Меҳнат стажи ҳақида нималарни билиш керак
Меҳнат стажи – бу нима
Меҳнат стажи – бу инсон қонунда белгиланган шартларга риоя қилган ҳолда ишлаган, хизмат қилган ёки кимнидир (масалан, бола ёки ногиронлиги бўлган шахсни) парваришлаган умумий вақт миқдори. Бу вақт пенсия, таътил, нафақа ва бошқа тўловларни ҳисоблашда ҳисобга олинади.
Стажнинг қандай турлари бўлади
|
Стаж тури |
Нималар ҳисобга олинади |
|
Умумий меҳнат |
Меҳнат ва ижтимоий фойдали фаолиятнинг бутун даври |
|
Махсус |
Имтиёзлар берувчи шароитлардаги/лавозимлардаги иш |
|
Мутахассислик бўйича |
Ҳужжатлар билан тасдиқланган малака бўйича иш |
1️. Умумий меҳнат стажи
Бу бутун меҳнат фаолиятининг умумий давомийлиги, шу жумладан:
- меҳнат шартномаси бўйича ишнинг;
- давлат хизматининг;
- ҳарбий хизматнинг;
- бола ёки ногиронлиги бўлган шахсни парваришлашнинг;
- бошқа ижтимоий фойдали фаолиятнинг (масалан, қурилиш отрядларида иштирок этиш, олий ўқув юртларида педагогик амалиёт ўташ – агар бу норматив ҳужжатларда кўрсатилган бўлса).
Амалий аҳамиятини йўқотган узлуксиз иш стажидан фарқли, умумий меҳнат стажи қуйидаги ҳолларда ҳамон муҳим бўлиб қолмоқда:
- вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ҳисоблашда
; - айрим ижтимоий имтиёзларга эга бўлишда;
- кўп йиллик хизмат учун устамаларни белгилашда;
- пенсия тайинлашда ва ҳоказо.
2️. Махсус меҳнат стажи
Махсус стаж – бу имтиёзлар олиш ҳуқуқини берадиган муайян шароитлар ёки муайян лавозимлардаги меҳнат фаолияти даврларидир. Махсус стаждан асосан пенсия ёки қўшимча таътиллар тайинлашда фойдаланилади.
Махсус стаж турлари қуйидагиларга бўлинади:
|
Меҳнат шароитларига кўра |
Иш мазмунига кўра |
|
|
Меҳнат шароитлари ва иш мазмунига кўра ажратилган стаж пенсия таъминотида, шу жумладан умумбелгиланган ёшни камайтирган ҳолда имтиёзли пенсия учун, муайян имтиёзлар олиш ҳуқуқини беради
.
Масалан, махсус мактабда 25 йил ишлаган ўқитувчи имтиёзли шартларда ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга: аёллар – 50 ёшда, эркаклар – 55 ёшда
.
Махсус стажни ҳисоблашнинг махсус қоидалари қуйидагиларга пенсия тайинлаш учун назарда тутилган:
- кон саноатидаги етакчи касб эгалари бўлган ходимларга
; - бевосита ерости ва очиқ кон ишларида кўмир, маъданлар ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олишда, шахталар ва конлар қурилишида тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимларга (1-сонли рўйхат, II-қисм);
- учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимларга
; - мавсумий ишчиларга.
Ходимларнинг айрим тоифаларига имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқи, шу жумладан махсус иш стажи, тасдиқланган шакл бўйича ташкилотнинг аниқлаштирувчи маълумотномалари (СТИР кўрсатилган ҳолда) билан тасдиқланади
Имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини аниқлашда қуйидаги даврлар махсус иш стажига қўшилмайди
:
- иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар;
- асосий ишдан бошқа ишлар билан шуғулланиш (ўқув таътиллари, малака ошириш курслари, бекор туриш ва ҳоказолар);
- болани парваришлаш таътиллари;
- қисқартирилган иш кунида ишлаш;
- касби бўйича лавозимда ўриндошлик асосида ишлаш даврлари.
3️. Мутахассислик бўйича иш стажи
Мутахассислик бўйича иш стажи – ходим таълим олиш натижасида олган ёки ҳужжат (диплом, гувоҳнома, сертификат ва бошқалар) билан тасдиқланган ўз малакаси бўйича меҳнат фаолиятини амалга оширган давр. Масалан,
- аниқ касб бўйича иш тажрибасига талаблар белгиланган лавозимларга қабул қилишда;
- аттестациядан ўтишда;
- тариф тоифасини белгилашда;
- суд, тергов ва ҳуқуқ соҳаларидаги лавозимларга тайинлашда.
