МКни бузмаслик учун ишга танлов асосида қабул қилишни қандай ўтказиш керак

preview

«Директор ишга қабул қилишда суҳбатдан ташқари танлов асосида саралашни жорий қилмоқчи. Бу хусусий компания учун мақбулми? Танлов тўғрисида алоҳида ички ҳужжат ишлаб чиқиш керакми?».

Саволларга 2023 йил 30 апрелдан кучга кирган янги МК қоидаларини ҳисобга олган ҳолда «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

 

Экспертларнинг тушунтиришларини ўқиш учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Янги Меҳнат кодекси тўғридан-тўғри ишга қабул қилиш чоғида суҳбат ва танлов асосида саралаш ўтказишга имкон беради . Ушбу ҳуқуқ ташкилий-ҳуқуқий, мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар, барча ташкилотларга берилади.

Ҳар хил турдаги ишлар ва лавозимлар учун маълум малака талаблари белгиланади. Иш берувчи учун эса касбий ва ишбилармонлик сифатлари бўйича ушбу талабларга жавоб берадиган ходимни танлаши муҳимдир. Шунинг учун иш берувчи қуйидагиларга ҳақли:

  • номзодлар билан суҳбатлар ўтказиш;
  • ишга қабул қилишнинг танлов тартибини қўллаш.

 

Танлов асосида саралашга  нима асос бўлиб хизмат қилади

Ишга қабул қилишни рад этиш асосланган бўлиши керак. Шунинг учун бўш лавозим учун қабулни  танлов асосида саралаш тўғрисидаги ички низом асосида ўтказинг. Иш берувчи уни касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда тасдиқлайди. Низом қонунчилик нормаларига зид келмаслигини таъминлаш учун уни тузишда юрист жалб қилиниши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, HR, кадрлар бўйича мутахассис ва компаниянгизнинг бошқа мутахассислари танлов мезонлари ва номзодларни баҳолаш усулларини, уларни саралаш параметрларини ва бошқаларни шакллантиришга ёрдам беради.

Эътибор беринг

Иш берувчиларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ишга қабул қилишда танлов ўтказиш тўғрисида Намунавий низом ишлаб чиқди. Аммо унинг баъзи бандлари маълум саволларни туғдирди, биз уларни «Ишга қабул қилишда танлов ўтказиш тўғрисидаги Намунавий низом тасдиқланди: экспертлар фикри» мақоласида ёритдик.

 

Ушбу ташкилотдаги ишга номзод, агар бу ички ҳужжатда назарда тутилган бўлса, ўз навбатида, суҳбатдан ўтиши ва танловда иштирок этиши шарт. Ходимнинг ушбу босқичлардан ўтишни истамаслиги ишга қабул қилишни рад этиш учун қонуний асос ҳисобланади.

Иш берувчи танлов ўтказиладиган сана ҳақида номзодга камида бир ҳафта олдин хабар қилади .

Эслатиб ўтамиз

Ишга қабул қилиш рад этилган номзод рад этиш сабабларини ёзма асослашни талаб қилишга ҳақлидир. Ташкилот ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган бундай ҳужжатни сўров олинган кундан бошлаб уч кун ичида тақдим этиши шарт.

 

Алоҳида ҳолларда танлов асосида саралаш тартиби қонунчилик билан белгиланиши мумкин. Масалан, олий таълим муассасаларига педагог ходимларни қабул қилишда 10.02. 2006 йилдаги 20-сонли ВҚМ билан тасдиқланган Низом талабларига риоя қилиш керак.