Бола парваришлаш таътилида бўлган ходимни ишдан бўшатиш

preview

Баъзан ходим бола парваришлаш таътилидан қайтмай, ўз хоҳишига кўра ишдан бўшашга қарор қилади.  Бу ҳолатда ишдан бўшатиш қандай расмийлаштирилади? Ходим 2 ҳафта ишлаб бериши керакми? Унинг ўрнига вақтинча ишга қабул қилинган ходим билан меҳнат шартномасини давом эттириш мумкинми? Мазкур саволларга “Норма” эксперти Ленара Ҳикматова жавоб берди:

 

Қонунчиликда бундай ҳолат учун махсус тартибга солиш механизми мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам кадрлар бўйича мутахассислар амалиётда ходим ўз ташаббуси билан  ишдан бўшаётганда Меҳнат кодексининг 99-моддасида ўрнатилган тартибга риоя қилишлари керак. Ҳаммасини босқичма-босқич кўриб чиқамиз.


Бола парваришлаш таътилида бўлган ходим ишдан бўшаш аризасини қандай топширади 

Меҳнат кодексининг 1-қисми 99-моддасига кўра, ходим иш берувчини ишдан бўшаш кутилаётган санадан 2 ҳафта аввал ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш ҳақидаги қароридан  ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

У ишга келиб, аризани шахсан топшириши ёки почта орқали юбориши ва унинг хати иш берувчи томонидан олингани ҳақида хабардор қилиниши мумкин. Хатни қабул қилиб олган масъул шахснинг имзоси ва санаси кўрсатилган почта милки  ходимда қолади ва ишдан бўшаш ҳақида ариза амалда тақдим этилганлигининг исботи ҳисобланади.


2 ҳафта ишлаб бериш керакми

Меҳнат қонунчилигида "ишлаб бериш" тушунчаси йўқ. Одатда иш берувчини ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида норасмий огоҳлантиришнинг 2 ҳафталик муддатни шундай деб аташади. Бироқ, ходим аризани таътилда ҳам бетоб бўлганида ҳам ёки бошқа ҳолатларда ҳам топшириши мумкин. Мазкур 2 ҳафта ушбу даврга киритилган, шунинг учун ходим ишга чиққандан  кейин уларни ишлаб беришга мажбур эмас.

Оддий вазиятда огоҳлантириш муддати иш берувчига бу вақт ичида ишдан бўшаётган  ходим ўрнига бошқасини топишга, бўшаётган ходимга эса  барча ишларини якунлашига имкон беради. Аммо "бола парваришлаш таътилида" бўлган ходим билан боғлиқ вазиятда бу ўз аҳамиятини йўқотади, чунки одатда  у таътилда бўлган даврда унинг ўрнига бошқа ходим ишга олинади.  Агар иш берувчи ариза берувчи кўрсатган санада меҳнат шартномасини бекор қилишга рози бўлса, мажбурий  икки ҳафталик огоҳлантириш даври қисқартирилиши мумкин . Бундан ташқари, томонларнинг ўзаро келишувига кўра  ишдан бўшатишни  аризани топширган кунда амалга ошириш мумкин.

Шу билан бир бирга "декретдаги ходим" асосли сабаб бўлмаса, иш берувчидан  ўзи истаган санада ишдан бўшатишни сўрашга ҳақли, аммо талаб қилишга ҳақи йўқ.  Агар бундай сабаблар  бўлса (масалан, доимий яшаш учун бошқа давлатга кетиш, сайланадиган лавозимга тайинланиш ва б.), иш берувчи меҳнат шартномасини талаб қилинган муддатда бекор қилиши шарт.

Ўз навбатида, иш берувчи ходимдан ишга чиқиб, 2 ҳафта ишлаб беришни талаб қилишга ҳақли эмас.   Ҳар қандай ҳолатда ҳам, огоҳлантириш даври ариза тақдим этилган кундан бошлаб ҳисобга олинади.


