Ижтимоий ҳимоя ягона реестридаги фуқаролар учун иш ўринлари яратган корхоналарга имтиёзлар

preview

Вазирлар Маҳкамасининг 07.07.2023 йилдаги 279-сонли қарори билан «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис» дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди.

 

Дастурда ходимларнинг камида 20 %ини ягона ижтимоий ҳимоя реестрига кирган  фуқаролар ташкил қилган корхоналар иштирок этишлари мумкин. Бунда фақат ушбу корхонада камида 1 йил ишлаган ходимлар ҳисобга олинади. Дастур иштирокчилари мақомини олиш учун ҳокимликлар ва вазирликлар билан ҳам ҳамкорлик тўғрисидаги шартномаларни тузиш керак.

Дастур иштирокчилари учун қуйидаги солиқ имтиёзлари назарда тутилган. Улардан баъзилари иш ўринлари сонига боғлиқ.

 

Мол-мулк солиғи ва ер солиғи ставкасини пасайтириш ёки ушбу солиқларни тўлашдан озод қилиш

51 тадан 100 тагача иш ўринларини яратган тадбиркорлар учун мол-мулк солиғи ва ер солиғи ставкалари 50 фоизга пасайтирилади.

101 тадан 200 тагача иш ўринларини яратган тадбиркорлар учун мол-мулк солиғи ва ер солиғи 75% га камайтирилади.

200 тадан ортиқ янги иш ўринларини яратган тадбиркорлар ушбу солиқларни тўлашдан озод қилинади.

 

Солиқлар ва божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш

Дастурда иштирок этаётган тадбиркорларга солиқ ва божхона тўловларини (ҚҚС ва солиқ агенти сифатида тўланган солиқлар бундан мустасно) таъминотсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тақдим қилинади. Тўлов муддати қуйидагича белгиланади:

  • 51 тадан 100 тагача янги иш ўринларини яратиш учун 3 ойга бўлиб-бўлиб тўлаш тақдим этилади;
  • 101 тадан 200 тагача янги иш ўринларини яратиш учун 6 ойга бўлиб-бўлиб тўлаш тақдим этилади;
  • 200 тадан ортиқ янги иш ўринларини яратиш учун 12 ойга бўлиб-бўлиб тўлаш тақдим этилади.

 

Солиқ текширувидан озод қилиш

Бундан ташқари, янги иш ўринларини яратишда баъзи солиқ текширувлари ўтказилмайди, хусусан:

  • 51 тадан 200 тагача янги иш ўринларини яратаётган тадбиркорларга солиқ текшируви ўтказилмайди.
  • 200 тадан ортиқ янги иш ўринларини яратаётган тадбиркорларга барча турдаги солиқ текширувлари ўтказилмайди.

Шунингдек, дастурга киритилган тадбиркорлар учун божхонада «яшил йўлак» режими амал қилади.