Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ходимнинг розилигисиз лавозим йўриқномасини ўзгартириш мумкинми?
Иш берувчи баъзи ходимларнинг лавозим йўриқномаларига қўшимча киритиб, мутахассисликлари бўйича янги талаблар қўйиб, мажбуриятлари доирасини кенгайтирмоқчи. Буни қандай қилиб тўғри бажариш мумкинлиги ҳақида меҳнат ҳуқуқи бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА гапириб берди:
– Ходимнинг мажбуриятлари, одатда, меҳнат шартномасида кўрсатилади. Аммо кўпгина ташкилотлар шартномани «оғирлаштирмаслик» учун уларни лавозим йўриқномасида батафсилроқ қайд этадилар . Шунингдек, унда маълумоти ва муайян лавозимдаги иш тажрибасига қўйиладиган талаблар ҳам белгиланади. Ходимнинг лавозим йўриқномаси (ва корхонанинг унинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ бошқа локал ҳужжатлари) билан меҳнат шартномаси тузишдан олдин таништириш керак.
Қуйидаги ҳолларда уни йўриқнома билан тилхат олиб таништиринг:
- ишга қабул қилиш;
- бошқа ишга ўтказиш (доимий ёки вақтинчалик);
- МКда назарда тутилган ҳолларда иш билан таъминлаш тартибида ходимга бошқа иш ёки вакант лавозим таклиф қилиш.
– Меҳнат мажбуриятлари доирасини кенгайтириш ва лавозим йўриқномасига тегишли ўзгартириш киритиш учун ходим ёки вакиллик органининг розилигини олиш керакми?
– Локал норматив ҳужжатлар қандай қабул қилинган бўлса, шундай тартибда ўзгартирилади. Қоида тариқасида, амалда иш берувчи ходимларнинг лавозим йўриқномаларини мустақил равишда тасдиқлайди. Шунингдек, улар баъзида корхонада мавжуд бўлса, ходимларнинг вакиллик органи билан келишилади.
Локал норматив ҳужжатлар қандай қабул қилинган бўлса, худди шундай тартибда ўзгартирилар экан, агар лавозим йўриқномалари ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган бўлса, у ҳолда уларга ўзгартириш киритилишини ҳам келишиш лозим. Иш берувчи йўриқномаларни мустақил равишда тасдиқлаган бўлса, уларга мустақил равишда ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга.
Аммо бунда бир жиҳат бор. Ходим меҳнат шартномасини имзолашдан олдин лавозим йўриқномаси билан танишиб чиқади ва лавозим йўриқномасида қайд этилган мажбуриятлари ҳажми ва мазмунига қараб, меҳнат муносабатларига киришишга розилик беради. Шу сабабли мазмуни ўзгартирилган йўриқномалар фақат янги қабул қилинадиган кадрларга нисбатан татбиқ этилади.
Ишлаётган ходимлар лавозим йўриқномаларида белгиланган янги нормаларни бажаришлари учун уларни ўзгартиришлар билан таништирибгина қолмай, балки розиликларини олиш керак.
Лавозим мажбуриятлари ўзгартирилишига ёзма розилик бермаган ходим аввалги шартларда ишлашни давом эттириш ҳуқуқига эга.
Меҳнат вазифасини ўзгартириш ҳақида гапирадиган бўлсак, иш берувчи уни бир томонлама тартибда, шу жумладан лавозим йўриқномасига ўзгартириш киритиб ўзгартиришга ҳақли эмас. Бу МКнинг 73-моддаси талабларига зид, унга биноан ходимнинг меҳнат вазифаси (яъни мутахассислиги, малакаси, у ишлайдиган лавозим) меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви билан белгиланади.