.Стаж қандай ҳисобланади
Меҳнат стажини ҳисоблаш тартиби қонунчилик томонидан тартибга солинади. Мақсадга қараб, турли қоидалар қўлланилади ва маълум иш даврлари ҳисобга олинади. Иш стажи – пенсиялар, таътиллар, устамалар, компенсациялар, ижтимоий кафолатлар ва имтиёзларни ҳисоблашда асосий параметр.
1. Ёшга доир пенсия тайинлаш учун иш стажи
Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, ҳамда аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар
. Бунда камида 20 йиллик иш стажи бўлган аёллар 54 ёшга тўлганда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўладилар
.
Иш стажи етарлича бўлмаганда бор стажга мутаносиб миқдорда ёшга доир пенсия тайинланади
.
22 йил ишлаган ва 54 ёшга тўлган ходима, агар унинг меҳнат фаолиятининг барча даврлари учун Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган бўлса, ёшга доир пенсияга муддатидан олдин чиқишга ҳақли.
Пенсия тайинлаш учун стажга иш ва бошқа фаолият даврлари қўшиб ҳисобланади
:
- 2019 йил 1 январга қадар – ходим, давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда, бажарган ҳар қандай иш;
- 2019 йил 1 январдан кейин – ходим томонидан бажарилган ҳар қандай иш, башарти меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса, шунингдек ихтиёрий асосда ижтимоий солиқ тўланган давр;
- бошқа даврлар.
Бошқа даврларга қуйидагилар киради:
- ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида, ЎзР. Миллий гвардиясида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;
- ҳарбийлаштирилган қўриқлашдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;
- якка тартибдаги меҳнат ва оилавий тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан шахсий ёрдамчи хўжаликдаги ва юридик шахс ташкил этилмаган ҳолдаги деҳқон хўжалигидаги фаолият;
- I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 18 ёшгача бўлган, ногиронлиги бор болага, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларга қараб турилган вақт;
- олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, катта илмий ходим-изланувчилар институтида, таянч докторантурада, докторантурада ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш;
- бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда – кўпи билан 6 йил;
- офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақт, лекин 10 йилдан ошмаган давр;
- Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг хотини (эри) чет элда бўлган, лекин 10 йилдан ошмаган давр;
- озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўташ даврида бажарадиган ҳар қандай иши, агар ушбу иш бажарилган давр учун жазони ижро этиш муассасаси томонидан ижтимоий солиқ тўланган бўлса.
Ходим пенсия тайинлаш учун ҳужжатларни тайёрламоқда. Институтга киришдан олдин у 3 йил коллежда ўқиган. У пенсия ёшига етгунга қадар 19 йиллик меҳнат стажига эга бўлган.
Коллеж ва ОТМда ўқиган йиллари пенсия учун стажга қўшиладими? Ва бу даврнинг неча йили ҳисобга олиниши мумкин?
Бутун ўқиш давридан фақат 4 йил ОТМда кундузги ўқиш ҳисобга олинади.
Коллежда ўқиш (3 йил) пенсия тайинлаш учун стажга киритилмайди.
Ёшга доир пенсия тайинлаш ҳуқуқини берувчи иш стажига кундузги ўқиш қўшиб ҳисобланади
:
- ОТМ (шу жумладан чет элдаги);
- аспирантура, докторантура ва шунга ўхшаш илмий дастурлар.
ОТМда кундузги таълим шаклида ўқиш даври (4 йил) ушбу ҳолатда стажга қўшиб ҳисобланиши мумкин, чунки:
- ОТМда ўқиш кундузги бўлган;
- ходимнинг камида 7 йиллик меҳнат стажи мавжуд бўлиб, бу қонун талабига тўғри келади.
Коллежда ўқиш даври (3 йил) стажга қўшилмайди, чунки коллеж, техникум ёки лицейда ўқиш қонунда стажга қўшиладиган даврларга киритилмаган.
Ташкилотга ишга жойлашган ходим илгари Қозоғистон Республикасида ишлаганини маълум қилди. Шу муносабат билан уни қуйидаги савол қизиқтиради: бу давр Ўзбекистонда пенсияга чиқишда умумий меҳнат стажига қўшиладими, йўқми? Шу билан бирга у Қозоғистонда берилган меҳнат дафтарчаси ва аввалги иш жойидан маълумотнома тақдим этди.
