Иш вақтини ҳисобга олиш табелини қандай юритиш керак
Тавсияда:
- иш вақтини ҳисобга олиш табели нима учун керак
- табелни ким тўлдиради
- табель қандай ва қайси шаклда юритилади
- табелни тўлдириш бўйича қадамма-қадам йўриқнома
- табелда алоҳида даврларни қандай акс эттириш керак
Иш вақтини ҳисобга олиш табели нима учун керак
Иш берувчи ҳар бир ходимнинг иш вақтини ҳисобга олишни ташкил этиши шарт
. Бу қуйидагиларни назорат қилиш учун керак:
- ходимларнинг ишга ўз вақтида келиши ва иш куни (смена) тугагандан сўнг ишдан кетиши;
- иш вақти ва ишдаги танаффуслардан тўғри фойдаланиш;
- ходим томонидан нормал меҳнат шароитида ва нормал шароитлардан четга чиқишда (бекор туриб қолишлар, «ортиқча иш », тунги вақтдаги иш, дам олиш ва байрам кунларидаги иш ва ҳ.к.) ҳақиқатда ишлаб берилган вақт.
МК иш берувчини ходимларнинг иш вақтини ҳисобга олишни юритишга мажбур қилади, лекин буни айнан табелларда қилишни белгиламайди. Бу бошқа ҳужжатлар (журналлар, карточкалар), шу жумладан электрон ҳужжатлар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бу мақсадларда аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситалардан фойдаланишга рухсат этилади
. Шунинг учун ҳар бир ташкилот ҳар бир ходим ишлаб берган вақтни қаерда ва қандай усулда қайд этишни мустақил равишда ички тартибда белгилашга ҳақли.
Бироқ амалиётда иш вақтини ҳисобга олишнинг энг мақбул ва қулай шакли, одатда энг кўп қўлланиладигани айнан табелдир. Шунинг учун кейинги ўринда ушбу ҳужжатни юритишнинг барча нозик жиҳатларини кўриб чиқамиз.
- Табелда қуйидагилар ҳисобга олинади:
- ҳақиқатда ишлаб берилган иш вақти, яъни ходим ҳақиқатан иш жойида бўлган ва ўз меҳнат мажбуриятларини бажарган вақт;
- иш ҳақиқатда бажарилмаган, лекин иш вақтига қўшиладиган алоҳида даврлар (ходимнинг айбисиз юз берган бекор туриб қолиш даврлари, болани овқатлантириш учун танаффуслар ва б.);
- ходим ишламаган, лекин иш жойи (лавозими) сақланиб қолган даврлар – таътиллар, давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажариш вақти ва б.
Ўз навбатида бундай даврларнинг барчасини қайд этиш бухгалтерияга ходимларга у ёки бу тўловларни: маош, устамалар, таътил пули, хизмат сафари харажатлари, компенсацияларни ва б.ни тўғри ҳисоблашга ёрдам беради.
Табелни ким тўлдиради
Иш берувчи ходимларнинг иш вақтини ҳисобга олишни юритишни ташкил этиши шарт. Шунинг учун у иш вақтини ҳисобга олиш табелини қайси мутахассис (ёки ташкилот бўлими) юритишини аниқ белгилаши лозим. Буни ушбу вазифа юкланадиган ходимнинг Ф.И.Ш.ни кўрсатган ҳолда махсус буйруқ чиқариш орқали расмийлаштириш мумкин. Шунингдек, бу масалани корхонанинг ички ҳужжатида, масалан, (кадрлар) иш юритиш тўғрисидаги Низомда, Таркибий бўлинма тўғрисидаги Низомда ва б. тартибга солиш мумкин.
