Вазирлар Маҳкамаси меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлаш тартибини тасдиқлади

preview

Меҳнат кодексининг 256-моддаси 4-қисмига мувофиқ Ўзбекистонда меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлаш тақиқланган, бундан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ҳоллар мустасно.

 Вазирлар Маҳкамаси 13.07.2023 йилдаги 286-сон қарор билан бундай ҳолларни ҳамда иш ҳақини натура шаклида тўлашга қўйиладиган бошқа талабларни белгилади.

 

Қонун ҳужжатлари янгиликларидан хабардор бўлиш учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Иш ҳақи икки ҳолда натура шаклида тўланиши мумкин:

  • ходим ёки унинг оиласи истеъмоли учун иш берувчи томонидан ишлаб чиқарилган ва етиштирилган озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳисоб-китоб қилиш;
  • ўзига хизмат кўрсатилиши ва уй хўжалигини юритишда кўмаклашиш мақсадида ёлланган ходимларга озиқ-овқат ва вақтинча яшаш учун уй-жой тақдим этиш шаклида ҳисоб-китоб қилиш.

Иш ҳақини натура шаклида тўлаш учун ходимнинг ёзма розилиги мавжуд бўлиши керак. Бундан ташқари, меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлаш тўғрисидаги қоида ходим билан тузиладиган меҳнат шартномасида ёзилган бўлиши керак.

Иш ҳақининг натура шаклидаги умумий суммаси 30 фоиздан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Агар ходимнинг иш ҳақи суммасидан 50 фоизгача миқдорда ушлаб қолинса, 10 фоиздан ортиқ бўлмаган суммани натура шаклида тўлаш мумкин.

Агар ходимнинг иш ҳақи суммасидан 50 фоиздан ортиқ миқдорда ушлаб қолинса – ходимга иш ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланади. Ҳатто ходим меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлашга ёзма равишда розилигини билдирган тақдирда ҳам қонун ҳужжатларининг ушбу меъёрларини бузиш мумкин эмас. 

Қуйидаги ҳолларда иш ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланади:

  • агар ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонунчиликда ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлса;
  • қишлоқ хўжалиги товар ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан таклиф этилаётган маҳсулотларни таннархидан юқори нархда;
  • алкоголь, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари, каннабис ўсимлиги ҳамда қонунда сотиш тақиқланган ўсимлик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан;
  • уй хизматчиларини ёллаган иш берувчилар томонидан тақдим этилаётган озиқ-овқатларни ҳамда уй-жойни ҳақиқий бозор нархидан юқори нархда.