Иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан кейин иш даври ўзгартирилмаган бўлса

preview

«Ходимга 2020 йилда 2020 йил 1 апрелдан 30 июнгача иш ҳақи сақланмайдиган таътилни ҳисобга олмай,  иш йили учун ишга қабул қилиш санасидан 02.08.2019 йилдан 01.08.2020 йилгача меҳнат таътили берилди. Таътилни расмийлаштириш чоғида кадрлар бўйича мутахассиснинг ўрнига вақтинча ишлаётган ходим иш даврини ўзгартирмади. Вазиятни қандай тузатиш мумкин?».

Вазиятни «Норма» эксперти ва кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС изоҳлади:

 

– Умумий қоидаларга кўра, ҳар йилги асосий таътилни олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган муддати икки ҳафтадан кўп бўлган таътиллар киритилмайди .

 

Хатони қандай тузатиш мумкин

 Кўрсатилган иш ҳақи сақланмайдиган таътил даври пандемия даврига тўғри келади. Эҳтимол, ходим карантинга оид чоралар амал қилиши даврида Мактабгача таълим ташкилотлари ва бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги  низомнинг 9-бандида назарда тутилган имтиёздан фойдаланган бўлиши мумкин. Ҳужжатда иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил вақтини йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажига қўшиш назарда тутилган.

Агар шундай бўлса, иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлиш вақтида унинг иш даврини ўзгартиришингиз шарт эмас.

Бундан ташқари, пандемия пайтида кўплаб ташкилотлар мустақил равишда ходимларга иш ҳақи сақланмайдиган таътилни карантин чоралари пайтида белгиланган иш стажини ҳисоблашда киритмасликка қарор қабул қилишди. Бу ҳам қонунга, хусусан амалдаги МКнинг 142-м. охиридан олдинги хатбошига ва янги МКнинг 226-м. 1-қ. 8-хатбошига зид эмас.

Шунингдек, ташкилот жамоа шартномаларида ва бошқа ички ҳужжатларда иш ҳақи сақланмайдиган таътил даврини навбатдаги таътилни олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажига қўшиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин . Пандемия даврида корхонангизда  чиқарилган барча маҳаллий ҳужжатларни, шунингдек жамоа шартномаси матнини текширинг. Агар  имтиёзлар ушбу ходимга нисбатан татбиқ қилинмаса, унга иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан кейин навбатдаги меҳнат таътилларини тақдим этиш учун иш даврини ўзгартиринг.

Эътибор беринг
Иш даврини тўғри ўзгартириш керак! Яъни, уни тўлиқ 3 ойга сурмайсиз, балки 3 ойга «минус» 14 кун, негаки иш ҳақи сақланмайдиган, муддати икки ҳафтадан кам бўлган таътиллар асосий таътилни олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига киритилади, икки ҳафтадан кўпи эса йўқ : 91-14 = 77 кун.

Энди ходимнинг иш даври меҳнат фаолияти бошланган санадан эмас, балки  77 кунга кечроқ – 17.10.2019 йилдан 16.10.2020 йилгача бошланади.         

Тахминан қуйидаги мазмунда буйруқ чиқаринг:

  • «В. A. Раҳимовга таътил тақдим қилиш учун иш даврини аниқлашда  янглишиб, 01.04.2020 йилдан 30.06.2020 йилгача иш ҳақи сақланмайдиган таътил муддати ҳисобга олинмаган –

БУЮРАМАН:

 1. 01.08.2020 йилдан 7-сонли навбатдаги таътил тақдим қилиш учун буйруқда иш даври:

 « _17.10.2019 йилдан 30.06.2020 йилгача» деб ўзгартирилсин.

2. Кадрлар бўйича  инспектор – ушбу ўзгаришларни кейинги аниқ ҳисоб учун Т-2 шаклидаги шахсий варақага киритсин.    

3. Бухгалтерия бўлими – иш ҳақи сақланмайдиган, муддати икки ҳафтадан кўп бўлган кунлар истисно қилинадиган  ҳисоб-китоб даврида иш ҳақи сақланмайдиган таътил даврини ҳисобга олган ҳолда таътил ҳақини қайта ҳисоблаб чиқсин».

 

Келгусида ҳам иш ҳақи сақланмайдиган муддати икки ҳафтадан кам бўлган кейинги таътилларни  беришда иш даврлари худди шу тартибда ўзгартирилади.

 

 

Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари /uz/publish/doc/text187751_ish_haqi_saqlanmagan_tatildan_keyin_ish_davri_uzgartirilmagan_bulsa1