Агар ташкилотда лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилган бўлса, иш вақтини ҳисобга олиш табелини юритиш мажбурияти тегишли лавозим (мутахассислик/касб) бўйича лавозим йўриқномасига киритилиши керак. Масъул ходимни юқорида кўрсатилган ҳужжатлар (буйруқ, ички ҳужжат ёки лавозим йўриқномаси) билан имзо қўйдириб таништириш керак, токи у ўзига табелни юритиш мажбурияти юкланганини билсин. Агар ташкилотда лавозим йўриқномалари бўлмаса – табелни юритиш мажбурияти бевосита ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилади.
Табель қандай ва қайси шаклда юритилади
Одатда, табелни ҳар ойда тузишади, чунки бухгалтерия ходимларга ой якунлари бўйича иш ҳақи ҳисоблайди.
Табелнинг қонун билан белгиланган шакли йўқ. Уни ўзингиз мустақил равишда, ташкилотингиздаги фаолиятнинг ўзига хослиги ва иш вақти режимидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқишингиз мумкин.
Ҳисобга олиниши лозим бўлган барча вақт даврлари табелда шартли ёки рақамли (кодли) белгилар билан белгиланади. Яъни, бу у ёки бу иш даврларининг қисқартирилган белгиларидир. Қисқартмаларни қўллаш табелни ортиқча юкламаслик учун қулайдир.
Шартли белгилар ходим ташкилотда бўлган ёки йўқ бўлган сабабни кўрсатади. Қонун билан бундай белгилар тасдиқланмаган. Ҳар бир ташкилот уларни табель учун мустақил равишда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳуқуқига эга. Лекин табелни тўлдириш ва ундан фойдаланишда муаммолар ва тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун албатта ҳар бир код изоҳини кўрсатинг.
Мана ташкилотингиз учун асос қилиб олишингиз мумкин бўлган тахминий белгилар.
|
Вақт даврлари |
Код |
|
|
|
ҳарфли |
рақамли |
|
Иш соатлари (кундузги, кечки) |
К(келиш) |
01 |
|
Тунги иш соатлари
|
Т |
02 |
|
Дам олиш, байрам кунларидаги иш соатлари
|
ДИ |
03 |
|
Иш вақтидан ташқари соатлар |
И |
04 |
|
Хизмат сафари |
Х |
05 |
|
Йиллик асосий ҳақ тўланадиган таътил
|
АТ |
06 |
|
Қонунчилик, меҳнат ёки жамоа шартномаси ёхуд бошқа ички ҳужжатда назарда тутилган ҳар йилги қўшимча ҳақ тўланадиган таътил
|
ҲҚ |
07 |
|
Иш ҳақи сақланган ҳолда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқув таътили
|
Ў |
08 |
|
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили
|
Т |
09 |
|
2 ёшгача бўлган болани парваришлаш учун қисман ҳақ тўланадиган таътил |
ҚТ |
10 |
|
2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган таътил
|
ТЖ |
11 |
|
Иш берувчи билан келишув бўйича ходимга берилган иш ҳақи сақланмайдиган таътил
|
ИТ |
12 |
|
Ходимнинг талабига биноан мажбурий тартибда бериладиган иш ҳақи сақланмайдиган таътил
|
ТТ |
13 |
|
Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик |
К |
14 |
|
Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда нормал иш куни давомийлигига нисбатан қисқартирилган иш вақти давомийлиги
|
ҚИ |
15 |
|
Иш берувчининг айби билан бекор туриб қолиш вақти |
ИБП |
16 |
|
Иш берувчи ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолиш вақти |
ХБП |
17 |
|
Ходимнинг айби билан бекор туриб қолиш вақти |
АБ |
18 |
|
Иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан четлаштириш (ишга қўйилмаслик)
|
СЧ |
19 |
|
Иш ҳақи ҳисобланмасдан ишдан четлаштириш (ишга қўйилмаслик) |
ИЧ |
20 |
|
Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик (давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш, жамият манфаатларидаги ҳаракатлар: фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, табиий офатлар оқибатларини тугатиш ва ҳ.к.) |
Ч |
21 |
|
Прогуллар (бутун иш куни давомида узрсиз сабабларга кўра ишга чиқмаслик ёки бутун иш куни давомида узрсиз сабабларга кўра ___ соатдан ортиқ (узлуксиз ёки жамланган ҳолда) ишда бўлмаслик, тиббий ҳушёрхонада бўлиш ва бошқа узрсиз сабабларга кўра ишга чиқмаслик)
|
П |
22 |
|
Дам олиш кунлари (ҳафталик дам олиш учун) ва байрам кунлари
|
Д |
23 |
|
Президент Фармонлари билан белгиланган қўшимча дам олиш кунлари
|
ҚД |
24 |
|
Қўшимча дам олиш кунлари (ҳақ тўланмайдиган)
|
ҲТ |
25 |
|
Аниқланмаган сабабларга кўра ишга чиқмаслик (ҳолатлар аниқлангунга қадар)
|
АИ |
26 |
Иш вақтини ҳисобга олиш табелини тузиш ва тўлдириш бўйича босқичма-босқич йўриқнома
Табелни қандай тўлдиришни намуна мисолида кўрсатамиз. Сиз ушбу намунани асос қилиб олишингиз ва зарур бўлганда, ташкилотингиз фаолияти хусусиятлари ва амалдаги иш вақти тартибидан келиб чиқиб, бланкни ўзгартиришингиз ёки бошқа устунлар билан тўлдиришингиз мумкин.

Биринчи қадам. Ташкилот номини кўрсатинг. Агар сиз табелни бутун ташкилот бўйича эмас, балки алоҳида бўлинма учун юритаётган бўлсангиз, буни пастдаги устунда кўрсатинг.

Иккинчи қадам. Ҳужжатнинг тартиб рақами ва тузилган санасини киритинг.

Табель рақами жорий ойнинг охирги кунидаги ҳолат бўйича корхонада ички ҳужжатларни рақамлаш тартибига риоя қилинган ҳолда берилади.
Учинчи қадам. Ҳисобот даврини танланг. Одатда бу ҳисобот даврининг бошланиши ва тугаши оралиғидаги вақт. Бизнинг мисолимизда – бу бир ойлик давр, 1 майдан 31 майгача.

Тўртинчи қадам. Ходим ҳақидаги маълумотларни киритинг: Ф.И.Ш. (фамилияси, исми, шарифи) ва лавозими (касби, мутахассислиги).

Ҳар бир ходимга табелда алоҳида қатор ва алоҳида табель рақами берилади, бу рақам у ишга қабул қилинганда берилади. Бу рақам меҳнат ва иш ҳақини ҳисобга олиш бўйича барча ҳужжатларда қўйилади ва одатда меҳнат шартномаси тугагандан кейин камида 1-2 йил давомида сақланади. Тегишинча, ходим табелга тартиб рақами билан эмас, балки табель рақами кўрсатилган ҳолда киритилади.
Бешинчи қадам. Ой саналари бўйича соатлар ва ишга келиш ҳақидаги маълумотларни киритинг. Табелни юритишнинг энг тушунарли ва кенг тарқалган усули – ишга келиш ва келмасликни тўлиқ қайд этиш усули бўлиб, бунда ҳар бир катакча ўз коди билан тўлдирилади. Яъни, табелда ходим томонидан ҳақиқатда ишлаб берилган вақт, шу жумладан иш вақтидан ташқари ишлаган вақти, бекор туриб қолиш вақти, дам олиш кунлари, таътиллар, прогуллар ва ҳоказолар ҳақида ҳар куни белгилар қўйилади. Нормал 8 соатлик иш куни бўлганда «К» ёки «01» қўйилади, пастида 8. 6 кунлик иш ҳафтасида – 7, иш вақтини жамлаб ҳисобга олишда – 12 соатдан кўп бўлмаслиги керак.
![]()
Олтинчи қадам. Ҳисобот даври учун ишга келган кунларнинг якуний сонини ҳисобланг. Олинган рақамни 6-устунда кўрсатинг.

Еттинчи қадам. Ишга келмаслик сабаблари ва давомийлиги ҳақидаги маълумотларни киритинг. Бу устун ходим иш жойида бўлмаган ҳолларда тўлдирилади. Ишга келмаслик сабабини билдирувчи кодни, шунингдек ўтказиб юборилган кунлар ва соатлар сонини қўйинг. Бизнинг мисолимизда ходим май ойида 4 кун навбатдаги меҳнат таътилида бўлган. Бу ҳақдаги маълумотни 7-8-устунларга киритиш керак. Агар сиз ходимнинг ишга келмаслик сабабини билмасангиз, «АИ» (26) кодини қўйинг – «Аниқланмаган сабабларга кўра ишга келмаслик (ҳолатлар аниқлангунга қадар)».

Саккизинчи қадам. Ҳисобот даври учун ишланган соатларнинг якуний сонини ҳисобланг. Олинган рақамни 12-устунда кўрсатинг.

Тўққизинчи қадам. Табелни тўлдиргандан сўнг, календарь ойи охирида табелни чоп этинг ва масъул шахсларга имзолаш учун беринг. Назорат қилувчи органлар томонидан эътирозлар бўлмаслиги учун табелни чоп этиш мақсадга мувофиқдир. Ҳужжатда уч киши имзо қўйиши керак: табелни юритиш учун масъул ходим, таркибий бўлинма раҳбари (агар бўлса) ва кадрлар хизмати ходими. Агар бу вазифаларнинг барчасини ташкилот раҳбари бажарса, ҳужжатни фақат у тасдиқлайди. Табелга ташкилот муҳрини босиш шарт эмас.
Ўнинчи қадам. Тўлдирилган ва имзоланган табелни ходимларга иш ҳақи ва бошқа тегишли тўловларни ҳисоблаш учун бухгалтерияга топширинг. Бухгалтерияга табелнинг асл нусхаси топширилади, кадрлар бўлимида эса ҳужжат йўқолган ҳолда табель маълумотларини сақлаш мақсадида унинг нусхасини қолдиришингиз мумкин. Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари фаолиятида юзага келадиган бошқарув ҳужжатларининг намунавий рўйхатига мувофиқ, табелни ташкилот архивида сақлаш муддати – 5 йил.
Табелда алоҳида даврларни қандай акс эттириш керак
Амалиётда кадрлар ходимларида табелда алоҳида даврларни акс эттириш бўйича саволлар туғилади.
Дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунларида ишлаш. Агар ходим унинг дам олиш ёки байрам кунларида ишга жалб қилинган бўлса, табелда ишланган соатлар кўрсатилган ҳолда РВ (03) коди қўйилади. Агар дам олиш кунида ишлаганлик учун компенсация сифатида ходимга ишланмайдиган кун берилса, ҚД (25) – «Қўшимча дам олиш кунлари (ҳақ тўланмайдиган)» кўрсатилиши керак.
Байрам арафасидаги қисқартирилган кун (смена). Баъзи ойларда ишланмайдиган байрам кунлари бўлиб, уларнинг арафасида кунлик иш (смена) давомийлиги камида 1 соатга қисқартирилади
. Масалан, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни. Табелда бундай қисқартирилган байрам арафаси кунини белгилашда «БА» (15) кодидан фойдаланинг – «Қонунчиликда белгиланган ҳолларда нормал давомийликка нисбатан иш кунининг қисқартирилган давомийлиги». Тўғри тўлов учун уни одатдаги «К» (01) коди ўрнига қўйинг, чунки қисқартирилган байрам арафасидаги иш кунида ходимларнинг меҳнати тўлиқ ҳажмда тўланади. Код билан бирга ходим шу куни ҳақиқатда ишлаган соатларнинг миқдорини кўрсатинг.
Қонунга кўра, Меҳнат кодексининг 208-моддасида кўрсатилган байрам кунлари арафасидаги иш куни камида 1 соатга қисқартирилиши керак. Лекин иш берувчи хусусий ташкилотда бу масалани раҳбарият ўз хоҳишига кўра ҳал қилиши сабабли, буни қилмаслигини айтди. Иш берувчи ҳақми?
– Иш берувчи ноҳақ. Меҳнат қонунчилиги қуйидагиларга татбиқ этилади:
- мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар ташкилотлар, шу жумладан чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан ташкил этилган ёки таъсис этилган ёхуд улар иштирокидаги, халқаро ташкилотлар ва хорижий юридик шахслар;
- ташкилотларнинг филиаллари, ваколатхоналари ёки бошқа алоҳида бўлинмалари;
- иш берувчи жисмоний шахслар

.
МКнинг 187-моддасига кўра, ишланмайдиган байрам кунлари арафасида кунлик иш (смена) давомийлиги барча ходимлар учун камида 1 соатга қисқартирилади. Ишланмайдиган байрам кунлари МКнинг 208-моддасида белгиланган.
Истисно узлуксиз фаолият юритувчи ташкилотлар ва алоҳида иш турлари учун назарда тутилган бўлиб, бунда байрам арафасидаги кунда иш вақтини қисқартиришнинг имкони бўлмайди. Лекин бундай ҳолларда иш берувчи ортиқча ишлаган вақтни қўшимча дам олиш вақти билан компенсация қилиши ёки ходимнинг розилиги билан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган меъёрлар бўйича тўлаши шарт
.
Агар Меҳнат кодекси талаблари бажарилмаса, бу меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши сифатида баҳоланади ва иш берувчининг айбдор мансабдор шахсига БҲМнинг 5–10 баравари миқдорида маъмурий жарима солинишига олиб келади
.
Иш вақтининг жамланган режими
Амалиётда иш вақтининг жамланган ҳисоби сменали ишда қўлланилади. Сменали ишда табель иш сменалари жадвалига мувофиқ ҳақиқатда ишлаб берилган вақт бўйича юритилади.
Ой (ҳисобот даври) бошланишидан олдин иш берувчи сменали иш режимидаги ходимларнинг иш жадвалини тасдиқлайди. Унда кундузги ва тунги сменаларнинг бошланиш ва тугаш вақти кўрсатилади.
Табелда ходим сменада ҳақиқатда ишлаб берган соатларнинг миқдори кўрсатилади. Кундузги ва тунги смена учун алоҳида табеллар юритиш мумкин. Шунингдек, табелда суткани кундузги ва тунги қисмларга бўлиш мумкин. Соат 22:00 дан 06:00 гача бўлган тунги соатлар учун ходимга камида бир ярим баравар миқдорида тўлаш назарда тутилади.
Бунда қуйидагиларни унутманг:
Иш куни (смена) давомийлиги 12 соатдан ошмаслиги керак
. Жорий иш куни (смена) тугаши билан кейинги иш куни бошланиши орасидаги дам олиш вақти 12 соатдан кам бўлмаслиги керак
.
Ҳафта, ой ёки бошқа календарь давр учун ишлаб берилган вақтнинг давомийлиги шу давр учун ходимга белгиланган иш вақти меъёридан ошмаслиги керак. Иш вақти меъёри ҳар йили Бандлик вазирлиги томонидан белгиланади. 2024 йил учун улар 25.12.2023 йилдаги 01/00-03/15-13037-сонли буйруқ билан белгиланган.
Тунги вақт.
Иш вақти табелида тунги иш «Т» (02) коди билан, кундузги иш эса К (01) билан қайд этилади. Агар ходимнинг сменаси ҳам кундузги, ҳам тунги вақтга тўғри келса, унинг иш вақтини каср орқали кўрсатинг ёки бунинг учун алоҳида қатор ажратинг. Айтайлик, ходим сменали жадвал бўйича шундай ишлайдики, унинг иш вақти кейинги кунга ўтади. Биринчи куни у 4 соат кундузги вақтда: соат 18:00 дан 22:00 гача ва 2 соат тунги вақтда: 22:00 дан 00:00 гача ишлади. Иккинчи куни – 6 соат тунги вақтда: 00:00 дан 06:00 гача. Бу ҳолда табелни қуйидагича тўлдирамиз:
|
К/Т |
Т |
К |
К |
|
4/2 |
6 |
|
|
Иш вақтидан ташқари иш.
Иш вақтидан ташқари ишда тегишли кун учун юқори катакчада 2 та код кўрсатилади, пастки катакчада эса уларга мос соатлар қўйилади. Масалан, агар ходим иш вақтидан ташқари икки соат ишлаган бўлса, бундай кун учун табелнинг юқори графасида «К/С» (01/04) қўйиш керак, пасткисида эса – «8/2».
|
К/С |
|
8/2 |
Мослашувчан иш жадвали
Табелда «К» (01) коди қўйилади ва амалда ишлаб берилган вақт кўрсатилади. Бунда ҳисобот даври учун ходимнинг ҳақиқатдаги иш вақти давомийлиги меъёрдан ошмаслигини кузатиб боринг. Масалан, умумий қоидага кўра, нормал иш ҳафтасининг давомийлиги – 40 соат.
Ходим касаллик варақаси очилганини таъкидламоқда. Лекин ЯММТда ҳеч қандай маълумот йўқ. Табелда кадрлар бўлими ходими буни «8» коди билан ёпади. Ходимдан ҳақиқатан ҳам унинг касаллик таътилида эканлигини ёзма равишда тасдиқлашни талаб қилиш керакми?
Ходим ўзининг меҳнатга лаёқатсизлиги тўғрисида иш берувчини ёзма равишда хабардор қилиши шартлиги тўғрисида қонунчиликда тўғридан-тўғри талаб мавжуд эмас. Бироқ иш берувчи ташкилотнинг локал ҳужжатларида ходимларнинг меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилганлиги ҳақида ўз вақтида хабар бериш мажбуриятини белгилаб қўйишга ҳақли. Бундай меъёр низоли вазиятларнинг олдини олиш, ишда бўлмаслик сабабларини тезда қайд этиш ва иш вақтини тўғри ҳисобга олишга ёрдам беради.
Бунда шундай кунларни «8» коди билан ёпиш, яъни келганлик белгисини қўйиш нотўғри. Ишга келиш ходимнинг ҳақиқатда меҳнат вазифаларини бажарганлигини англатади. Агар у ишда бўлмаган ва касаллиги ҳақида фақат оғзаки хабар берган бўлса, иш берувчида бундай кунни иш куни деб ҳисоблаш учун ҳуқуқий асос йўқ. Ишга келганлик белгисини қўйиш иш вақтини сохта ҳисобга олинишини тан олиш, касаллик фактини яшириш, шунингдек нафақаларни ҳисоблашдаги қоидабузарликлар хавфини туғдиради. Бу эса назорат қилувчи органлар томонидан эътирозларга сабаб бўлиши мумкин. Иш берувчи эса маъмурий жавобгарликка тортилиши ва унга БҲМ 10 дан 15 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин (МЖтК 49-3-моддаси). Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини қачон ва қандай тўлаш ҳақида янада батафсил тавсияномада билиб олинг.
Тасдиқловчи маълумотларни олингунга қадар иш вақтини ҳисобга олиш табелида «НН» – аниқланмаган сабабларга кўра келмаслик кодини қўйинг. ЯММТда маълумотлар пайдо бўлганидан сўнг табелни «Б» – вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик кодига тўғрилаш зарур.
Телеграм канали