Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Ходим электрон меҳнат дафтарчасидаги ёзувни қандай ўзгартириши мумкин
Ташкилотингиздаги ҳар бир ходим электрон меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни нафақат текшириши, балки нотўғри маълумотларни тузатиши ёки ўчириши ҳам мумкин. Буни қандай қилишни тушунтирамиз:
Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали «Ягона миллий меҳнат тизимидаги фаолият тўғрисидаги маълумотларни таҳрирлаш учун ариза юбориш» бўлимида ўзгартиришлар киритиш ёки нотўғри ёзувларни ўчириш мумкин.
Ходимлар учун йўриқнома:
1. OneID сервиси ёрдамида my.gov.uz сайтида авторизациядан ўтинг.
2. Хизматлар саҳифасига ўтинг – https://my.gov.uz/uz/service/859.
3. Хизмат ҳақидаги маълумот билан танишинг ҳамда «Хизматни олиш» тугмасини босинг.
4. Оммавий офертани ўрганиб чиқинг, рози бўлган тақдирингизда кейинги босқичга ўтинг.
5. «Аризачи ҳақида маълумот» саҳифасида етишмаётган маълумотни тўлдиринг ва кейинги босқичга ўтинг.
6. «Меҳнат фаолияти ҳақида маълумот» саҳифасида жадвалда меҳнат дафтарчасидаги ўзгартириш керак бўлган ёзувни танланг ва қалам белгисини босинг. Жорий ёзувдан ташқари барча ёзувлар таҳрирлаш учун очиқ. Агар ҳозирги иш жойингиз ҳақидаги ёзувга ўзгартириш киритишингиз керак бўлса, ташкилотингизнинг кадрлар бўлими ходимига мурожаат қилинг.
7. Очилган ойнада танланган давр ҳақида батафсил маълумот очилади. Бу ерда исталган сатрга ўзгартириш киритиш мумкин (ташкилотнинг СТИРи, бўлим номи, лавозим, қабул қилиш ва ишдан бўшатиш саналари, тегишли буйруқларнинг рақамлари ва саналари). Агар ҳамма ёзувни ўчириш керак бўлса, шакл охиридаги «Ўчириш» ҳаракатини танланг.
8. Текшириш учун ариза юборишдан аввал ўзгартиришлар киритиш зарурлигини тасдиқловчи ҳужжатларни юклашни унутмаганингизга ишонч ҳосил қилинг. Хатодан келиб чиқиб улар қуйидагилар бўлиши мумкин:
– меҳнат дафтарчасининг сканер қилинган нусхаси;
– ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш, ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқнинг сканер қилинган нусхаси;
– меҳнат шартномасининг сканер қилинган нусхаси.
9. Тузатилган хатонинг моҳиятини ёки ҳамма ёзувни ўчириш сабабини тушунтирган ҳолда «Изоҳ» бўлимини ўз сўзларингиз билан тўлдиринг.
10. Ариза 15 иш куни ичида кўриб чиқилади. Шундан сўнг натижаларни текширинг: билдиришнома ЯИДХПдаги шахсий кабинетга юборилади.
Эслатиб ўтамиз, ходим меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни my.mehnat.uz сайтидаги жисмоний шахснинг кабинети орқали ҳам текшириши мумкин. Кабинетга OneID идентификация қилиш сервиси орқали кириш мумкин.
Агар таҳрирлаш пайтида сизда саволлар туғилса, ЯММТ мутахассисларига Телеграм-канал ёки (71) 200-70-30 телефони орқали мурожаат қилинг.
- Ходимнинг аввалги иш стажи тўғрисидаги маълумотларни ЯММТга ким киритиши керак;
- Пенсияга чиқувчи етишмаётган иш стажини «сотиб олиши» мумкинми;
- Электрон меҳнат дафтарчасига маълумоти ҳақида ахборот киритиш;
- Янги МК ва ЯММТ: электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма чоп этиш тартиби;
- my.mehnat.uz сайтида «объективка»га тузатишлар киритиш тартиби.
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади