“Декрет” даври учун меҳнат таътили бериладими

preview

Ходиманинг болани 3 ёшгача парваришлаш таътили муддати тугаяпти. У ишга чиқишига бир ҳафта қолганда барча меҳнат таътилларини беришни сўраб ариза тақдим этган, унинг айтишича «таътиллар 3 йил ичида йиғилиб қолган экан». Иш берувчи ходиманинг бундай талабини қаноатлантириши лозимми? Болани парваришлаш таътили даврида йиллик меҳнат таътиллари йиғилиб қоладими?

 

– Йўқ, бундай талаб ноқонуний ҳисобланади, агар меҳнат шартномасида ёки корхонанинг ички ҳужжатларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, иш берувчи бу талабни қаноатлантиришга мажбур эмас.

Умумий қоидага кўра болани парваришлаш таътили даврида меҳнат таътиллари йиғилиб қолмайди.

 Болани парваришлаш таътили меҳнат стажига, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади . Бундай таътил даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади.

Бироқ болани парваришлаш таътилларининг вақти, башарти жамоа шартномасида, корхонанинг бошқа ички ҳужжатида ёхуд меҳнат шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, кейинги ҳақ тўланадиган йиллик таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қўшилмайди . Шу боисдан болани парваришлаш таътили даврида имтиёзлар ва кафолатлар тақдим этилиши юзасидан ушбу ҳужжатларни яхшилаб ўрганиб чиқиш лозим. Бундай нарсалар берилмаган бўлса, ходиманинг илтимосини рад этинг.

 Бунда шуни унутмаслик керакки, МКнинг 231-моддасига мувофиқ бола туққан аёлларга фойдаланилмаган йиллик таътиллар, уларнинг хоҳишига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин ёхуд болани парваришлаш таътилидан кейин берилади. Ходима «декрет» таътилига чиққунига қадар фойдаланилмаган таътиллар қолиб кетган бўлса, у таътиллардан фойдаланишга ҳақли бўлади. Мазкур ҳолатда унинг илтимоси рад этилмайди.

 

Ленара ХИКМАТОВА,

«Норма» компанияси эксперти.