Ходим ҳашарга келмаса

preview

Ходим ҳашарда ишлашдан бош тортиши мумкинми? Бу прогул ҳисобланадими? Хайрия ҳашари «иш вақтидан ташқари иш» ҳисобланадими ва бунинг учун икки ҳисса миқдорда иш ҳақи ҳисобланиши лозимми?

Саволга «Норма» компанияси эксперти Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

– Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида «ҳашар» тушунчаси мавжуд эмас.

Иш берувчи ёки меҳнат жамоаси кенгаши (касаба уюшмаси қўмитаси) ҳашар уюштиришни ва ишлаб топилган пулларни қуйидаги хайрия мақсадлари учун хайрия жамғармасига ўтказишни таклиф қилса:

  • бу иш куни ҳам, иш вақтидан ташқари иш ҳам эмас. Ходимлар бу кунда ихтиёрий равишда хайрия мақсадлари учун ишлашга рози бўладилар, иш вақтидан ташқари иш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас;
  • бу корхонанинг эмас, балки ходимларнинг хайриялари бўлади. Буни рад этганларга «прогул» қўйилмайди;
  • иш ҳақи бир ҳисса миқдорида ҳисобланади ва хайрия жамғармаларига ўтказилади;
  • рад этган ходимлар ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди.

Иш берувчи шанбани иш вақтидан ташқари вақтда, масалан, компания манфаатлари йўлида ишлаб беришни таклиф қилса:

  • бу иш куни ҳисобидан ташқари иш куни ҳисобланади;
  • дам олиш кунидаги иш учун тўланганидек ходимга икки ҳисса миқдорида иш ҳақи тўланади. Уни хайрия жамғармасига ўтказиш мумкин бўлмайди;
  • ходимни иш вақтидан ташқари ишлашга мажбурлаш ёки буни рад қилганлиги учун жазолаш мумкин эмас. У бунга ўзи рози бўлиши лозим.

Хулоса: буйруқда сиз хайрия ҳашари ўтказишингизни ёки иш вақтидан ташқари ишни ташкил қилишингизни аниқ белгилаб кўрсатинг. Бу мазкур кун учун иш ҳақини тўғри ҳисоблашда муҳимдир.

Эътибор беринг

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳашарлар қуйидаги шартларга қатъий риоя этилган ҳолда фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилади ва ўтказилади :

  • умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда;
  • ҳашарлар унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади;
  • ҳашарлар доирасида барча бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмаган ҳолда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш ишлари амалга оширилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фақат тегишли маҳалла ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, болалар ва спорт майдонларини жиҳозлаш, моддий-маданий мерос объектларини зарур ҳолатда сақлаш, қабристонларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда зарур ҳолатда сақлаш ишларида аҳолининг ихтиёрий иштирок этишини ташкил этади.