Пригодится каждому кадровику в декабре:
Интизомни такроран бузиш
Ходим интизомга хилоф ножўя хатти-ҳаракат содир этгани учун унга ҳайфсан эълон қилинди. 3 ой ўтгач ушбу ходим ишлайдиган бўлим бошлиғининг илтимосномасига кўра жазо олиб ташланди, бироқ ходим сал ўтмай меҳнат интизомини яна бузди. Иш берувчи меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузгани учун уни ишдан бўшатишга ҳақлими? Иш берувчи ходимга қўлланган жазони олиб ташлашни сўраб илтимоснома ёзган бўлим бошлиғини интизомий жавобгарликка тортишга ҳақлими?
– Йўқ, ҳақли эмас.
Интизомий жазонинг амал қилиш муддати у қўлланилган кундан бошлаб 1 йилдан ошиб кетиши мумкин эмас. Ушбу давр мобайнида ходим такроран интизомга хилоф ножўя хатти-ҳаракат содир этса, меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузгани учун уни МК 100-м. 2-қ. 3-бандига кўра ишдан бўшатиш мумкин .
Бироқ, ходимдан интизомий жазони муддатидан олдин ҳам олиб ташлашга йўл қўйилади. Иш берувчи буни ўз ташаббуси билан, меҳнат жамоаси ёки ходимнинг бевосита раҳбари илтимосномасига кўра амалга ошириши мумкин .
Интизомий жазонинг амал қилиш муддати ўтгач, у автоматик равишда тўхтатилади. Бироқ уни муддатидан олдин олиб ташлаш тўғрисида буйруқ чиқариш зарур.
Ҳайфсан расман бўлим раҳбарининг илтимосномасига кўра, тегишли буйруқ чиқариб олиб ташланган бўлса, ходим интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади. Бинобарин, иш берувчи энди уни меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузгани учун ишдан бўшата олмайди.
Иш берувчи бўлим бошлиғини ҳам интизомий жавобгарликка тортишга ҳақли эмас. Чунки унинг ўзи меҳнат интизомини бузмаган. Бунинг устига, Меҳнат кодексида бевосита раҳбарнинг ходимдан жазони муддатидан олдин олиб ташлашни сўраб илтимоснома бериш ҳуқуқи назарда тутилган.