Таътил пули қандай ҳисобланади
Тавсияда:
– ҳисоб-китоб даврида барча ойларда тўлиқ ишлаб берилганда таътил пули ҳисоб-китоби
- ҳисоб-китоб даврини аниқлаш;
- меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар суммасини аниқлаш;
- таътил пулини ҳисоб-китоб қилиш;
– ҳисоб-китоб даврида тўлиқ ишлаб берилмаган ойлар бўлганда таътил пулини ҳисоб-китоб қилиш;
– тарифлар (маошлар) ўзгарганда таътил пулини қайта ҳисоб-китоб қилиш.
Тавсияга 13.02.2025 йилдаги ЎРҚ-1030-сон Қонунга мувофиқ ўзгартиришлар киритилди.
Қонун 2025 йил 14 февралдан кучга кирганлиги сабабли, тавсия шу санадан бошлаб амал қилади.
Ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақтда ходимнинг ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади. Уни ҳисоб-китоб қилиш қоидаси Меҳнат кодексининг 257-моддасида белгиланган.
Иш вақтининг ойлик меъёрини ишлаб берган ва меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини бажарган ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи таътил пулини ҳисоб-китоб қилиш кунидаги МҲЭКМдан кам бўлиши мумкин эмас.
Ходима 18 ноябрдан ҳар йилги меҳнат таътилига чиқмоқчи. Буйруқ имзоланган, аммо бухгалтерия таътил пулларини иш ҳақи билан бирга – 25 ноябрда тўлашни режалаштирмоқда. Ходима уларни олишга улгурмаслигидан ташвишда. Иш берувчи таътил пулларини қандай муддатларда тўлаши шарт ва буни ходим таътилга кетганидан кейин амалга ошириши мумкинми ёки фақат таътилдан олдин тўлаш керакми?
Таътил пуллари таътил бошлангунига қадар охирги иш кунидан кечиктирмай тўланиши керак
.
Иш берувчи меҳнат таътили вақти учун ҳақ тўлашни таътил бошланишига қадар охирги иш кунидан кечиктирмай амалга ошириши шарт. Бу талаб бевосита МКда белгиланган ва ходимнинг аҳволини ёмонлаштирадиган томонга ўзгартирилиши мумкин эмас.
Охирги иш кунини аниқлашда қуйидагиларни инобатга олинг:
1. Агар таътил 5 кунлик иш ҳафтасида душанба куни бошланадиган бўлса – таътил пулини жума куни, дам олиш кунидан олдин тўлаш керак.
2. Агар таътил олдидан байрам бўлса – таътил пули байрамдан олдин берилади.
Ходимга 5 кунлик иш ҳафтасида 2025 йил 12 май, душанба кунидан бошлаб таътил берилди. Таътил пулини 8 май (пайшанба) дан кечиктирмай тўлаш керак, чунки 9 май – ишланмайдиган байрам куни, 10 май (шанба) ва 11 май (якшанба) – дам олиш кунлари.
Жамоа шартномасида, локал ҳужжатларда ёки меҳнат шартномасида таътил пулини тўлашнинг янада эрта муддатлари (масалан, таътил бошлангунга қадар 7 кундан кечиктирмай) белгиланиши мумкин, лекин улар қонунда белгиланган охирги муддатни бузмаслиги керак.
Таътил пулини тўлаш муддатлари бузилган тақдирда иш берувчи моддий жавобгар бўлади ва ҳар бир кечиктирилган кун учун МБ қайта молиялаштириш ставкасининг 10 фоизи миқдорида пулли компенсация тўлаши шарт
.
Ҳисоб-китоб даврида барча ойлар тўлиқ ишлаб берилганда, таътил пули қандай ҳисоб-китоб қилинади
1-қадам. Ҳисоб-китоб даврини аниқланг
Таътил пулини ҳисоб-китоб қилиш учун ҳисоб-китоб даври – бу ходим таътилга чиққан ойдан олдинги календарь ойлар
. Ушбу давр 12 ойни ташкил этади.
Тегишли ойнинг 1-кунидан 30 (31)-кунига қадар, февралда эса – 28 (29)-кунга қадар бўлган давр охирги кунни ҳам қўшганда календарь ой деб ҳисобланади.
Иш ҳақининг қўшимча қисмини аниқлаш учун ҳисоб-китоб даври – бу таътил бошланадиган ойдан олдинги 10 ой.
Бу ҳолда ўтган йилнинг 1 июлидан жорий йилнинг 30 апрелигача бўлган давр ҳисоб-китоб даври бўлади.
