2-қисмида назарда тутилган ҳар қандай асослар бўйича;
- ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси янги МКнинг 489-модда 1-қисм 1-бандига мувофиқ ташкилот мулкдори ўзгарганлиги муносабати билан.
Келишиш тартиб-таомилини қандай ўтказиш керак
Ходимга эълон қилинган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддати тугашидан олдин, иш берувчининг ташаббуси билан ходимни ишдан бўшатишга розилик олиш тўғрисида ходимларнинг вакиллик органига ёзма тақдимнома йўлланг.
Тақдимномани ишга қабул қилиш ва меҳнат шартномаларини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан имзоланган ташкилот бланкида расмийлаштиринг. Унда ишдан бўшатилаётган ходимнинг Ф.И.О. ва уни ишдан бўшатишни режалаштиришга асос бўлган Меҳнат кодекси моддасини кўрсатинг. Тақдимномага меҳнат шартномасини бекор қилиш учун сабаб бўлган барча ҳужжатлар ва материалларни илова қилинг, рўйхатдан ўтказинг ва имзо остида ходимларнинг вакиллик органига топширинг.
ХВОга прогул ва иш жойида ходимнинг узрли сабаблар йўқлиги далилини тасдиқловчи барча материаллар ва ҳужжатлар топширилиши лозим. Масалан:
- ходимнинг иш жойида йўқлиги тўғрисида баённомалар;
- видеокузатиш камераларидан олинган маълумотлар;
- ходимларнинг келиши/кетишини рўйхатга олиш китоби (журнали);
- бевосита раҳбарнинг ҳисоботи, аризаси;
- ходимнинг ёзма тушунтириши ёки ходимнинг тушунтириш беришдан бош тортгани тўғрисида далолатнома;
- агар ходим ишда кўринмаса – ишга келиш зарурлиги тўғрисида ёзма хабарнома ва ўзининг йўқлиги тўғрисида ёзма тушунтириш бериш ва ҳк.
Бундан ташқари, вакиллик органи прогул ҳақиқатан ҳам меҳнат шартномаси МКнинг 161-м. 2-қ. 5-б. бўйича бекор қилиниши мумкин бўлган бир марталик қўпол бузилишлар рўйхатига киритилганлигига ишонч ҳосил қилиши учун ташкилотнинг ички меҳнат қоидаларини ХВОга ўтказинг.
Баъзи ҳолларда, ходим билан иш берувчи (масалан, микрофирмаларда) ўртасида меҳнат мажбуриятларининг бир марта қўпол равишда бузилишлари рўйхати назарда тутилиши мумкин .
ХВО, шунингдек ходим йўқ бўлган давр ҳақиқатан ҳам прогул эканини текшириши керак. Негаки ИМТҚда иш жойида узрли сабабларсиз айнан қанча вақт бўлмаганлиги прогул деб топилиши белгилаб қўйилган – тўла иш куни, уч соатдан ортиқ ва шу каби .
ХВО сизнинг масалангиз кўриб чиқиладиган кунни белгилайди. МКда ходимни бундай йиғилишга таклиф қилиш кераклиги кўрсатилмаган бўлса-да, ХВО уни тинглаши ва адолатли қарор қабул қилиши учун буни амалга оширган маъқул.
Маълумот учун. Агар ходимларнинг вакиллик органи касаба уюшмаси бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси ходимни уни ишдан бўшатишга розилик бериш масаласи кўриб чиқиладиган йиғилиш тўғрисида ёзма ёки почта орқали хабардор қилиши шарт. Бу Касаба уюшмаси органларида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномани кўриб чиқиш тартиби билан тасдиқланган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ижроия қўмитасининг 19.03.2021 йилдаги 2-37 «с»-сонли қарори билан назарда тутилган. Агар ишдан бўшатилаётган ходим касал бўлиб қолса ёки бошқа узрли сабабларга кўра йиғилишда қатнаша олмаса, у бошқа вақтга кўчирилади, лекин қатъий равишда иш берувчининг тақдимномасини кўриб чиқиш учун назарда тутилган 10 кунлик муддат ичида. Агар ушбу муддат тугашидан олдин касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишида ходимнинг иштирокини таъминлаш имконсиз бўлса ёки у узрли сабабларсиз йўқ бўлса ёхуд йиғилишда иштирок этишдан бош тортса, у ходимнинг иштирокисиз ўтказилади.
Ходимга ХВО йиғилишига таклифнома тўғрисида хабарномани «ХВОнинг чиқиш ҳужжатлари» китобида расмийлаштиринг ва уни ходимга имзо остида топширинг. Агар у ишга келмаётган бўлса, унга Т-2 шаклидаги шахсий варақада кўрсатилган манзил бўйича почта хабарномасини юбориш мумкин.
Хабарнома меҳнат шартномасини бекор қилишга сабаб бўлган асосий ҳужжатларга илова қилинади.
Агар ходим ХВО йиғилишига таклифнома тўғрисида хабарномани олишни рад этса, бу ҳақда далолатнома тузинг. Ушбу ҳужжат ходим йиғилиш жойи, куни ва вақти тўғрисида ўз вақтида ва тегишли тарзда хабардор қилинганлигини тасдиқлайди.
ХВО йиғилишида унинг аъзолари ва ходимдан ташқари, ХВОга тўғри қарор қабул қилишда ёрдам берадиган бошқа ходимлар ҳам иштирок этиши мумкин: юрист, кадрлар бўйича ходим, бухгалтер ва бошқалар.
ХВО йиғилишида баённома юритилади. Йиғилиш натижасига кўра ХВО қарор қабул қилади ва бу ҳақда иш берувчига тақдимнома олинган кундан бошлаб 10 кун ичида ёзма равишда хабар беради. Агар кўрсатилган муддат тугаганидан кейин иш берувчи бу қарорни олмаса, у ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ХВО розилигисиз бекор қилишга ҳақли .
ХВО қарори қабул қилинган кундан бошлаб 1 ой ичида қонуний кучга эга. Тегишинча, иш берувчи ижобий қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли .