Доимий меҳнат арбитражи: жамоавий меҳнат низоларини қандай ҳал қилиш тафсилотлари белгиланди

preview

Жамоавий меҳнат низоларини кўриб чиқиш бўйича доимий меҳнат арбитражи фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди. Тафсилотлар – Доимий асосда фаолият кўрсатувчи меҳнат арбитражи тўғрисидаги намунавий низомда. Намунавий низом Адлия вазирлиги томонидан 26.07.2023 йилдаги 3449-сон билан рўйхатга олинган.

 

Меҳнат қонунчилиги янгиликларидан хабардор бўлиш учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Доимий меҳнат арбитражи – тарафлар ўртасидаги жамоавий меҳнат низоларини ҳал қилиш учун доимий асосда фаолият олиб борувчи ва ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссия ҳузурида фаолият юритадиган орган. Бундай комиссиялар минтақа, тармоқ ёки маълум бир ҳудудда тузилади. Яраштириш комиссиясида медиатор (воситачи) ёрдамида ҳам келишувга эришилмаган низолар меҳнат арбитражига келиб тушади.

 

Эслатиб ўтамиз

Меҳнат кодексининг 573-моддасига кўра жамоавий меҳнат низосини тартибга солишнинг қуйидаги босқичлари назарда тутилган:

1) яраштириш комиссияси;

2) низони медиатор иштирокида кўриб чиқиш. Агар томонлар медиатор номзоди ҳақида келишишмаган бўлса, бу босқич ўтказиб юборилиши мумкин;

3) меҳнат арбитражи: вақтинчалик ёки доимий.

 

Арбитр сифатида давлат идоралари ва бошқа ташкилотларнинг мутахассислари жалб қилинади. Мажбурий шарт: олий маълумот ва меҳнат муносабатлари соҳасида камида 3 йиллик иш тажрибаси.

Меҳнат арбитражининг вазифалари:

  • жамоавий меҳнат низоси томонларининг мурожаатларини кўриб чиқиш;
  • жамоавий меҳнат низоси билан боғлиқ зарур ҳужжатлар ва маълумотларни олиш;
  • зарур ҳолларда давлат органлари, ҳокимликлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини жамоавий меҳнат низосининг юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий, иқтисодий ва бошқа оқибатлари тўғрисида хабардор қилиш;
  • коллектив меҳнат низосининг моҳияти тўғрисида қарор қабул қилиш.

Низолар кўриб чиқиш учун меҳнат арбитражига топширилиши мумкин:

  • агар низо медиатор томонидан кўриб чиқилган бўлса, лекин тарафлар келиша олмаса;
  • агар томонларнинг медиатор номзоди тўғрисидаги  келишувга эришиш муддати тугаган бўлса;
  • агар тараф низоли масалани воситачи билан ҳал қилишдан бош тортса.

Меҳнат арбитражига ариза беришдан олдин тарафлар арбитраж қарорини бажариш мажбуриятини назарда тутадиган келишув тузадилар.

Меҳнат арбитражидаги низо ҳудудий даражада – 5 иш кунигача муддатда, республика ва тармоқ даражасида – 10 иш кунигача ҳал қилиниши керак.

Меҳнат арбитражида низони кўриб чиқиш қуйидагилар сабаб якунланиши мумкин:

  • низони ҳал этиш бўйича томонларнинг келишуви билан;
  • тарафлардан бирининг ўз талабларидан воз кечиши билан;
  • низони тарафлардан бирининг фойдасига ҳал қилиш билан.

Меҳнат арбитражининг қарори тарафлар учун мажбурий саналади.

 

Манба.