2-қадам. Ҳисоб-китоб даври учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар суммасини аниқланг
Ҳисоб-китоб даври учун солиқ солинадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар суммасини аниқланг
. Уларга қуйидагилар киради
:
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг қабул қилинган шакллари ва тизимларига мувофиқ ишбай нархлар, тариф ставкалари ва лавозим маошларидан келиб чиққан ҳолда ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳисобланган иш ҳақи;
- илмий даража ва фахрий унвон учун устамалар;
- рағбатлантириш хусусиятига эга бўлган тўловлар
; - компенсация тўловлари
; - ҳақиқатда бажарилган иш учун бошқа тўловлар.
Таътил пулларини ҳисоблашда ҳисобга олинадиган (ҳисобга олинмайдиган) тўловларга мисоллар:
- фахрий унвон учун устама – киритилади, сабаби меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради;
- меҳнат натижалари учун мукофот – киритилади, сабаби рағбатлантириш хусусиятига эга тўловларга киради;
- бир неча лавозимларда ишлаганлик учун қўшимча тўлов, хизмат сафарлари вақтида меъёрлардан ортиқча кундалик харажатлар учун ҳақ – киритилади, сабаби компенсация тўловларига киради;
- дивидендлар – киритилмайди, сабаби мулкий даромадларга киради
; - бепул берилган мол-мулк қиймати – киритилмайди, сабаби моддий наф тарзидаги даромадларга киради
; - фарзанди никоҳдан ўтиши муносабати билан кўрсатиладиган моддий ёрдам – киритилмайди, сабаби бошқа даромадларга киради
.
Таътил пули ва компенсацияни ҳисоблаш учун ўртача иш ҳақини аниқлашда мукофотларни ҳисобга олмаслик мумкинми?
Мукофотлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар таркибида рағбатлантириш хусусиятига эга тўловларга киритилади. Шу сабабли улар таътил пули ва фойдаланилмаган таътил учун компенсацияни ҳисоблашда ҳисобга олиниши шарт.
Бу норма Меҳнат кодексида белгиланганлиги сабабли, ташкилот ўртача иш ҳақини ҳисоблашда мукофотларни истисно қилишга ҳақли эмаc.
3-қадам. Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқаринг
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг барча тизимларида у қуйидагича ҳисобланади:
Ўртача иш ҳақи = Ҳисоб-китоб даври учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар:
Ҳисоб-китоб даврининг тўлиқ ишлаб берилган ойлар сони.
Ходимнинг маоши – 3 500 000 сўм (иш бошлангандан буён ўзгармаган).
Ўтган йилнинг 1 июлидан жорий йилнинг 30 апрелигача бўлган ҳисоб-китоб даврида ходимга меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги қуйидаги даромадлар ҳам ҳисобланган (жами 5 000 000 сўм):
- иш натижалари учун мукофот – 2 200 000 млн сўм;
- меъёрдан ортиқ суткалик харажатлар – 800 000 сўм;
- байрамга мукофот– 2 000 000 сўм.
Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқарамиз:
(3 500 000 х 10 + 5 000 000) : 10 = 4 000 000 сўм.
Ходим жорий йилнинг май ойида меҳнат таътилига чиқади. У ташкилотда ўтган йилнинг 1 июлидан бошлаб тўлиқ 10 ой ишлаган.
Ҳисоб-китоб даврида ўтган йилнинг 1 июлидан жорий йилнинг 30 апрелигача ходимга меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида қуйидаги даромадлар ҳисобланган:
- ишбай нархлар бўйича иш ҳақи – 35 000 000 сўм;
- мукофотлар – 4 000 000 млн сўм.
Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаймиз:
(35 000 000 + 4 000 000) : 10 = 3 900 000 сўм.
4-қадам. Таътил пули суммасини ҳисоблаб чиқаринг
Бунинг учун ўртача ойлик иш ҳақини 25,3 га бўлинг (Меҳнат кодекси 257-моддаси 8-қисмига асосан иш кунларининг ўртача ойлик сони) ва 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиққан ҳолда таътил кунларига тўғри келадиган иш кунлари сонига кўпайтиринг. Меҳнат таътили вақти учун ҳақ тўлашда якшанба ҳисобга олинмайди
.
Қуйидаги формуладан фойдаланинг:
Таътил пули = Ўртача ойлик иш ҳақи : 25,3 х 6 кунлик иш ҳафтаси ҳисоб-китобидан таътил даврида иш кунлари сони.
Ходим жорий йилнинг апрель ойида 6 кунлик иш ҳафтаси ҳисобидан 18 иш кунига тўғри келадиган давомийлиги 21 календарь кун бўлган меҳнат таътилига чиқмоқда.
У ташкилотда ўтган йилнинг 1 июнидан буён тўлиқ 10 ой ишлаган.
Ходимнинг маоши – 3 800 000 сўм (иш бошлангандан буён ўзгармаган).
