Ишдан бўшатишда компенсация тўлаётганда "иш ҳақи сақланмаган таътил"ни ҳисобга олиш

preview

«Ходим  2022 йил 10  январда ишга қабул қилинди, 28 майда ишдан бўшади. Ушбу даврда у 20 кунлик иш ҳақи сақланмаган таътил  олган. Фойдаланилмаган таътил учун бериладиган пуллик компенсация ҳисоб-китобида буни ҳам ҳисобга олиш керакми? Меҳнат таътилининг давомийлиги – 24 иш куни». 

 

Меҳнат кодексининг 151-моддасига биноан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.  Бунда  йиллик асосий таътил олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига ходим ҳақиқатда ишламаган, аммо унинг иш жойи (лавозими) сақланиб қолган вақт киради.

Ушбу қоидадан қуйидагилар мустасно:

  • қисман ҳақ тўланадиган бола паравариши бўйича таътил;
  • 2 ҳафтадан ортиқ давом этадиган иш ҳақи сақланмайдиган таътил.

Агар ходимга 2 ҳафтадан кўп муддатга иш ҳақи сақланмайдиган таътил расмийлаштирсангиз, унинг иш стажидан йиллик таътилга ҳуқуқ берувчи 14 кундан ошадиган кунлар сонини чиқариб ташлашингиз керак.

Кўриб чиқилаётган мисолда ходим 20 кун давомида "иш ҳақи сақланмайдиган" таътилда бўлган. У тўлиқ иш йилида ишламаган, шунинг учун қанча таътил куни компенсация қилинишини аниқлаш учун таътилнинг давомийлигини ишлаган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқамиз.

Бунинг учун Меҳнат кодексининг 141-моддасида белгиланган қоидани қўллаймиз: таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини ўн иккига бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган қолдиқ кунлар бир ой деб яхлитланади, 15 календарь кундан ками эса чиқариб ташланади.

2022 йил 10 январдан 28   майгача ходим  тўлиқ 4 ой ва 19 кун ишлаган. У 20 кунлик иш ҳақи сақланмаган таътил олганлиги сабабли унинг иш стажидан 6 кун (20-14) чиқариб ташланади. Шундай қилиб, ходимнинг фойдаланилмаган таътилни компенсация қилиш учун иш стажи 4 ой-у 13 кунни ташкил этди. Меҳнат кодексининг 141-моддаси қоидасига кўра 13 кун қолдиқ сифатида чиқариб ташланади, 4 ой қолади.

Энди таътилнинг давомийлиги (24 иш куни) 12га бўлинади ва 4 ой иш кунига кўпайтирилади (24 : 12 х 4). Ходимга  фойдаланилмаган меҳнат таътилининг 8 куни учун пуллик компенсация  тўлаш керак бўлади.

Таққослаш учун, ходим “иш ҳақи сақланмаган” таътилни 20 кун эмас, балки роппа роса 2 ҳафтага олди деб тахмин қилайлик. Унда  фойдаланилмаган таътил учун компенсацияни ҳисоблаш учун стаж 5 ойни ташкил қилган бўлар эди. Бу ҳолда ушбу 14 кун ходимнинг иш стажидан чиқариб ташланмаган,  19 кун миқдоридаги ортиқчаликлар эса тўлиқ ойгача яхлитланган бўлар эди. Бундай ҳолда ходимга 10 кун учун  компенсация тўланар эди (24 : 12 х 5).

Таътиллар учун ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартиби 11.03.1997 й. 133-сон ВМҚга 6-иловада белгилаб қўйилган.

Ленара ХИКМАТОВА

 «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос

Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш /publish/doc/text181867_ishdan_bushatishda_kompensaciya_tulaetganda_ish_haqi_saqlanmagan_tatilni_hisobga_olish