Корхона ходимга 15 йил учун таътиллар «қарз» бўлса

preview

«Ходим 2007 йилдан бери ишлайди, бутун давр давомида бир марта бўлсада таътилга чиқмаган. Энди у ишдан бўшамоқчи»…

«Норма» кадрлар хизмати мутахассиси ва раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС бундай мураккаб вазиятда кадрлар бўйича ходим ва бухгалтерия бўлими қандай йўл тутиши кераклиги борасида изоҳ берди:

 

Бу вазият фойдаланилмаган таътилларни тўплашга нима учун йўл қўйиб бўлмаслигига ёрқин мисолдир.

Барча саволларни тартиб билан кўриб чиқамиз.

1) Ишдан бўшатиш сабаби фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация нуқтаи назаридан муҳимми?

– Йўқ, муҳим эмас. 

Ходим билан меҳнат шартномаси қуйидаги сабаблардан бирига кўра бекор қилинганда: 

  • тарафларнинг келишувига кўра ;
  • ходимнинг ташаббуси билан ;
  • иш берувчининг ташаббуси билан ;
  • меҳнат шартномаси муддати тугаши билан ;
  • тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича ;

ота-оналар, васийлар (ҳомийлар) ва бошқа ваколатли органлар талаби билан  – мажбурий тартибда фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади .

 

2) Ходимни ишга қабул қилишда 24 кунлик меҳнат таътили белгиланди. Меҳнат кодексида меҳнат таътилининг энг кам муддати – 15 кун қилиб белгиланган. Агар ходим 2007 йилдан 2022 йилгача ишлаган бўлса, компенсация неча кун учун тўланади?

– Йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга (шу жумладан узайтирилган таътилга ҳам) қўшиб жамланади . Компенсация ҳисоб-китобида меҳнат таътилининг энг кам муддати эмас (15 иш куни)  балки айнан шундай умумий давомийлиги (саволда – 24 иш куни ) ҳисобга олиниши керак. 

Йиллик асосий ва қўшимча меҳнат таътилларининг миқдори, қоида тариқасида, меҳнат шартномасини тузишда белгиланади ва унда ёзиб қўйилади. Агар таътил миқдори кейинчалик ўзгарса (бошқа лавозимга ўтказиш, кўп йилл ишлаганлик ва бошқалар.), бу мажбурий тартибда меҳнат шартномасига қўшимча келишувда акс эттирилиши керак.  

Бу ҳолда компенсация қилинадиган кунларнинг умумий давомийлигини ҳисоблаш ҳар бир давр учун алоҳида-алоҳида амалга оширилади, кейин эса уларнинг барчаси жамланади. 

Бугунги кунгача Меҳнат кодексида меҳнат таътилларини бериш ва таътил кунларининг умумий давомийлигини ҳисоблаш тартибида ўзгаришлар бўлмаган. Сиз Меҳнат кодексининг 133–144 -моддалари талабларига таянишингиз керак.

 

3) 2007 ва 2022 йиллар учун тўлиқсиз иш даври учун компенсацияни қандай ҳисоблаш мумкин?

– Пуллик компенсацияни аниқ ҳисоблаш учун ишга қабул қилинган ҳамда меҳнат шартномаси бекор қилинган кун, сана ва ойни билиш керак. 

Тўлиқ ишланган ойларнинг  сонини аниқлайсиз. Ўн беш календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, ўн беш календарь кундан ками эса чиқариб ташланади .

Фараз қилайлик, ходим 2007 йил 1 февралда ишга қабул қилинган,  меҳнат шартномаси 2022 йил 17 октябрда бекор қилинган. 

Умумий ҳисобда у жами 15 йил, 8 ой ва 17 кун ёки яхлитлашдан кейин 15 йил 9 ой ишлаган, бу 189 ойга мос келади. 

Кейин, Меҳнат кодексининг 141-моддасига мувофиқ ушбу вақт учун компенсация тўланадиган таътил кунлари сонини ҳисобланг:

1) 24 кунни (таътил миқдори) 12 ойга бўламиз – шунда бир ой учун таътил кунлари сони келиб чиқади – 2 иш куни; 

2) 2 иш кунини таътилсиз ишланган 189 ойга кўпайтиринг,  378 иш куни ҳосил бўлади. Ишдан бўшатилаётганда улар учун ходимга иш ҳақи бошқача бўлган йиллар бўйича эмас, балки ишдан бўшатиш кунидаги ўртача даромад асосида пуллик компенсация тўлаш керак. 

Фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация миқдори 11.03.1997 й. 133-сонли ВМҚга 6-илова 1-б.да белгиланган тартибда ҳисобланади 

Компенсация тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки ҳисоб-китоб кунидаги лавозим маоши асосида ҳисобланади. 

Кўриб турганимиздек, жуда катта сумма келиб чиқади (таққослаш учун 2022 йилда 5 кунлик иш ҳафтаси учун иш кунларининг умумий сони 248 кун).  Уни ходим билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинган кунда тўлаш керак бўлади. Бошқа вариантлар йўқ.

 

Хулоса қиламиз:

Ходимларнинг фойдаланилмаган таътилларини  «тўплаш»  меҳнат қонунчилигининг қўпол равишда бузилишидир. Бу иш берувчининг чўнтагига ва ходимнинг соғлиғига таъсир қилади. 

Иш берувчи ходимга бутун меҳнат фаолияти учун ҳам иш ҳақи, ҳам барча фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация тўлайди. Таътиллар ўз вақтида тақдим қилинганда улардан фойдаланиш пайтида иш ҳақи ҳисобланмас эди. 

Ходим эса меҳнат қобилиятини тиклай олиш имкониятисиз 15 йил дам олмасдан ишлади. Бу унинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан йироқ эмас.

 

Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари /publish/doc/text185057_korhona_hodimga_15_yil_uchun_tatillar_qarz_bulsa