Ҳисоб-китоб даврида ўтган йилнинг 1 июнидан жорий йилнинг 31 мартигача бўлган бошқа ҳисоблашлар:
- озиқ-овқат учун компенсация – 2 400 000 сўм;
- мукофотлар – 4 800 000 сўм;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун моддий ёрдам – 2 000 000 сўм.
Ҳисоб-китобга озиқ-овқат учун компенсация ва мукофотлар киради. Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти учун моддий ёрдам СКнинг 377-моддаси 10-банди бўйича бошқа даромадларга киритилади, шунинг учун таътил пулларини ҳисоблашда ҳисобга олинмайди.
Ўртача ойлик иш ҳақи:
((3 800 000 х 10) + 2 400 000 + 4 800 000) : 10 = 4 520 000 сўм.
Ҳисобланган таътил пули суммаси:
4 520 000 : 25,3 х 18 = 3 215 810,28 сўм.
У ташкилотда ўтган йилнинг 1 июнидан буён тўлиқ 10 ой ишлаган.
Ходимнинг 10 ой учун ишбай иш ҳақи – 38 000 000 сўм.
Ўтган йилнинг 1 июнидан жорий йилнинг 31 мартигача бўлган ҳисоб-китоб даври учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги бошқа даромадлар – 7 200 000 сўм.
Ўртача ойлик иш ҳақи:
(38 000 000 + 7 200 000) : 10 = 4 520 000 сўм.
Ҳисобланган таътил пули суммаси:
4 520 000 : 25,3 х 18 = 3 215 810,28 сўм.
Ҳисоб-китоб даврида тўлиқ ишлаб берилмаган ойлар бўлганда таътил пулини қандай ҳисоб-китоб қилиш керак
Ўртача иш ҳақини аниқлашда ҳисоб-китоб давридан вақтни, шунингдек ушбу вақтда ҳисобланган суммаларни чиқариб ташланг, агар
:
- ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолган бўлса, бундан болани овқатлантириш учун танаффуслар мустасно
. Масалан, олдинги меҳнат таътили, ўқув таътили ёки ижодий таътил даврлари, башарти улар ҳисоб-китоб даврига тўғри келса

; - ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олган бўлса;
- ходим иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолиш муносабати билан ишламаган бўлса;
- ходимга ногиронлиги бўлган болаларни ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларни парваришлаш учун қўшимча ҳақ тўланадиган дам олиш кунлари берилган бўлса
; - ходим қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда иш ҳақи тўлиқ ёки қисман сақланадиган ёки ҳақ тўланмайдиган ишдан озод этилган бўлса.
Ноябрь учун ўртача иш ҳақи ва таътил пулини ҳисоб-китоб қилишда июнь ойида берилган таътил ҳисобга олинадими?
– Йўқ, ҳисобга олинмайди.
Ноябрь ойи учун таътил пулини ҳисоб-китоб қилиш учун ҳисоб-китоб даври – ўтган йилнинг 1 ноябридан жорий йилнинг 31 октябригача.
Июнь ойининг 14 таътил куни ҳисоб-китоб давридан чиқариб ташланади, июнь ойи учун таътил пули суммаси ноябрь ойи учун ўртача иш ҳақи ва таътил пули ҳисоб-китобидан чиқариб ташланади.
Жорий йилнинг январь ойида ходим 12 кун вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолди.
Жорий йилнинг июнь ойида унга меҳнат таътили берилди. У ташкилотда 12 ойдан ортиқ ишлаяпти.
Вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлган вақт июнь ойи учун ўртача иш ҳақи ва таътил пулини ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олинадими?
– Йўқ, ҳисобга олинмайди.
Июнь ойи учун таътил пулини ҳисоб-китоб қилиш учун ҳисоб-китоб даври – ўтган йилнинг 1 июнидан жорий йилнинг 31 майига қадар.
Январь ойида вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлган 12 кун ҳисоб-китоб давридан чиқариб ташланади. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа суммаси июнь ойи учун ўртача иш ҳақи ва таътил пули ҳисоб-китобидан чиқариб ташланади.
Агар ҳисоб-китоб даврининг бир ойи ёки бир неча ойи тўлиқ ишлаб берилмаган бўлса ёки ундан кўрсатилган вақт чиқариб ташланса, таътил пулини ўртача кунлик иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқаринг
.
Тўлиқ ишлаб берилмаган ойларга мисоллар:
- агар ходим ойнинг 1-санасидан қабул қилинмаган бўлса, ташкилотда ишлашнинг биринчи ойи;
- ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олган;
- ходим иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолиш муносабати билан ишламаган;
- МКнинг 257-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳоллар содир бўлган бошқа ойлар.
Бунинг учун қуйидаги формулалардан фойдаланинг:
Ўртача кунлик иш ҳақи = Ҳисоб-китоб даври учун ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақи : (25,3 х Тўлиқ календарь ойлар сони + Тўлиқсиз календарь ойларда иш кунлари сони).
