Мавсумий ишларда банд бўлган ходим пенсияга чиқаётганда иш стажи ва ўртача иш ҳақи қандай ҳисобланади

preview

Тармоқнинг ўзига хос хусусиятларига (қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, мелиорация ва сув хўжалиги қурилиши, уй-жой коммунал хўжалиги ва бошқалар) қараб, муддатли шартнома бўйича ишларда банд бўлган одамлар бор.

Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларнинг пенсияга чиқишининг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида kadrovik.uz илтимосига кўра «Нормa» МЧЖ эксперти Зафаржон Хўжаев тушунтириш берди.

 

Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи умумий қоидаларга мувофиқ кучга киради:  

  • эркакларда — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;
  • аёлларда — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда .

Пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаганларга ёшга доир пенсия бор стажга мутаносиб миқдорда , камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда тайинланади .

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи қуйидагича аниқланади:

ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, меҳнат фаолиятининг охирги ўн йили давомидаги исталган кетма-кет беш мавсумдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақининг умумий миқдори олтмишга бўлинади .

Мавсумий ишларда банд бўлган ходимлар учун иш стажини ҳисоблаш учун имтиёз назарда тутилган. Яъни, тўлиқ мавсум давомидаги иш 1 йиллик иш учун, тўлиқ бўлмаган мавсумда эса ҳақиқий давомийликка қараб ҳисобга олинади.

Эътибор беринг
Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларнинг иш стажи бўйича имтиёз Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган мавсумий ишлар рўйхатига мувофиқ тақдим қилинади.

Мавсумий ишларда банд бўлган ходимлар ва мавсумий тармоқ, тўлиқ мавсум давомида иш йили сифатида пенсия тайинлаш учун стажга ҳисобланадиган иш бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

  • пахта тозалаш саноати корхоналаридаги иш:

– пахта хомашёсини қуритиш;
– пахта хомашёсини тозалаш;
– пахта хомашёсини юклаш ва тушириш;
– пахта хомашёсини пневмотранспортга юклаш;
– қуритиш ва тозалаш цехини тозалаш ва иситиш, ишлаб чиқариш чиқиндиларини йўқ қилиш;

  • шакар ва консерва саноати тармоқларида ишлаш;
  • ипак саноати корхоналари ва фермер хўжаликларида ишлаш.
Мисол

Ишчи 7 мавсум давомида пахта хомашёсини тозалашда банд эди.

Унга пенсия ҳисоблаб чиқаришда бу вақт иш стажида 7 йил сифатида ҳисобга олинади.

 

Алла РОМАШКО тайёрлади