Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Штат қисқаришида ходимларни қайта жойлаштириш қандай амалга оширилади
«Штат жадвалидан катта иқтисодчи лавозими чиқариб ташланиб, иқтисодчи лавозими қолдирилмоқда. Катта иқтисодчи лавозимини эгаллаб турган ходимнинг тажрибаси ва малакаси катта. Шунинг учун директор уни қолдириш ниятида.
Иқтисодчининг лавозими қисқартирилмаётган бўлса ҳам катта иқтисодчи ўрнига унинг ҳамкасбини ишдан бўшатиш мумкинми?"
Саволни kadrovik.uz илтимосига кўра «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА шарҳлади. У бунга йўл қўйиб бўлади деган фикрда.
– Ушбу тартиб-таомил ходимларни қайта жойлаштириш (қайта гуруҳлаш) деб номланади.
Ходимлар сони (штати) ёки иш хусусияти ўзгарганда иш берувчи бир турдаги касб ва лавозимлар доирасида ходимларни қайта жойлаштириш (қайта гуруҳлаш) ҳуқуқига эга.
Бундай ҳолда лавозими қисқартирилаётган юқорироқ малакали ходимни унинг розилиги билан бошқа бир турдаги лавозимга ўтказилади. Бу лавозимни эгаллаб турган кам малакали ходим билан эса меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси 2-қисмининг 2-бандига кўра бекор қилинади .
Ишдан бўшатишни қандай расмийлаштириш керак
Иқтисодчи билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқда ишдан бўшатишга асос билан бирга юқорида келтирилган ҳолатни кўрсатинг.
Буйруқ матнига мисол:
«Иқтисодчи Э. Э. Тошматов билан меҳнат шартномасини 2023 йил 25 октябрда, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисмининг иккинчи бандига кўра катта иқтисодчи лавозимининг қисқартирилиши ва шу сабабли амалга оширилган ходимларни қайта жойлаштириш муносабати билан бекор қилинсин».
Ходимларни қайта жойлаштиришда нималарни қилиш мумкин эмас
Қуйидагиларни ёдда тутиш муҳим:
1) қайта жойлаштиришга фақат бир турдаги касб ва лавозимлар доирасида йўл қўйилади. Шунинг учун, масалан, иқтисодчини ушбу лавозимга ўтказишда бухгалтерни ишдан бўшатиш ноқонуний ҳисобланади.
Бир турдаги лавозимлар, биринчи навбатда, бир хил ёки ўхшаш функциялар билан тавсифланади – малакадаги эҳтимолий фарқ билан (разряд, синф, тоифа). Муаммо ҳар бир алоҳида ҳолатда ходимларнинг меҳнат шартномалари шартларини таққослаш йўли билан ҳал қилинади. Бунда малака маълумотномалари, лавозим йўриқномалари ва ҳоказолардан фойдаланиш мумкин;
2) ходимларни қайта жойлаштириш – бу иш берувчининг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир.
Лавозими қисқартирилаётган юқорироқ малакали ходим (кўриб чиқилаётган мисолда – катта иқтисодчи) иш берувчидан қайта жойлаштиришни амалга ошириш ва ўзининг ўрнига ҳамкасбини ишдан бўшатишни талаб қила олмайди.
Меҳнат низоси юзага келган тақдирда, суд бундай тартиб-таомилнинг мақсадга мувофиқлигини муҳокама қилмайди.