Ишдан бўшаган ходимга буйруқ нусхаси ва меҳнат дафтарчаси қандай қайтарилади

Шундай қилиб, ходимдан ариза қабул қилинди, рўйхатга олинди ва иш берувчи билан келишилди. Шундан кейин  Меҳнат кодексининг 107-моддасига мувофиқ стандарт мазмундаги ўз хоҳишга кўра ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ тайёрланади.

МКнинг 108-моддаси қоидаларига кўра, иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқнинг нусхаси ва меҳнат дафтарчасини бериши шарт. Лекин, ходим ҳужжатларни олиш учун ўша куни келмаслиги  ҳам мумкин. Бу ҳолатда нима қилиш керак?

Агар ходим ташкилотга кела олмаса, ишдан бўшатилган куни ишдан бўшатиш буйруғи нусхасини почта орқали юборишга йўл қўйилади.  Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ҳужжатларга хат жўнатилганини билдирувчи квитанция  ва хабарномани юбориш учун квитанция милкини қўшиш тавсия этилади. Яна бошқа усул ҳам бор: ходимнинг яшаш жойига курьерни юбориш ва тегишли далолатномани расмийлаштирган ҳолда буйруқ нусхасини унга топшириш.

Қоғоз меҳнат дафтарчаси  билан боғлиқ вазият  бир мунча фарқли: уни белгиланган манзилга етказиб беришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Шунинг учун меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг 3.3-бандига мувофиқ ҳаракат қилиш - ходим ишга келиб, меҳнат дафтарчасини олиши ёки уни почта орқали юборишга рухсат бериши ҳақида почта орқали ёзма хабарнома юбориш лозим. Бу хатни ишдан бўшатиш санасигача юборишга улгуриш керак, негаки ундан кейинги ҳар бир кун меҳнат дафтарчаси қайтаришни кечиктириш ҳисобланади .

Электрон меҳнат дафтарчасига келадиган бўлсак, ҳар бир ходим my.mehnat.uz сайтидаги "жисмоний шахснинг шахсий кабинети"га кириб, уни ўзи қоғозга чиқариб олиши мумкин.


Меҳнат дафтарчасини ходимнинг қариндошига бериш мумкинми

Амалдаги меҳнат қонунчилиги, ходимнинг қариндоши бўлса ҳам, унинг шахсини ва қариндошлик фактини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган бўлса ҳам, ходим учун учинчи шахс томонидан меҳнат дафтарчасини олиш имкониятини назарда тутмайди.

Нотариал тасдиқланган ишончномага биноан меҳнат дафтарчасини учинчи шахсга қайтариш мумкинми, деган савол очиқ қолмоқда, чунки меҳнат қонунчилиги уни бевосита тартибга солмайди. Бошқа томондан, бунга бевосита тақиқ ҳам йўқ. Шунинг учун ходимнинг меҳнат дафтарчасини унинг қариндошига беришга рози бўлар экан, иш берувчи барча масъулиятни зиммасига олади.


"Вақтинчалик" ходим қандай қилиб ишга қайта расмийлаштирилади

Агар декретдаги ходим бола парваришлаш таътилидан қайтмай туриб ишдан бўшаса, унинг ўрнига вақтинча ишга олинган ходим билан қандай йўл тутилади, деган савол туғилади. Уни ишдан бўшатиш керакми ёки меҳнат фаолияти давом эттириладими?

Асосий ходим  бўлмаган муддатга "вақтинчалик" ходимни ишга қабул қилишда муддатли меҳнат шартномаси "асосий ходим бола парваришлаш таътилидан қайтгунча” деган қайд билан расмийлаштирилади. Аммо бола парваришлаш таътилидаги ходим  таътилдан чиқмай ишдан бўшашга қарор қилгани учун “вақтинчалик” ходимни ишдан бўшатиш учун энди бошқа асос йўқ.  Бу ҳолда шартнома муддати номаълум муддатга узайтирилган деб тахмин қилинади. Лекин томонларнинг ўзаро розилиги билан у маълум муддатга қайта расмийлаштирилиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам  қўшимча келишув тузиб, бу ходим билан меҳнат шартномасига барча аниқлаштирувчи ўзгартиришларни киритишни маслаҳат берамиз".