Пригодится каждому кадровику в сентябре:
Давлат идоралари иш жадвалини ўзгартира оладими
«Давлат идораси ходимларнинг илтимосига кўра баъзи ходимлар 5 кунлик иш ҳафтасига ўтиши, қолганлар эса 6 кунлик иш ҳафтасида қолиши учун ички буйруқ билан иш жадвалини ўзгартириши мумкинми?».
Саволга эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:
– Ҳа, мумкин, бу қонунчилик билан тақиқланмаган.
Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартларини, шу жумладан меҳнат шартномасида назарда тутилган шартларни ўзгартириш мумкин. Бюджет ташкилотларида ушбу масалани юқори турувчи ташкилот ёки давлат муассасаси тизимига кирувчи идора билан келишиш керак-керакмаслигини аниқлаштириш мақсадга мувофиқдир. Айниқса, агар меҳнат шартлари ўзгартирилиши иш вақти нормаси ва ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорига таъсир қилса .
Меҳнат шартларини ўзгартириш, улар қайси тартибда белгиланган бўлса, худди шундай тартибда амалга оширилади . Иш режимини корхонанинг ички ҳужжатларида (ИМТҚ, жамоа шартномаси) ўзгартириш керак бўлади. Шунингдек, агар меҳнат шартномасида бошқа иш режими кўрсатилган бўлса, ҳар бир ходим билан меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузиш керак.
Иш режимини ўзгартириш жараёни анча вақт талаб қилиши сабабли, аввал ушбу масалани диққат билан ўрганиб, иқтисодий нафни ҳисоблаб чиқинг.
Режим ўзгариши бошқа режимда ишлайдиган ташкилотнинг таркибий бўлинмалари, бошқа ташкилотлар, ҳамкорлар, буюртмачилар ва бошқалар билан ўзаро муносабатларга таъсир қилмайдими?
Иш берувчи ходимларнинг илтимосини рад қилиши мумкинми
Иш берувчи ходимларнинг иш вақти режимини ўзгартириш тўғрисидаги илтимосини рад этишга ҳақли. Бунда, агар иш берувчи ходимларнинг меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этса, у уларга рад этишнинг сабаби тўғрисида ёзма шаклда хабар қилиши керак .
Ходимлар касаба уюшмаси қўмитасига (ходимларнинг вакиллик органига) муаммони ҳал қилишда ёрдам сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Ўз навбатида, касаба уюшмаси қўмитаси ушбу масалани ҳал қилиш таклифи билан иш берувчига мурожаат қилишга ҳақли. Иш берувчи уни ўз вақтида кўриб чиқиши ва қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
Бундан ташқари, иш берувчи ходимларнинг манфаатларига тааллуқли қарорлар қабул қилишдан олдин, ходимларнинг вакиллик органи билан маслаҳатлашувлар ўтказиши шарт .