Июнь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
ЯММТда таътилни рўйхатдан ўтказиш учун яна бир бор янги функциялар жорий этилди. Бу сафар тизимга иш берувчининг ички ҳужжатлари билан белгиланган узайтирилган таътилни алоҳида рўйхатдан ўтказиш, шунингдек ҳар йилги таътилнинг пулли компенсация билан алмаштириладиган кунларини кўрсатиш имконияти қўшилди. Кадрлар бўйича мутахассислар учун бу тизимда нафақат мажбурий, балки ички ҳужжатларда ўрнатилган таътил бериш шартларини ҳам аниқроқ акс эттириш мумкинлигини англатади. Батафсил – материалда.
Ички ҳужжат асосида белгиланган узайтирилган таътилнинг акс эттирилиши
Меҳнат таътилини рўйхатдан ўтказиш бўлимида «Ички ҳужжат асосидаги узайтирилган таътил» банди пайдо бўлди. У ташкилотда жамоа шартномаси, ички ҳужжатлар ёки меҳнат шартномасига мувофиқ ходимлар учун қонунчиликда назарда тутилган базавий давомийликдан фарқ қилувчи узайтирилган таътил давомийлиги белгиланган ҳолларда керак бўлади. Эндиликда бундай давомийликни тизимнинг стандарт параметрларига мослаштирмасдан, қўлда киритиш мумкин.
Kadrovik.uz тавсия қилади
Таътилнинг бир қисмини пулли компенсация билан алмаштириш
Яна бир янгилик таътилнинг бир қисмини пулли компенсация билан алмаштиришга тааллуқлидир. ЯММТда «Пулли компенсация билан алмаштириладиган таътил кунлари сони» майдони қўшилди. Агар ходим таътилдан тўлиқ фойдаланмасдан, кунларнинг бир қисмини пул шаклида олмоқчи бўлса, тизимда таътилнинг умумий давомийлигини ва компенсация қилинадиган кунлар сонини кўрсатиш лозим. Бундан сўнг калькулятор таътилнинг ҳақиқий саналарини ва ишга чиқиш санасини автоматик равишда аниқлайди.
Эътибор беринг
Вояга етмаган ходимларнинг, I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларнинг ижтимоий таътилларини, шунингдек МК 481 ва 483-моддаларида назарда тутилган ҳар йилги узайтирилган асосий таътилларни ва қўшимча таътилларни пулли компенсация билан алмаштириш мумкин эмас. Бундай таътиллардан асли ҳолида фойдаланилиши шарт.
Маълумот учун: аввалроқ ЯММТда маълумотларни солиқ базаси билан солиштириш функцияси ишга туширилган эди.
Аввалроқ тизимда маълумотларни солиқ базаси билан солиштириш ва декрет тўловларини онлайн-мониторинг қилиш функцияси йўлга қўйилган эди. Ўшанда my.mehnat тизимида меҳнат шартномалари, ҳисобланган иш ҳақи ва солиқ ҳисоботлари тўғрисидаги маълумотлар ўртасидаги тафовутлар автоматик равишда аниқлана бошлаган, шунингдек ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларининг ҳолати ва суммаси акс эттирилган эди. Ушбу ўзгаришлар иш берувчиларга тизимдаги кадрларга оид ва ижтимоий маълумотларнинг тўғрилигини назорат қилишни осонлаштиришга қаратилган эди. БАТАФСИЛ БИЛИШ>>>