Ходимнинг талабига кўра меҳнат шартларини қандай ўзгартириш керак
Тавсияномада:
– қандай ҳолларда ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли;
– ходимнинг талабига кўра меҳнат шартларини ўзгартиришни қандай расмийлаштириш керак.
Қандай ҳолларда ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли
Ходим иш берувчидан қуйида назарда тутилган ҳолларда меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилиш ҳуқуқига эга:
- меҳнат тўғрисидаги қонунчилик;
- ташкилотнинг ички ҳужжатларида, жамоа шартномаларида;
- меҳнат шартномасида МК 136-м..
Агар қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар тўғрисида гапирадиган бўлсак, мисол сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:
- меҳнат кодексининг 398-моддаси ишлаган вақтига мутаносиб ҳақ тўланадиган тўлиқсиз иш вақтини белгилашни талаб қилиш ҳуқуқини тақдим этади:
– ҳомиладор аёлга;
– ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бирига (ота-она ўрнини босувчи шахсга);
– оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётган шахсга, тиббий хулосага мувофиқ.
Бундай ҳолда ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш тўғрисидаги талаби (тўлиқ бўлмаган иш куни ёки тўлиқ бўлмаган иш ҳафтасини белгилаш) қонунга кўра иш берувчи учун мажбурийдир. Ва бу, ушбу ходим ишга қабул қилинганда иш вақти тўлиқ кунлик қилиб келишилганлигига қарамасдан қуйидагиларга;
- ташкилот ходимига бажараётган ишларига нисбатан қарама-қарши бўлмаган II гуруҳ ногиронлиги белгиланган. Ушбу ходим иш берувчидан қуйидагиларни талаб қилиш ҳуқуқига эга:
– меҳнат ҳақини камайтирмасдан иш вақтининг давомийлигини қисқартирилган ҳолда (ҳафтасига 36 соатдан кўп бўлмаган) белгиланишини МК 427-м.;
– давомийлиги камида 30 календарь кунлик узайтирилган йиллик меҳнат таътили тақдим этилишини МК 429-м..
Бундан ташқари иш берувчи ногирон ходим учун тузилган тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг, хусусан, иш юкламаларини камайтириш бўйича тавсияларига амал қилиши шарт;
- ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онадан бирига (ота-она ўрнини босувчи шахсга) ойига қўшимча бир дам олиш куни берилишини талаб қилишга ҳақли. Ушбу кун учун ходимга давлат ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан шу вақт учун бир кунлик иш ҳақи миқдорида нафақа тўланади МК 399-м.;
- ходим иш ва ўқишни бирлаштириш ниятида олий таълим муассасасига ўқишга кирди. Шундай қилиб, у таълим ташкилотиларида ўқиш билан боғлиқ бўлган қонунчиликда назарда тутилган имтиёзларга эга бўлади. Баъзи имтиёзларни тақдим этиш ушбу ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Жумладан, Меҳнат кодексининг 383-моддаси 2-қисмига кўра ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ходимларга иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ўқув таътили, қисқартирилган иш ҳафтаси берилади.
Ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган қўшимча ҳолатлар ташкилотнинг жамоа шартномасида ёки бевосита меҳнат шартномасида белгиланиши мумкин. Шундай қилиб, жамоа шартномасида, масалан, Меҳнат кодексида назарда тутилган ҳолларга қўшимча равишда ходимнинг илтимосига кўра тўлиқ бўлмаган иш вақтини белгилаш кўзда тутилиши мумкин, жумладан:
- штат жадвали ўзгариши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддати даврида;
- ишлайдиган эркакларга хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида ва бошқа ҳолатларда.
Бу ҳолда ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш тўғрисидаги ҳуқуқи ташкилот томонидан белгиланган қўшимча кафолат сифатида кўрилади. Иш берувчи уларни тақдим этишни рад этиш ҳуқуқига эга эмас.