Хорижда орттирилган меҳнат стажи, агар давлатлар ўртасида тегишли халқаро шартнома тузилган бўлса, Ўзбекистон Республикасида пенсияга чиқишда ҳисобга олиниши мумкин. Бундан ташқари, чет элда ишланган даврлар, қуйидагилар тўланган тақдирда, меҳнат стажига қўшилади
:
- 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари;
- 2019 йил 1 январдан – ягона ижтимоий тўлов;
- 2020 йил 1 январдан – ижтимоий солиқ.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 13.03.1992 йилдаги “Пенсия таъминоти соҳасида МДҲ қатнашчилари бўлган давлатларнинг фуқаролари ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги Битим, шунингдек 04.04.2021 йилдаги «Меҳнат фаолияти ва меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Битим амал қилади. 13.03.1992 йилдаги Битимга кўра,13.03.1992 йилгача бир давлат ҳудудида орттирилган меҳнат стажи бошқа давлатда пенсия тайинлашда ҳисобга олинади (Битимнинг 6-моддасининг 2-банди).
Чет элда бўлиш даври қуйидагилар асосида тасдиқланади
:
- меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар ёки иш берувчи томонидан тақдим этилган меҳнат шартномасига оид маълумотномалар;
- Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «Labor-migration» дастурий мажмуасидаги маълумотлар;
- паспортдаги Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтганлик тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар);
- Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг бошқа давлатда бўлиш даври ва консуллик ҳисобига қўйилганлик тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган тегишли ҳужжатлари.
Хорижда меҳнат шартномаси асосидаги иш стажи ҳисобга олиниши учун, Ўзбекистон Республикасида тўловларни тўлаш шартларига риоя этиш зарур
:
|
Давр |
Тўлов турлари |
Миқдори |
|
2019 йил 1 январга қадар |
Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари |
ҳар ойда БҲМ 1 баравари |
|
2019 йил 1 январдан 2019 йил 31 декабрга қадар |
Ягона ижтимоий тўлов |
БҲМ 4,5 баравари |
|
2020 йил 1 январдан кейин |
Ижтимоий солиқ |
1 йилга БҲМ 1 баравари |
Ходим ижтимоий солиқни тўлашни қуйидаги тартибда амалга ошириш ҳуқуқига эга:
- ҳар ойда ёки ҳар чоракда;
- бир йўла – Ўзбекистонга келган кунидан бошлаб уч йил мобайнида.
Бизда 0,5 ставкада ишлайдиган ходимлар бор (оилавий шароитига кўра). Улардан бири бу иш стажини «қисқартиради» деб хавотирда. Бу қанчалик тўғри?
Умумий стажни ҳисобга олиш учун асосийси ставка ҳажми эмас, балки расмий бандлик факти ва суғурта бадалларини тўлашдир. Ходим 0,25 ёки 0,5 ставка ишлаган тақдирда ҳам иш кунлари стажга тўлиқ қўшилади.
Ходима яқин орада пенсияни расмийлаштиришни режалаштирмоқда. У 2015 йилда тугатилган ташкилотда ишлаган. Агар унинг меҳнат дафтарчаси бор бўлса, лекин унга иш ҳақи тўғрисида маълумотнома берадиган ҳеч ким бўлмаса, у ўз меҳнат стажини қандай қилиб тасдиқлаши мумкин? Иш стажи ҳисобга олиниши ва пенсия тайинлашда муаммолар юзага келмаслиги учун қандай ҳужжатларни тўплаш ва қаерга мурожаат қилиш керак?
Меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади
.
Агар ташкилот тугатилган бўлса, лекин ходимнинг қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасида иш тўғрисида ёзув мавжуд бўлса, ушбу маълумотларни ЯММТга киритиш мажбурияти охирги иш берувчининг зиммасига юклатилади
.
Маълумотлар ЯММТга киритилганда иш даврлари ҳақидаги маълумотлар автоматик тарзда акс эттирилади. Ҳамда пенсияни расмийлаштириш учун иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномалар ва бошқа ҳужжатлар энди талаб этилмайди
. Шахснинг пенсияга бўлган ҳуқуқи ахборот тизимларидан олинган маълумотларга асосан аниқланади
.
Бундан ташқари, тегишли тартиб-таомилдан ўтган тугатилган корхоналар кадрлар ва бухгалтерия ҳужжатларини давлат архивларига топширган бўлишлари керак. Шу сабабли, иш стажини тасдиқлаш мақсадида, иш ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани олиш учун архив органларига мурожаат қилиш мумкин.
Айрим ҳолларда солиқ органлари ёрдам беради, улар кўрсатилган даврда ходим учун солиқлар тўланганлиги бўйича маълумотларни тасдиқлаши мумкин – бу ҳам стажнинг исботи ҳисобланади.
Ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда ходим судга мурожаат қилишга ҳақли.
