Ходимлар шикоят қилишса…

preview

“Ҳаммасидан кўпроқ мен ишда ходимларимизнинг доимий шикоятларидан чарчайман – гоҳ кайфияти ёмон, гоҳ бошлиқ асоссиз койиган, гоҳ ҳамкасблари чиқиштиришмайди. Мен ҳаммани тинглашимга, иш вақтини йўқотишимга тўғри келади, уйга жуда ҳорғин бораман...”

Ўқувчимизнинг саволини HR-маслаҳатчи Ирина ШАКИРОВА шарҳлаб беради:

 

Янги мақолалар ҳақида kadrovik.uz cайтида биринчилардан бўлиб билиш учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Ҳаммага таниш вазият. Салбий фикрларни тинглаш осон эмас, у бизнинг ҳолатимиз ва кайфиятимизга таъсир қилади. Лекин шикоятлар турлича бўлади.

Фойдали шикоят: ходим вазиятни яхшилаш истагида сизга реал муаммодан шикоят қилади. Масалан, иш жараёнида айни бир хато такрорланиб, бу ёқимсиз оқибатларга олиб келмоқда.

Бундай шикоятни эътибор билан тинглаш мумкин. Ҳамкасбингиздан, унинг фикрича, салбий вазиятни қандай ўзгартириш мумкинлиги ҳақида сўранг ва аниқ қадамлар қўйиши учун маслаҳат беринг. Мисол учун, раҳбарга таклиф билан мурожаат қилиш. Эҳтимол, келажакда ҳамкасбингиз шикоятчидан муаммоларни ҳал қилувчига айланса ажаб эмас.

Ҳиссиётларда шикоят қилиш: инсон ички енгилликни ҳис қилиш, ўзининг кўнгилсиз ҳиссиётларини енгиш учун тўпланиб қолган чарчоғини, таранглигини атрофдагиларга сочади. Бундай ҳамкасбни тинглаган ҳолда сиз беихтиёр шикоятчининг ҳиссиётларига қўшиласиз ва эҳтимол, ўзингиз ҳам руҳий хотиржамликни йўқотасиз.

Албатта, инсонни қўллаб-қувватлашни рад этмаслик керак. Яхшиси, ҳамкасбингизнинг ҳиссиётларига эмас, балки сўзларининг маъносига эътибор берган ҳолда, жимгина эшитган маъқул. Суҳбатдошингизнинг мақсади – тарангликни чиқариб ташлаш эканлигини ёдда тутинг, шу боис ҳар қандай маслаҳатлар, аниқлаштирувчи саволлар, эътирозлар фақатгина унинг ҳолатини оғирлаштиради. Бу ерда ҳамдардлик, самимий иштирок ва сизнинг хотиржамлигингиз ёрдам беради.

Ҳиссиётли шикоятчининг «ёйилиб кетиши»га имкон берманг. Шошилинч ишни баҳона қилиб шикоятлар оқимини тўхтатиш ёки ушбу суҳбатни бошқа вақтга қолдириш мумкин.

Агар ходим сиздан ўз фикрингизни билдиришингизни илтимос қилса, эҳтиёт бўлинг. Сиз қўллаб-қувватлаш истагида ортиқча гапириб юбориб, кейинчалик пушаймон бўлишингиз мумкин. Агар маслаҳат сўраса, тўғридан-тўғри тавсиялар беришдан қочинг ва қуйидаги савол билан жавоб беринг: «Сиз ўзингиз нима деб ўйлайсиз?», «Сизнингча, бу вазиятда нима қилиш керак?», «Сиз нима қилмоқчисиз?».

Ҳар доим ва ҳамма нарсадан шикоят қиладиган одамлар бор. Бундай одамларда ички муаммолар ва умумий ҳаётдан қониқмаслик бўлади. Сиз доим уларни тинглаш билан уларга ёрдам беролмайсиз. Шу боис объектив сабабларни баҳона қилиб, бундай суҳбатлар вақтини қисқартиринг. Агар сиз дўстона муносабатда бўлсангиз, бундай доимий норозилик сизга бахтли бўлишга ёрдам бермайди ва атрофдагилар билан муносабатни яхшиламайди, деб очиқ айтиш мумкин.

Шикоят-манипуляция: инсон ўзини намоён қилиш, билимсиз ёки ишчан бўлмаган ҳамкасблари орасида ўзини яхши томондан кўрсатиш мақсадида ҳаққоний бўлмаган ёки бузиб кўрсатилган ахборотни беради. Компаниядаги руҳий муҳитни, одамлар ўртасидаги ишончни бузадиган шикоятнинг энг ёмон тури.

Бундай шикоятларга ички одоб-ахлоқ қоидалари тарзида тўсиқ қўйиш лозим. Ходимлар ўзаро ҳамкорлигининг қуйидаги тамойилларини бутун жамоа учун мажбурий қилиш мумкин ва лозим:

  • муаммо ва камчиликларни кимга тегишли бўлса, ўшаларнинг барчаси ҳозирлигида (уларнинг ортидан эмас) очиқ муҳокама қилиш;
  • ходимларни ким, қачон ва қандай баҳолашини аниқ белгилаш (одатда, бу бевосита раҳбарнинг алоҳида ҳуқуқи);
  • тўлиқ ва ҳаққоний бўлмаган ахборотни (миш-миш гаплар ва ғийбатлар) тарқатишга нисбатан тақиқ.

Умуман, агар компанияда ҳиссиётда шикоятлар ва шикоят-манипуляция кенг тарқалса, корпоратив маданият: ўз бошқарув кўникмаларингиз, ишчанлик алоқаларингиз, стрессга чидамлилигингиз устида ишлашингиз керак. Ва албатта, ҳар вақт иш жараёнларини яхшилаш, жамоангиз дуч келадиган реал муаммоларни ҳал қилиш устида ишлашингиз даркор. Компания ичида мулоқот маданиятини ривожлантиришнинг асосий шарти: юқори ва ўрта бўғин раҳбарлари амалий ишчан мулоқотнинг намунаси бўлиши ва қўл остидагиларда бундай мулоқотни барча усуллар билан «тарбиялаши» керак.