Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Пенсионерни иш берувчининг ташаббусига кўра ишдан бўшатиш мумкинми
«Ходим ёшга доир пенсия олади. Кейинги вақтларда у жуда кўп касал бўлиб, доимо «касаллик таътилини» оладиган бўлди, бу эса иш натижаларига таъсир кўрсатмоқда. Уни пенсионер сифатида ишдан бўшатишга ҳақлимизми? Унинг ўзи ишдан бўшамоқчи эмас. Меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган».
Янги Меҳнат кодекси қоидаларини ҳисобга олган ҳолда бундай вазиятда иш берувчи қандай йўл тутиши кераклигини «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:
– Йўқ, иш берувчи ходим пенсия ёшига етганлиги сабабли у билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас. Янги МК бу позицияни иш берувчининг ташаббусига кўра ишдан бўшатиш учун асослар рўйхатидан чиқариб ташлади . Аммо бу иш берувчи ушбу ходим билан меҳнат шартномасини бошқа асослар бўйича бекор қила олмаслигини англатмайди.
1-вариант: томонларнинг келишувига кўра
Агар ходим ўз хоҳишига кўра ишдан бўшашни истамаса, унга меҳнат шартномасини томонларнинг келишувига кўра бекор қилишни таклиф қилиш мумкин .
Бундай ҳолда, агар иш берувчининг молиявий имкониятлари йўл қўйса, ходим учун қулай шартларни (масалан, ишдан бўшатиш муносабати билан маълум моддий ёрдам) назарда тутиш мумкин бўлган меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузилади. Аммо, агар ходим бунга қарши бўлса, ушбу асос бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиб бўлмайди.
2-вариант: меҳнат мажбуриятларини бузганлик учун
Агар ходим меҳнат интизомини бузса, меҳнат мажбуриятларини бажармаса ёки нотўғри бажарса, у билан меҳнат шартномаси меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги учун бекор қилиниши мумкин .
Ушбу асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш – бу интизомий жазо чорасидир . Шунинг учун янги МКнинг 313 ва 314-моддаларида белгиланган интизомий жавобгарликка тортишнинг МК томонидан белгиланган тартибига риоя қилиш керак. Бундан ташқари, янги МКнинг 161–165-моддаларига мувофиқ иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш учун талабларни бажариш керак.
3-вариант: «соғлиғи ҳолатига кўра»
Умумий белгиланган пенсия ёшига етган шахслар даврий тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Уларни иш берувчи ташкил этиши керак .
Бундай тиббий кўрик натижалари бўйича берилган тиббий хулосани диққат билан ўрганиб чиқинг. Агар ходим меҳнат фаолиятига тўлиқ қобилиятсиз деб эътироф этилса, у билан меҳнат шартномаси тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бекор қилинади . Ушбу асос бўйича ишдан бўшатилаётганда ходимга янги МКнинг 173-моддасига мувофиқ ишдан бўшатиш нафақаси тўланади.
Ёхуд ходимга тиббий хулосага мувофиқ енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсирини истисно этадиган, соғлиғининг ҳолати бўйича қарши кўрсатма бўлмаган ишга доимий ўтказиш тавсия қилиниши мумкин. Бу ҳолда иш берувчи вакант иш ўрни мавжуд бўлган тақдирда ходимни унинг розилиги билан шундай ишга ўтказиши шарт . Ходим бошқа ишга ўтказилишни рад этган тақдирда ёки иш берувчида бундай иш бўлмаса, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси МКнинг 143-модда 2-қисми бўйича бекор қилиниши мумкин. Ишдан бўшатилаётганда ходимга ишдан бўшатиш нафақаси ҳам тўланади. Бундан ташқари янги МКнинг 100-моддасига мувофиқ ходим соғлиғининг ҳолатига кўра бошқа ишга ўтишни рад этганлиги ёки иш берувчида тегишли иш мавжуд эмаслиги муносабати билан ишдан бўшатилаётганда ходимга моддий ёрдамнинг қўшимча кафолатлари тақдим этилади. Ходимда иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақининг ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобга олинган ҳолда, бироқ кўпи билан икки ойга сақланиб қолади.
Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўттиз календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, у маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган маълумотнома бўйича учинчи ой учун ҳам аввалги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга бўлади .
Аммо энди савол туғилади – бундай кафолатлар тегишли асосларда ишдан бўшатилган, аммо пенсия ёшига етган ва пенсия олаётган шахсларга бериладими? Янги МКнинг 100-моддасида бу ҳақда айтилмаган. «Аҳоли бандлигини таъминлаш тўғрисида»ги қонуннинг 49-моддасида эса янги Меҳнат кодексининг қабул қилиниши муносабати билан ҳали ўзгартириш ва тўлдиришлар киритилмаган.
Пенсия таъминоти ҳуқуқини олган шахслар ишсизлар деб эътироф этилиши мумкин эмас, тегишинча – ишсизлик нафақасини олмайди . Аммо бу – ишсизнинг яшаш жойи бўйича Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ишсизларга пул шаклида давлат томонидан кафолатланган ёрдамдир. Иш қидириш даври учун ўртача иш ҳақи эса иш берувчи томонидан аввалги иш жойи бўйича тўланади. Бундан ташқари Қонуннинг 28-моддасида маҳаллий меҳнат органларида иш қидираётган шахс сифатида ёшидан қатъи назар, меҳнат фаолиятини қайта тикламоқчи (давом эттирмоқчи) бўлган пенсионерлар рўйхатга олиниши мумкинлиги белгиланган.
Айтилганлардан келиб чиқиб иш берувчига – ушбу тўловларни амалга ошириш керакми ёки йўқлигига асос берадиган қонунчиликка аниқлик киритадиган тузатишлар киритиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу масалада аниқликнинг йўқлиги меҳнат шартномасининг иккала тараф ҳуқуқларига таъсир қилади.