2. Имтиёзли пенсия тайинлаш учун иш стажи
Имтиёзли пенсия, тасдиқланган касблар ва лавозимлар рўйхатларига мувофиқ, алоҳида меҳнат шароитларида банд бўлган ходимларга тайинланади. Иш стажига фақат кўрсатиб ўтилган шароитларда тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган иш даврлари киритилади.
Ходим махсус иш стажига эга бўлган тақдирда пенсияни муддатидан олдин, яъни белгиланган пенсия ёшига етгунга қадар, расмийлаштиришга даъвогарлик қилиши мумкин. Бундай стаж пенсия таъминоти бўйича имтиёзлар назарда тутилган айрим лавозимларда ва ўзига хос меҳнат шароитларида – зарарли, оғир, ўта хавфли ва бошқа шароитларда меҳнат вазифаларини бажариш ҳисобига шакллантирилади
.
Махсус стаж имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, касблар, лавозимлар ва ташкилотлар Рўйхатлари
асосида белгиланади. Уларни қўллаш тартиби Йўриқномада белгиланган
.
Махсус стаж таркибига, қоидага кўра, қуйидаги даврлар киритилади:
- иш куни давомида тўлиқ иш билан таъминланган ҳолда имтиёзли лавозимларда ёки қонун ҳужжатларида белгиланган шартларда ишлаш;
- ўқиш даврида ходим ўз мажбуриятларини тўлиқ иш куни давомида бажарган тақдирда, олий ўқув юртида ўқиш
.
Математика ўқитувчиси заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактабда ишлади. Ҳозир у пенсияга чиқмоқчи ва муддатидан олдин (имтиёзли) пенсия олиш ҳуқуқига эга эканлигини тасдиқлашни сўрамоқда. Бу давр махсус стажга кирадими?
Педагогик ишларнинг 8та йўналиши, ўқув синфларининг алоҳида тоифалари ва уларнинг тўлдирилиш минимуми белгиланган
.
Ўқув йили имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига киритилиши учун, эшитмайдиган болалар учун махсус мактаб ўқитувчисининг синфида маълум ўқувчилар сони бўлиши керак:
- бошланғич синфларда – камида 8та;
- юқори синфларда – камида 10та.
Шунингдек иш вақти давомийлиги меъёрлари – педагогик юклама ҳам муҳим аҳамиятга эга
. Қисқартирилган иш куни белгиланадиган алоҳида меҳнат хусусиятига эга ходимлар рўйхатига мувофиқ иш вақтининг давомийлиги қуйидагича белгиланган
:
1) мактабларнинг, барча турдаги ва номдаги мактаб-интернатларнинг 1–4 синф ўқитувчилари, логопед-ўқитувчилари, дефектолог-ўқитувчилари, академик лицейларнинг логопедия кабинетлари мудирлари учун – ҳафтасига 18 соат;
2) мактаблар ва барча турдаги ва номдаги мактаб-интернатларнинг 5–11 синф ўқитувчилари учун – ҳафтасига 20 соат;
3) профессионал таълим муассасаларининг барча мутахассисликлар ўқитувчилари учун – йилига 800 соат.
Масалан, ўрта мактаб ўқитувчиси (5–11 синфлар) ногирон болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасасида 25 йил ишлаган:
- 15 йил иш вақти давомийлиги ҳафтасига 20 соат ва ундан ортиқ бўлган;
- 10 йил – ҳафтасига 20 соатдан кам.
Мазкур педагогнинг имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берувчи махсус иш стажи талаб этиладиган 25 йилдан 15 йилни (ҳафтасига 20 ва ундан ортиқ соатдан ишлаш даври) ташкил этди. Иш вақтининг давомийлигига қўйиладиган талабга риоя қилинмаган, имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқи вужудга келмайди.
Ходим бизга ишга жойлашмоқда, аммо ЯММТда унинг 2000 йилдан 2005 йилгача бўлган даврда зарарли ишлаб чиқаришда ишлаганлиги тўғрисида маълумот йўқ. Унинг меҳнат стажини қандай тасдиқлаш мумкин, чунки ходим муддатидан олдин пенсияга чиқиш ниятида?
Мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча иш берувчилар ўзларида ишлаётган ходимларининг аввалги иш жойи тўғрисидаги маълумотларни ЯММТга киритишлари шарт
.
Агар ЯММТда меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган бўлса, лекин қоғоз шаклдаги меҳнат дафтарчаси билан тасдиқланган бўлса, ходим ушбу маълумотларга ЯММТда тузатиш киритиш учун мустақил равишда ариза бериши мумкин. Ҳаракатларнинг батафсил алгоритми – тавсияномада.
Ташкилот тугатилган тақдирда, тасдиқловчи ҳужжатларни олиш учун давлат архивига сўровнома юбориш лозим. Архивда ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, судга ариза билан мурожаат қилиш керак
.
