Таътил 48 иш кунидан ошиши мумкин бўлган ҳолатлар

preview

«Ишлаб чиқариш корхонамизда айрим ходимларнинг таътиллари умумий муддати 48 иш кунидан ошади, сабаби меҳнат таътилининг ўзи узоқ давом этади, унга «зарарли шароит», корхонадаги узлуксиз иш стажи ва ҳ.к. учун қўшимча таътиллар қўшилади. МК 140-м мувофиқ, таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати 48 иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас. Демак, таътилларни нотўғри бераяпмизми?».

Ушбу саволга «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

– «Ҳаммаси қайси турдаги таътилларни жамлаётганингизга боғлиқ. Бунинг учун МК 140-м. қоидасини қўлланг. Йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга, шу жумладан узайтирилган таътилга ҳам қўшиб жамланади.

Қонунчилик билан белгиланган таътилларни жамлашда ҳақиқатан ҳам уларнинг умумий муддати 48 иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас . Бироқ шунга эътибор беринг: ушбу норма фақат қонун билан кафолатланган таътилларга татбиқ этилади.

Асосий таътилни корхонанинг ўзи локал тартибда белгилаган қўшимча таътилларга қўшиб жамлашда уларнинг умумий муддати 48 иш кунидан ҳам ошиши мумкин. 

 

Мисолларда кўриб чиқамиз.

Мисол
Қонунчилик билан белгиланган таътилларни жамлаш

Ходимнинг йиллик асосий таътили – 36 иш куни. Шунингдек корхонадаги иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш натижаларига кўра у ўта зарарли меҳнат шароитида ишлагани учун қўшимча таътил – 14 иш куни олиши белгиланган  .

Иккала таътилни қўшиб жамлаганда уларнинг умумий муддати – 50 иш куни (36 + 14). Бу Меҳнат кодексида белгиланган 48 иш кунилик чегарадан ошади. Шу сабабли ходимга 50 кунлик эмас, балки 48 кунлик таътил берилади.

Мисол
Асосий таътилни локал тартибда белгиланган қўшимча таътил билан жамлаш

Ходимнинг йиллик асосий таътили – 36 иш куни, корхонадаги иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш натижаларига кўра у ноқулай меҳнат шароитида ишлагани учун қўшимча таътил – 6 иш куни олиши белгиланган. Шунингдек ходим корхонадаги узлуксиз иш стажи учун қўшимча таътил – корхонанинг жамоа шартномасида ўз ҳисобидан берилиши белгиланган 9 иш куни олиш ҳуқуқига эга. Таътилларнинг умумий муддати жами 51 иш кунини (36 + 6 + 9) ташкил этади.

Бу ҳолда 48 иш кунидан ортиқ таътил бериш мумкин.

Қонунчилик билан ходимга ноқулай меҳнат шароитида ишлаганлиги учун фақат асосий ва қўшимча таътиллар белгиланган (36 + 6 = 42).

9 иш кунидан иборат таътилни корхонанинг ўзи беради, шу сабабли уни ҳисобга олиш керак эмас».