Ходим тўсатдан вафот этганда меҳнат шартномаси қандай бекор қилинади

preview

«Ташкилот ходими тўсатдан вафот этди, аммо қариндошлари ўлим тўғрисидаги гувоҳномани олиб келишмаяпти.

Ушбу ҳужжатсиз ҳам меҳнат муносабатларини бекор қилишни расмийлаштириш мумкинми? Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида қайси сана билан буйруқ чиқариш керак? Барча керакли ёзувлар киритилгандан кейин иш берувчи  меҳнат дафтарчасини кимга бериши лозим

Бундай вазиятда иш берувчи қандай ҳаракат қилиши кераклигини «Норма» эксперти, юрист Ленара ҲИКМАТОВА тушунтирди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Ходимнинг ўлими – унинг меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 168-моддаси 1-қисмининг 8-бандига («тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар») мувофиқ бекор қилиш учун асос саналади.

Ходимнинг вафот этганлиги ваколатли давлат идораси томонидан белгиланган тартибда берилган ўлим тўғрисидаги гувоҳнома билан тасдиқланади .

Одатда, ўлим тўғрисидаги гувоҳнома марҳумнинг қариндошлари томонидан тақдим этилади. Агар қариндошлар бўлмаса ёки улар алоқага чиқмаса, иш берувчи ходимнинг ўлими тўғрисида ҳужжат бериш илтимоси билан тегишли ҳудудий фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини қайд этиш органига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини қайд этиш идорасига қуйидагиларни тақдим қилинг:

  • ўлим тўғрисидаги гувоҳномани оладиган вакилга иш берувчининг ишончномаси;
  • ўлим тўғрисидаги гувоҳномани бериш ҳақида сўров. Ҳужжат меҳнат муносабатларини тугатишни ҳужжатлаштириш учун зарурлигини, аммо уни бошқа йўл билан олиш имконсиз эканлигини кўрсатиш керак;
  • вафот этган ходимнинг меҳнат шартномаси нусхаси.

Олинган ўлим тўғрисидаги гувоҳнома асосида у тақдим қилинган кунда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ (фармойиш) чиқаринг. Ушбу ҳужжатда кўрсатилган ходимнинг вафот этган санаси меҳнат шартномасини бекор қилиш куни бўлади. Ушбу санани буйруқда ва вафот этган ходимнинг қоғоз меҳнат дафтарчасининг (агар мавжуд бўлса) 2-устунига ёзинг.

Шундай қилиб, меҳнат шартномасини бекор қилиш санаси буйруқнинг ўзидан анча эрта бўлиши мумкин.

Мисол

Ўлим тўғрисидаги гувоҳномага кўра ходим 11 январь куни вафот этган. Аммо иш берувчи ушбу ҳужжатни фақат бир ҳафта ўтгач – 18 январда олди. Иш вақтини ҳисобга олиш жадвалига мувофиқ ходимнинг иш жойида бўлишининг охирги куни – 10 январь.

Бундай ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ 18 январда – ўлим тўғрисидаги гувоҳнома олинган куни расмийлаштирилади. Буйруқда меҳнат шартномаси бекор қилинган кун бўлиб ўлим санаси  – 11 январь кўрсатилади.

Қоғоз меҳнат дафтарчасининг «Иш ҳақида маълумот» бўлимида тартиб рақами ва санаси кўрсатилгандан сўнг:

  • 3-устунга: «Меҳнат шартномаси бекор қилинди» ёзувини киритинг;
  • 4-устунда буйруқ санаси ва рақамини кўрсатинг.

Ходимнинг Т-2 шаклидаги шахсий варағига меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ёзув киритинг. Меҳнат шартномасини бекор қилишни my.mehnat.uz сайтида рўйхатдан ўтказинг.

 

Вафот этган ходимнинг ҳужжатларини нима қилиш керак

Меҳнат дафтарчасини ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхасини вафот этган ходимнинг оила аъзосига ёки қарамоғидаги шахсга беринг. Қариндошнинг шахси ва унинг вафот этган ходим билан қариндошлик алоқаси ҳужжат билан тасдиқланиши  керак. Масалан, эр-хотинлар учун бундай ҳужжат бўлиб никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, ота-она ва болалар, ака-ука ва опа-сингиллар учун-паспорт (ID-карта), туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома саналади.

Меҳнат дафтарчасининг берилишини умумий тартибда Меҳнат дафтарчалари ҳисобини юритиш китобининг 14-устунида акс эттиринг ва олувчидан унинг олинганлигини тасдиқлаш учун имзо қўйишини сўранг.

Қариндошнинг талабига кўра ҳужжатлар почта орқали юборилиши мумкин. Иш берувчида ҳужжатларни почта орқали юбориш қариндошнинг ўз хоҳиши бўлганлиги тўғрисида далил бўлиши учун ёзма ариза олиниши керак. Иш берувчи хатни олган шахс томонидан имзоланган почта шаклини олиши учун почтани «Почта жўнатмасини етказиб бериш тўғрисида хабарнома билан» юбориш тавсия этилади. Меҳнат дафтарчалари ҳисобини юритиш китобининг 14-устунида «меҳнат дафтарчаси» почта орқали юборилганлигини ёзинг ва почта жўнатмасининг реквизитларини кўрсатинг.

Агар меҳнат дафтарчасига ҳеч ким келмаса ва уни почта орқали юборишни талаб қилмаса, вафот этган ходимнинг яшаш жойига почта хабарномасини юборинг. Унда меҳнат дафтарчасига келиш ёки уни почта орқали юборишга розилик бериш зарурлигини кўрсатинг.

Талаб қилинмаган меҳнат дафтарчасини 2 йил давомида кадрлар бўлимида сақланг – ишлаётган ходимларнинг меҳнат дафтарчаларидан алоҳида. Агар икки йил давомида меҳнат дафтарчасини сўраб ҳеч ким келмаса, уни ташкилот архивига юборинг. У ерда ҳужжат 50 йил сақланади. Ушбу муддатдан кейин талаб қилинмаган меҳнат дафтарчаси йўқ қилиниши мумкин .

Вафот этган ходимнинг иш ҳақини нима қилиш керак, қариндошларидан қайси бири уни талаб қилиши мумкинлиги ҳақида ушбу мақолада ўқинг: Вафот этган ходимнинг иш ҳақи кимга берилиши керак.

 

 

Ўзбекистонда меҳнат шартномасини бекор қилиш – меҳнат шартномасини бекор қилиш шартлари, меҳнат шартномаларини бекор қилиш тартиби ҳақида батафсил ўзбекистонда меҳнат шартномасини бекор қилиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш Ўзбекистонда меҳнат шартномасини бекор қилиш. Бу ерда сиз меҳнат шартномасини бекор қилиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш жараёни қандай содир бўлиши ҳақида маълумот олишингиз мумкин /uz/publish/doc/text195944_hodim_tusatdan_vafot_etsa1