.3. Ҳар йилги меҳнат таътилини тақдим этиш учун иш стажи
Ҳар йилги таътилни бериш учун стажга бир ташкилотда ҳақиқатда ишлаган барча даврлар киритилади
.
Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврлари, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ҳамда МК 226-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган бошқа даврлар ҳам таътил учун стажга қўшилади. Меҳнат таътили учун иш стажига қайси даврлар киритилиши, қайсилари эса киритилмаслиги ҳақида батафсил – жадвалда.
Ходима болани 3 ёшга тўлгунига қадар парваришлаш таътилидан чиқади. Бунга қадар у ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган. Ҳозир у ўтган давр учун унга неча кун таътил берилиши кераклигини сўраяпти. Болани парваришлаш таътилини стаждан чиқариб ташлаш керакми? Ҳар йилги меҳнат таътилини бериш учун стажни қандай тўғри ҳисоблаш керак?
Ходимда йиллик таътил олиш ҳуқуқи юзага келадиган иш даври ходим ишга қабул қилинган кундан эътиборан ҳисобланади.
Ҳар йилги таътилни олиш ҳуқуқини берадиган ушбу стажга фақат ходим
:
- меҳнат мажбуриятларини ҳақиқатда бажарган;
- вақтинча ишламаган, аммо унинг иш ўрни сақланган (шу жумладан ҳомиладорлик ва туғиш таътилида) ва бошқа даврлар киритилади.
Болани 3 ёшга тўлгунига қадар парваришлаш таътили эса ҳар йилги таътил олиш ҳуқуқини берадиган стажга кирмайди
. Демак, мазкур ҳолда ҳар йилги меҳнат таътили берилиши лозим бўлган иш йили болани парваришлаш таътилидан ҳақиқатда фойдаланилган вақтга «узайтирилади». Агар жорий иш йилида ходимда фойдаланилмаган ҳар йилги таътил кунлари бўлса, болани парваришлаш таътили тугагач, иш берувчи ходимнинг хоҳишига кўра фойдаланилмаган таътил кунларини бериши шарт
.
Таътил стажини ҳисоблашда нафақат таътилнинг давомийлиги, балки бу даврнинг хусусияти ҳам муҳимдир: у ҳақ тўланадиган вақтга кирганми, меҳнат вазифалари бажарилганми, йўқми.
Ходима 2022 йил 1 мартдан 4 июлгача ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган – бу давр иш стажига қўшилади. Кейин 2022 йил 5 июлдан 2025 йил 8 майгача болани парваришлаш таътилида бўлган. 2025 йил 10 майдан ишга қайтган.
Унга таътил берилиши лозим бўлган иш йили болани парваришлаш таътили бошланган вақтда – яъни 2022 йил 5 июлда узилади. 2022 йил 5 июлдан 2025 йил 8 майгача бўлган давр ҳар йилги меҳнат таътилини бериш учун стажга қўшилмайди.
Ходимада 2022 йилда болани парваришлаш таътилини расмийлаштиргунга қадар 4,5 ойдан сал кўпроқ иш стажи тўпланган. Таътил стажини янгидан ҳисоблаш 2025 йил 3 январдан – ҳақиқатда ишга чиққан пайтдан бошланади. 2022 йил учун ушбу таътил кунлари «куймайди» ва ходимага ишга чиққандан кейин берилиши мумкин.
Жадвал
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда болани 3 ёшга тўлгунига қадар парваришлаш таътилини ҳисобга олган ҳолда, ҳар йилги таътилни бериш учун стажни ҳисоблаш:
|
Давр |
Бошланиш санаси |
Тугаш санаси |
Таътил стажига киради |
Стаждаги кунлар |
|
Декретга қадар иш |
01.01.2022 |
28.02.2022 |
Ҳа |
59 |
|
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили |
01.03.2022 |
04.07.2022 |
Ҳа |
126 |
|
Болани 3 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътили |
05.07.2022 |
08.05.2025 |
Йўқ |
– |
|
Парваришлаш таътилидан кейинги иш |
10.05.2025 |
– |
Ҳа |
- Болани парваришлаш таътили қандай берилади
- Иш ҳақи сақланмайдиган таътил кимларга ва қандай берилади
- Иш ҳақи қисман сақланадиган таътилни қандай бериш керак ва у иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан нимаси билан фарқ қилади
- Ишдан бўшатиш нафақаси: кимларга, қачон ва қандай тўлаш керак
- Иш ҳақи сақланмайдиган таътил кимларга ва қандай берилади


Канал в телеграм