Кадрлар бўйича инспектор ишда бўлмаган вақтда ишдан бўшатишни кечиктириш мумкинми

preview

«Ходим ишдан бўшамоқчи, аммо кадрлар бўйича инспектор касал. У кадр ҳужжатларини юритадиган ва ишга қабул қилиш ҳамда бўшатишни расмийлаштирадиган ягона ходим. Ходимнинг аризасини ким қабул қилиши мумкин? Кадрлар бўйича инспектор ишга чиққунига қадар ходимга рад жавоби бера оламизми?».

 

- Йўқ, ходимнинг аризасини қабул қилмаслик мумкин эмас.

Агар кадрлар бўйича инспектор у ёки бу сабабга кўра (таътил, касал бўлса, малака ошириш ва б.) ишда бўлмаса, бу кадрлар иши ушбу давр учун тўхтайди дегани эмас. Иш берувчи барибир кадрлар билан боғлиқ барча жараёнларини ўз вақтида расмийлаштириши шарт.

 

Кадрлар бўйича инспектор ўрнига аризани ким қабул қилиши мумкин

Ходим ишдан бўшаш ҳақидаги аризани  нафақат кадрлар бўлимига, балки тўғридан-тўғри корхона раҳбарига, унинг ўринбосарига, қабулхона котибига, девонхонага ва бошқаларга  беришга ҳақлидир. . Ариза берилган шахслар уни корхона раҳбарига етказишлари лозим.

 

Буйруқни ким расмийлаштиради, меҳнат дафтарчасини ким тўлдиради ва беради ҳамда ишдан бўшашни ЯММТда ким рўйхатдан ўтказади  

Бундай ҳолда кадрлар бўйича ходим ўрнини бошқа  ходим алмаштириши мумкин. Алмаштиришнинг  усуллари:

1) асосий ходим йўқлигида учинчи шахс билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш. Ушбу вариант одатда кадрлар бўйича мутахассиснинг узоқ вақт йўқлигида (узоқ муддатли касаллик, туғруқ таътиллари ва бошқалар) қўлланилади;

2) ташкилотнинг амалдаги ходимларидан бирини кадрлар инспектори лавозимига вақтинча ўтказиш;

3) вазифаларни бажариш - асосий ишни бажариш билан бир вақтда қўшимча тўлов эвазига кадрлар ҳужжатларини бошқариш бўйича қўшимча ишларни ташкил этишни ташкилотнинг амалдаги ходимларидан бирига топшириш;

4) ўриндошлик (ички ёки ташқи)–ходим билан асосий ишидан бўш вақтларида бошқа ишларни бажариш учун меҳнат шартномасини тузиш.

Юқоридаги усулларнинг ҳар бирининг асосий фарқлари ва рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳақида-бу ерда ўқинг:

Юқоридагиларнинг энг мақбул варианти бир неча касб ва лавозимда ишлаш. Лекин, иш берувчи кадрдар бўйича ходимнинг ўрнини босишнинг қандай усулини танлашидан қатъи назар, тегишли буйруқни чиқара туриб  (муддатли меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилиш, ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш, бир неча касбда ишлаш ёки вақтинчалик ўтказишда), вазифасини бажарувчи ходим қуйидаги ишларни бажаришини эътиборга олиши керак:

  • ходимларнинг қоғоз меҳнат дафтарчаларини юритишини;
  • my.mehnat.uz сайтининг ЯММТ тизимида иш берувчи номидан ҳаракатларни бажаришини.

Шунинг учун ҳам худди шу буйруқ билан ходимга меҳнат дафтарчаларини юритиш, сақлаш ва бериш, шунингдек ЯММТда ишлаш ваколати берилиши керак  .

Агар кадрлар бўйича мутахассис касаллиги даврида кадрлар бўйича ҳеч қандай буйруқлар кутилмаса, уни алмаштириш умуман керак бўлмаслиги мумкин. Қандай бўлмасин, кадрлар жараёнини расмийлаштириш зарурати туғилса, буни ташкилот раҳбарининг ўзи бажариши мумкин.

Эътибор беринг

Агар сиз кадрлар бўйича мутахассисни бошқа ходим билан алмаштиришни режалаштирмасангиз, Меҳнат кодексининг талабларига риоя қилмаслик учун иш берувчи Маъмурий жавобгарлик кодексининг 49-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини унутманг.

Жумладан, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи унга меҳнат дафтарчаси ва буйруқ нусхасини бериши, ҳисоб-китоб қилиши шарт . Меҳнат дафтарчасини  бериш иш берувчининг айби билан кечиктирилган бўлса, ходимга мажбурий прогулнинг бутун вақти учун  ўртача иш ҳақи  тўланади .

 

Ленара ҲИКМАТОВА

«Норма» эксперти, ҳуқуқшунос