Пригодится каждому кадровику в ноябре:
“Вазифа бажарувчи”ни тайинлаш тартиби
Ташкилотда бўлим бошлиғи вакант иш жойи пайдо бўлди. Раҳбар бу лавозимга ташкилот ходимини тайинламоқчи, аммо аввал уни бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчиси қилмоқчи. Буни қандай расмийлаштириш кераклигини “Норма” мутахассиси, ҳуқуқшунос Ленара Ҳикматова тушунтирди:
– “Меҳнат қонунчилигида “вазифасини бажарувчи” (в.б) ёки “вақтинча вазифасини бажарувчи” (в.в.б) деган тушунчалар мавжуд эмас. Бу норасмий атама бўлиб, одатда кадрлар бўйича мутахассислар ходимнинг асосий иши билан бирга қўшимча меҳнат вазифаларини бажаришини ёки асосий лавозимидан “озод этилиб”, бошқа лавозим ишини бажаришини назарда тутишади.
Агар ташкилотда бўлим бошлиғи вакансияси бўлса ва раҳбар уни четдан янги ходим жалб қилмай “тўлдирмоқчи” бўлса, буни бир нечта усул билан амалга ошириш мумкин.
1.Ташкилотнинг бошқа ходимини вақтинча вакант лавозимга ўтказиш.
Умумий қоидага кўра, бошқа ишга вақтинчалик ўтказишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади . Бошқа ишга ўтказиш муддати тугагач, иш берувчи ходимга унинг аввалги ишини бериши ёки доимий ўтказишни расмийлаштириб, янги лавозимда қолдириши керак .
Вақтинча бошқа ишга ўтказиш ходимнинг ёзма аризаси асосида чиқарилган буйруқ билан расмийлаштирилади . Меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузилмайди . Вақтинча бошқа ишга ўтказишнинг барча жиҳатлари (ўтказиш муддати, тўлов, иш тартиби, мажбуриятлари ва б.) буйруқда кўрсатилади.
Ходимнинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказишга фақат ишлаб чиқариш зарурияти ёки ишнинг бекор туриб қолиниши муносабати билан йўл қўйилади. Бошқа ишга ўтказиш муддатининг чегараси, меҳнатга тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори, энг муҳими, ишлаб чиқариш зарурияти деб ҳисобланадиган ҳолатлар жамоа шартномасида белгиланади. Агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб аниқланади .
2. Ишлаётган ходимлардан бирига унинг розилиги билан ўриндошликни расмийлаштириш
Бу вазиятда қўшимча иш асосий иш учун белгиланган иш вақти давомида бажарилади .
Масалан, ходим ўзининг асосий иш вақти давомида 9.00 дан 18.00 гача бўлим менежери лавозимини худди шу бўлимнинг бошлиғи лавозими билан бирга қўшиб олиб боради. Яъни, бир вақтнинг ўзида икки лавозим мажбуриятларини бажаради.
Ўриндошликни расмийлаштириш учун ходим билан меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузинг. Унда ўриндошлик ишининг аниқ мажбуриятларини, қўшимча ишни бажариш муддати, унга тўланадиган қўшимча ҳақ миқдорини кўрсатиб ўтинг.
Қўшимча меҳнат ҳақи томонларнинг келишувига кўра аниқланади ёки жамоа шартномасида ёки ташкилотнинг бошқа локал ҳужжатида кўрсатилган бўлади .
Бюджет ташкилотларида ўриндошлик учун қўшимча ҳақ тўлаш:
- бир неча касб ва лавозимда ишланаётган лавозим бўйича маошнинг (тариф ставкасининг) 50 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас;
- меҳнатга ҳақ тўлаш фондида назарда тутилган маблағлар доирасида тўланади.
Келишув асосида вакант лавозимда ўриндошлик асосида вақтинча вазифаларни бажариши ҳақида буйруқ чиқаринг ва ходимни имзо қўйдириб, буйруқ билан таништиринг.
3. Ташкилот ходимларидан бирига унинг розилиги билан ички ўриндошликни расмийлаштириш.
Ички ўриндошлик асосий ишидан бўш вақтда худди шу ташкилотда бошқа меҳнат шартномаси асосида бошқа ишни бажаришни назарда тутади. Яъни, ички ўриндошлик учун алоҳида меҳнат шартномаси тузилади.
Масалан, 9.00 дан 18.00 гача ходим сотув бўлими менежери вазифасини, 18.00 дан 20.00 гача эса худди шу бўлимнинг бўлим бошлиғи вазифасини бажаради.
Ички ўриндошлик қўшимча иш асосий иш билан бир хил вақтда бажариладиган ўриндошлик асосидаги ишдан шуниси билан фарқ қилади.
Яна ички ўриндошликда алоҳида меҳнат шартномаси, ўриндошлик асосидаги ишда эса меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузилади.
Ички ўриндошнинг меҳнатига меҳнат шартномасига кўра ҳақ тўланг:
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида –ишланган вақтга мутаносиб равишда;
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай шаклида – ҳақиқатда бажарилган иш учун .
Умумлаштирамиз:
Ўриндошлик ва бир неча касб ва лавозимда ишлашда ходим иккита лавозим мажбуриятларини бажаради:
- бир неча касб ва лавозимда - иш вақти давомида асосий лавозим бўйича;
- ўриндошликда - асосий ишидан бўш вақтида.
Вақтинчалик ишга ўтказилаётганда эса у фақат битта вакант лавозим мажбуриятларини бажаради.
Ҳар бир алоҳида ҳолатда сизга қайси усул мос келишини ишлаб чиқариш манфаатлари ва ходимнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда танлашингиз мумкин.