Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Касаба уюшмаси қўмитаси билан ходимни ишдан бўшатишни тўғри келишиш шартлари
«Иш берувчи ходимни прогул учун ўз ташаббусига кўра ишдан бўшатмоқчи. Агар меҳнат мажбуриятларини бузиш далили аниқ бўлса, ишдан бўшатишни ходимларнинг вакиллик органи билан келишиш керакми? Ушбу тартиб-таомил қандай ўтказилади?»
Саволларга «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
– Агар бу жамоа келишувида ёки жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса, ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи (ХВО) билан келишилиши зарур .
Бундай ҳолда, агар меҳнат шартномаларини қуйидагилар муносабати билан бекор қилаётган бўлсангиз, бундай органнинг розилигини олинг:
- технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ бўлган ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси), якка тартибдаги тадбиркор ходимлари сонининг ёки штатининг ўзгарганлиги ;
- ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги ;
- меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги ;
- меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги ;
- ўриндошлик асосида ишловчи шахс билан тузилган меҳнат шартномаси мазкур ишга ўзи учун асосий иш жойи бўлган ходим қабул қилиниши, шунингдек ўриндошлик асосида ишлашга чекловлар жорий этилганлиги муносабати билан .
Шундай қилиб, агар иш берувчи ходим томонидан меҳнат мажбуриятларини бузганлиги (прогул) тўлиқ тасдиқланган деб ҳисобласа ва ҳеч қандай шубҳа туғдирмаса, агар бу жамоа шартномаси ёки келишувда назарда тутилган бўлса, барибир ходимларнинг вакиллик органи розилигини олиш керак.
Ходимларнинг вакиллик органининг розилиги қачон талаб қилинмайди
Агар меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинса:
- ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарори билан тугатилганлиги ёхуд якка тартибдаги тадбиркор томонидан фаолиятнинг тугатилганлиги муносабати билан;
- ташкилот раҳбари, алоҳида бўлинма раҳбари билан МКнинг 161-модда 2-қисмида назарда тутилган ҳар қандай асослар бўйича;
- ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси МКнинг 489-модда 1-қисм 1-бандига мувофиқ ташкилот мулкдори ўзгарганлиги муносабати билан.
Келишиш тартиб-таомилини қандай ўтказиш керак
Ходимга эълон қилинган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддати тугашидан олдин, иш берувчининг ташаббуси билан ходимни ишдан бўшатишга розилик олиш тўғрисида ходимларнинг вакиллик органига ёзма тақдимнома йўлланг.
Тақдимномани ишга қабул қилиш ва меҳнат шартномаларини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан имзоланган ташкилот бланкида расмийлаштиринг. Унда ишдан бўшатилаётган ходимнинг Ф.И.Ш. ва уни ишдан бўшатишни режалаштиришга асос бўлган Меҳнат кодекси моддасини кўрсатинг. Тақдимномага меҳнат шартномасини бекор қилиш учун сабаб бўлган барча ҳужжатлар ва материалларни илова қилинг, рўйхатдан ўтказинг ва имзо остида ходимларнинг вакиллик органига топширинг.
Агар ташкилотда ходимларнинг манфаатларини касаба уюшмаси ифодаласа, ходимни касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишининг санаси ва жойи тўғрисида хабардор қилиш шарт. Бу Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг 23.05.2023 й. 9-5-сонли Қарорида назарда тутилган бўлиб, унда касаба уюшмаси органларида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномани кўриб чиқиш тартиби тасдиқланган.
Агар ишдан бўшатилаётган шахс касаллик туфайли йиғилишда қатнаша олмаса, касаба уюшмаси қўмитаси иш берувчининг тақдимномасини рад этади . Ходим иш қобилиятини тиклаганидан сўнг иш берувчи тақдимномани қайта юбориш ҳуқуқига эга. Агар ходим бошқа узрли сабабларга кўра (хизмат сафари, таътил ва ҳ.к.) касаба уюшмаси қўмитасининг йиғилишида қатнашиш имконига эга бўлмаса, бу ҳақда иш берувчига хабар қилиниб, йиғилиш бошқа вақтга кўчирилади. Санани кўчириш тақдимномани кўриб чиқиш учун назарда тутилган ўн кунлик муддат давомида амалга оширилади .
Агар ўн кунлик муддат тугагунга қадар ходимнинг иштирокини таъминлаш имконсиз бўлса, мажлис унинг иштирокисиз ўтказилади. Бунда ходим тадбирда масофадан туриб, видеоконференцалоқа орқали иштирок этиши мумкин.
Агар ишдан бўшатилаётган шахс йиғилишга узрли сабабсиз келмаса ёки касаба уюшмаси қўмитаси йиғилишида иштирок этишдан бош тортса, йиғилиш ходимсиз ўтказилади.
Ходимга ХВО йиғилишига таклифнома тўғрисидаги хабарномани «ХВОнинг чиқувчи ҳужжатлари» китобида рўйхатдан ўтказинг ва уни ходимга имзо остида топширинг. Агар у ишда кўринмаса, унга Т-2 шаклидаги шахсий варақада кўрсатилган манзил бўйича почта хабарномасини юбориш мумкин.
Хабарнома меҳнат шартномасини бекор қилишга сабаб бўлган асосий ҳужжатларга илова қилинади.
Агар ходим ХВО йиғилишига таклифнома тўғрисидаги хабарномани олишдан бош тортса, бу ҳақда далолатнома тузинг. Ушбу ҳужжат ходимга йиғилиш жойи, куни ва вақти тўғрисида ўз вақтида ва тўғри хабар берилганлигини тасдиқлайди.
ХВО йиғилишида унинг аъзолари ва ходимларидан ташқари ХВОга тўғри қарор қабул қилишда ёрдам берадиган бошқа ходимлар: юрист, кадрлар бўйича ходим, бухгалтер ва бошқалар ҳам иштирок этишлари мумкин.
ХВО йиғилишида протокол юритилади. Йиғилиш якунлари бўйича ХВО қарор қабул қилади ва бу ҳақда тақдимнома олинган санадан эътиборан ўн кун ичида ёзма шаклда иш берувчига хабар беради. Агар кўрсатилган муддат тугаганидан кейин касаба уюшмаси қўмитаси қабул қилинган қарор ҳақида хабар қилмаса, у ходим билан тузилган меҳнат шартномасини касаба уюшмаси қўмитасининг розилигисиз бекор қилишга ҳақли .
ХВО қарори қабул қилинган кундан бошлаб 1 ой ичида юридик кучга эга. Тегишинча, иш берувчи ижобий қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли .