Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Ходимга қатъий ҳайфсан эълон қилиш мумкинми
«Ишга алкоголь ичимлигидан маст ҳолатда келганлиги учун ходимга қатъий ҳайфсан эълон қилинди. Агар иш берувчи бундай қилмиш учун «шунчаки ҳайфсан» етарли эмас деб ҳисобласа, бу қонунийми?»
Саволга kadrovik.uz илтимосига кўра «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди.
– Одатда, аксарият ташкилотлар ўз ходимларини умумий интизомий жавобгарликка тортиш ҳуқуқига эга, яъни уларга фақат Меҳнат кодексининг 312-моддаси 2-қисмида кўрсатилган интизомий чораларни қўллашга ҳақли:
- ҳайфсан;
- ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ҳоллари назарда тутилиши мумкин;
- меҳнат шартномасини МКнинг 161-моддаси 2-қисми 4 ва 5-бандлари бўйича бекор қилиш.
Меҳнат кодексининг 312-моддаси 2-қисмида кўрсатилган интизомий жазо чораларидан ташқари бошқа жазо чораларини қўллаш тақиқланади. Демак, ходимга «қатъий» таърифисиз ҳайфсан эълон қилиш мумкин.
Шунингдек, умумий интизомий жавобгарликда «огоҳлантириш», «танбеҳ», «сингдириш» ва ҳоказо каби жазолар мавжуд эмас.
Умумий интизомий жавобгарлик билан бир қаторда махсус жавобгарлик ҳам мавжуд. Махсус интизомий жавобгарлик ходимларнинг алоҳида тоифаларига нисбатан амал қилади ва тегишли қонун, устав ва интизом ҳақидаги низомда назарда тутилган интизомий чораларни қўллашдан иборат .
❖
Умумий ва интизомий жавобгарлик ўртасидаги фарқлар ҳақида «Интизомий жазо сифатида ходимнинг лавозимини пасайтиришга йўл қўйиладими» мақоласида ўқинг.
Кўриб чиқилаётган интизом тўғрисидаги устав ва низомлар – бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўлиб, улар:
– иқтисодиётнинг муайян тармоқлари ходимларининг айрим тоифаларига, шунингдек айрим давлат органларининг ходимларига нисбатан татбиқ этилади, улар томонидан меҳнат интизомининг бузилиши ўта оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
– Интизом тўғрисидаги уставлар ва низомлар Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Президентининг фармонлари, қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланади .
Мисол учун, божхона ходимларига нисбатан божхона органларининг интизомий Низоми амал қилади . Ушбу Низомнинг 28-бандида божхона органи ходимларига нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган интизомий чоралар рўйхати белгиланган. Бундай чоралар сирасида шунчаки ҳайфсан билан бирга қатъий ҳайфсан ҳам кўрсатилган.
Шунингдек, қатъий ҳайфсан, масалан, Миллий гвардия ходимига эълон қилиниши мумкин. Бу ҳақда Миллий гвардия ходимларининг интизомий Низомининг 27-бандида сўз боради .
Шундай қилиб, фақат алоҳида интизомий жавобгарлик амал қиладиган ходимларнинг айрим тоифаларига қатъий ҳайфсан эълон қилиш мумкин ва қатъий ҳайфсан интизом тўғрисидаги тегишли қонун, устав ёки низом билан мумкин бўлган интизомий чоралар сирасида кўрсатилган.
Иш берувчи учун оқибатлари
Ходимга Меҳнат кодекси, бошқа қонунлар, устав ёки интизом тўғрисидаги низомда назарда тутилмаган жазо қўлланилса, иш берувчининг айбдор мансабдор шахси МЖТКнинг 49-моддаси бўйича жаримага тортилиши мумкин.
Қандай тузатиш керак
Агар интизоий қилмиш аниқланганидан кейин бир ойдан кўп вақт ўтмаган бўлса, аввалги буйруқни бекор қилиш ва тўғри интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида буйруқ чиқариш керак .
Агар бир ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса, шунчаки интизомий жазо қўллаш тўғрисидаги буйруқни бекор қилишга тўғри келади. Меҳнат кодексининг 314-моддаси 1-қисмига мувофиқ жазо бевосита интизомий қилмиш аниқлангани сабабли, аммо у аниқланган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай, ходимнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврини ёки унинг таътилда бўлишини ҳисобга олмаганда қўлланади.
❖
Шунингдек ўқинг, интизомий жазо қўлланган вақтда мукофотдан ҳам маҳрум қилиш мумкинми.