Ходимнинг талабига кўра меҳнат шартларини ўзгартиришни қандай расмийлаштириш керак
Ходим иш берувчи номига иш шартларини ўзгартириш тўғрисидаги ўз талабининг сабабларини ёзма равишда кўрсатган ҳолда ариза билан билдириши керак.
Аризага қўшимча равишда, керак бўлган ҳолларда, у меҳнат шартларини ўзгартириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиши керак. Масалан, тиббий хулосани, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсиясини, оиланинг бетоб аъзосини парваришлаётганлиги тўғрисидаги маълумотномани, боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини ва бошқаларни. Агар ҳужжатлар бўлмаса ёки улар сохта/ёлғон бўлса, иш берувчи ходимнинг талабини рад этишга ҳақли.
Ходим томонидан берилган ариза у берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши керак МК 136-м. 2-қ.. Меҳнат кодексида ходим ўз аризасини кимга топшириши кераклиги аниқ кўрсатилмаган, буни ички қоидалар билан тартибга солиш мумкин. Масалан, жамоа шартномасида ёки бошқа ички ҳужжатларда иш берувчига ариза бериш ва уларни ваколатли шахс (қабулхона котиби, кадрлар бўлими, ходимнинг бевосита раҳбари ва бошқалар) ёки бўлим томонидан қабул қилиниши тартиби ёзиб қўйилади.
Уч кунлик муддат календарь кунларда ҳисобланади. Шунингдек, унга ташкилот учун ишланмайдиган кунлар ҳам киради. Масалан, ариза 1-санада жума куни топширилган, аризани кўриб чиқишнинг охирги куни 4-сана бўлади, яъни душанба куни бўлади. Бунда, агар муддатнинг сўнгги куни ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади МК 9-м. 6-қ.. Масалан, ходим чоршанба куни меҳнат шартларини ўзгартириш учун ариза берди. Иш берувчи томонидан кўриб чиқиш муддати пайшанба куни бошланади ва шанба куни тугайди. Агар корхонада беш кунлик иш ҳафтаси бўлса, аризани кўриб чиқишнинг охирги муддати душанба куни бўлади.
Ходимнинг аризасини кўриб чиқиш якунига кўра иш берувчи ходимнинг талабларини қаноатлантиради ёки уларни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади:
- ходимнинг талабларини қаноатлантириш рад этилган тақдирда, ходимга рад этиш сабаби ёзма шаклда хабар қилиниши керак. Бунда рад этиш сабабларини хабар қилмаслик ходимнинг шикоят қилиши учун монелик қилмайди МК 136-м. 3-қ.;
- агар ходимнинг талаблари қаноатлантирилса, меҳнат шартларини ўзгартиришни расмийлаштириш лозим бўлади. Расмийлаштириш меҳнат шартларини ўзгартириш қоидаларининг қаерда белгиланганлигига боғлиқ бўлади:
– агар меҳнат шартномасида бўлса – унга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қўшимча келишув тузилади МК 149-м. 2-қ.. Қўшимча келишув асосида меҳнат шартларини ўзгартириш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилади МК 149-м. 1-қ.;
– агар ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилмаган бўлса – бу ҳолатда фақат буйруқ расмийлаштирилади ва ушбу буйруқ билан ходим имзо қўйдириб таништирилади.
Бунда агар иш вақтини ўзгартириш доимий равишда амалга ошириладиган бўлса, ушбу ходим учун меҳнат шартномасига индивидуал иш тартибини кўрсатган ҳолда қўшимча келишув тузиш керак бўлади.
- Иш берувчининг ташаббусига кўра ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини қандай ўзгартириш мумкин
- Меҳнат шартларини ўзгартириш умумий тартиби
- Ходим меҳнат қиладиган жойни қандай ўзгартириш керак
- Ходим билан меҳнат шартномасини қандай асосларга кўра бекор қилиш мумкин
- Ташкилот мулкдори ўзгарганда ёки у қайта ташкил этилганда, идоравий мансублиги (тобелиги) ўзгарганда ходимлар билан нима қилиш керак
Телеграм канали