Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Кимлар имтиёзлар бўйича уруш қатнашчиларига тенглаштирилади
Меҳнат кодексида 1941 – 1945 йиллардаги уруш иштирокчилари ва уларга имтиёзлар бўйича тенглаштирилган шахслар учун бир қатор кафолатлар мавжуд, аммо у ушбу тоифа мазмунини ошкор қилмайди. Уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар сирасига кимлар киради?
Саволга Норма мутахассиси, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
– Дарҳақиқат, Меҳнат кодексига мувофиқ 1941 – 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва имтиёзлар бўйича уларга тенглаштирилган шахслар маълум ижтимоий-меҳнат имтиёзлари ва кафолатларига эга. Хусусан:
- ходимларнинг сони (штат қисқариши) ўзгарганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги масала ҳал қилинаётганда тенг малака ва меҳнат унумдорлигида бошқа ходимларга қараганда уларга афзаллик берилади ;
- улар хоҳишига кўра ишга қабул қилингандан кейин олти ой ўтгунига қадар ҳар йилги меҳнат таътили олишга , шунингдек, таътилга унга қулай бўлган вақтда чиқишга ҳақли ;
- ходимнинг хоҳишига кўра иш берувчи иш ҳақи сақланмайдиган таътилни – ҳар йили ўн тўрт календарь кунгача тақдим қилишга мажбурдир .
Ким уруш иштирокчиси деб ҳисобланиши ва уларга тенглаштирилган шахслар доирасига кимлар кириши 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ томонидан тасдиқланган Низомда (кейинги ўринларда – Низом) белгиланган. Ушбу ҳужжат давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини назарда тутади. Низомга 1-сон иловада қуйидагилар кўрсатилган:
1941 – 1945 йиллардаги уруш, бошқа урушлар даврида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси мудофаасида ҳаракатдаги армия таркибига кирган ҳарбий қисмлар, штаб ва муассасаларда хизмат ўтаган ҳарбий хизматчилар пенсияга устама олишга ҳақли уруш қатнашчилари ҳисобланади.
Уруш иштирокчиларига тенглаштирилган шахсларнинг тўлиқ рўйхати эса қуйидагича кўринишда:
- 1941 йилнинг 22 июнидан 1954 йилнинг 31 декабригача бўлган даврда қирувчи батальонлар, взводлар ва халқни ҳимоя қилувчи отрядлар таркибида собиқ СССР ҳудудида жанговар ҳаракатларда иштирок этган шахслар;
- 1941 — 1945 йиллардаги уруш даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларида ёки яширин ишларда бўлган шахслар;
- 1941 — 1945 йиллардаги уруш даврида ҳаракатдаги армия таркибида ёки ҳаракатлар кетаётган жойларда хизматни ўтаган собиқ СССРнинг Ички ишлар вазирлиги органлари ва Давлат хавфсизлиги қўмитаси органларининг бошлиқлар ҳамда оддий ходимлар таркибидан бўлган шахслар;
- 1941 — 1945 йиллардаги уруш даврида ҳаракатдаги армия ва флотлар таркибидаги қисмлар ҳамда бўлинмаларда балоғат ёшига етгунга қадар полк ўғиллари ва юнгалар сифатида юрган шахслар;
- 1941 — 1945 йиллардаги уруш даврида темир йўлларнинг фронт яқинидаги участкаларида, мудофаа чизиғи иншоотларида ишлаган, ҳарбий-денгиз базалари, аэродромлар ҳамда ҳарбий ҳаракатлар кетаётган жойлардаги бошқа ҳарбий объектлар қурилиши ишларида қатнашган ходимлар;
- ҳаракатдаги армия таркибида ишлаган ёлланма ходимлар таркибидан бўлган шахслар;
- 1941 — 1945 йиллардаги уруш даврида фашист концлагерлари (гетто ва зўрлик билан ушлаб туриладиган бошқа жойлар)да бўлган (тутқунлар, шу жумладан, болалар) шахслар;
- Ленинград шаҳри қамали даврида шаҳарнинг корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида меҳнат қилган ва «Ленинград мудофааси учун» медали ҳамда «Қамалдаги Ленинград фуқаросига» нишони билан тақдирланган шахслар;
- 1956 йилнинг 24 октябридан 1956 йилнинг 10 ноябригача бўлган даврда Венгрия ҳудудидаги жанговар ҳаракатлар даврида ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасаларда хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар;
- ҳарбий ҳаракатлар кетаётган мамлакатларда ўз байналмилал бурчларини адо этган, тинчлик ўрнатувчи кучлар таркибида иштирок этган ҳарбий хизматчилар, ички ишлар ва Давлат хавфсизлик хизмати органларининг бошлиқлар ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахслар ҳамда хизмат сафарига юборилган ишчи ва хизматчилар.
Шахснинг уруш иштирокчиси эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар сифатида 1941 – 1945 йиллардаги уруш қатнашчисининг гувоҳномаси, интернационалист аскарларга бериладиган имтиёзлар ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома, шунингдек уруш иштирокчисига тенглаштирилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар қабул қилинади.