Тўлиқсиз календарь ойда иш кунлари сони = 25,3 : Иш кунларининг ҳақиқий сони х Ушбу ойда ишлаб берилган иш кунлари сони.
Ходим жорий йилнинг июнь ойида 6 кунлик иш ҳафтаси ҳисобидан 18 иш кунига тўғри келадиган давомийлиги 21 календарь кундан иборат меҳнат таътилига чиқмоқда.
Ҳисоб-китоб даври – ўтган йилнинг 1 июнидан жорий йилнинг 31 майига қадар, унда 2 та тўлиқ ишлаб берилмаган ойлар мавжуд:
- ноябрь ойида у касаллик туфайли 5 кун ишламаган (иш кунларининг умумий сони – 22);
- декабрь ойида 10 кун иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган (иш кунларининг умумий сони – 20).
Ходимнинг маоши – 4 000 000 сўм (ҳисоб-китоб даврида ўзгармаган).
Ҳисоб-китоб даври учун иш ҳақининг қўшимча қисми – 3 600 000 сўм. Бу суммага киритилмайди (ноябрь ойи учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси).
Ходимга тўлиқсиз ойларда қуйидаги миқдорда иш ҳақи ҳисобланган:
- ноябрь ойида – 3 090 909,09 сўм (4 000 000 : 22 х 17);
- декабрь ойида – 2 000 000 сўм (4 000 000 : 20 х 10).
1. Ҳисоб-китоб даври учун ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақини ҳисоблаб чиқарамиз:
4 000 000 х тўлиқ 10 ой + 3 090 909,09 + 2 000 000 + 3 600 000 = 48 690 909,09 сўм.
2. Тўлиқсиз ойларда иш кунлари сонини аниқлаймиз:
- ноябрь ойида: (25,3 : 22) х 17 = 19,55;
- декабрь ойида: (25,3 : 20) х 10 = 12,65.
3. Ўртача кунлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқарамиз:
48 690 909,09 : (25,3 х 10 тўлиқ ой + 19,55 + 12,65) = 170 725,49 сўм.
4. Ҳисобланган таътил пули:
170 725,49 х 18 = 3 073 058,82 сўм.
Тарифлар (маошлар) ўзгарганда таътил пулини қандай қайта ҳисоб-китоб қилиш керак
Тарифлар (маошлар) ўзгарганда таътил пулини ушбу ўзгаришни ҳисобга олган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинг
. Агар таътил даврида тариф ставкалари (лавозим маошлари) миқдори оширилган бўлса, ташкилотнинг янги меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича ишлайдиган даврига тўғри келадиган таътил кунлари учун таътил пулларини қайта ҳисоб-китоб қилинг
. Бу ҳолда ўртача иш ҳақи оширилган вақтдан бошлаб таътил тамом бўлган кунгача бўлган давр учун ўртача иш ҳақининг бир қисми қайта ҳисобланади.
Ходимга жорий йилнинг 12 майидан 4 июнигача 21 иш кунига (майда – 18 кун, июнда – 3 кун) тўғри келадиган 24 календарь кундан иборат меҳнат таътили берилди.
У ташкилотда ўтган йилнинг 1 июнидан бошлаб тўлиқ 11 ой ишлаган.
Ходимнинг маоши – 4 000 000 сўм (иш бошлангандан буён ўзгармаган).
Ўтган йилнинг 1 июнидан жорий йилнинг 30 апрелигача бўлган ҳисоб-китоб даври учун ҳақ тўлаш тарзидаги бошқа даромадлар – 4 400 000 сўм.
Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб ходимнинг маоши 5 000 000 сўмгача оширилган, шунинг учун таътил пули суммасини ушбу ошишни ҳисобга олган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилиш лозим.
Қонунчиликда ўртача иш ҳақини қайта ҳисоблашнинг аниқ тартиби йўқ.
Қуйидаги вариант таклиф этилади.
Дастлаб таътил пули қуйидаги тарзда ҳисоблаб чиқарилган:
- таътил пулини ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача кунлик иш ҳақи:
((4 000 000 х 11 + 4 400 000) : 11): 25,3 = 173 913,04 сўм;
- ҳисобланган таътил пули суммаси:
173 913,04 х х 21 = 3 652 173,84 сўм.
1 июндан бошлаб ходимнинг маоши оширилганлиги сабабли, июнь ойининг 3 иш куни учун таътил пули суммасини қайта ҳисоблаш зарур.
Маошнинг янги миқдори асосида ўртача кунлик иш ҳақи қуйидагини ташкил қилади:
(5 000 000 + 4 400 000 : 11) : 25,3 = 213 438,74 сўм.
3 кун учун 118 577,1 сўм ((213 438,74 – 173 913,04) х 3) қўшимча ҳисобланади.
Телеграм канали