Пригодится каждому кадровику в декабре:
Бўш иш ўрни бўла туриб ходим ФҲШ бўйича ишламоқда
Ходим 4 ой давомида фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича бухгалтер вазифасини бажармоқда. Штат жадвалида бухгалтер лавозими бор, бироқ директор уни «штатга» расмийлаштирмоқчи эмас. Бу ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланмайдими?
Ушбу саволга «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
– «Меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича муносабатлар турли норматив ҳужжатлар билан тартибга солиниши боис бир-биридан принципиал фарқ қилади.
Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома (ФҲШ) – меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларнинг юзага келиши, ўзгариши ва бекор қилиниши тартибини белгиловчи шахслар ўртасидаги индивидуал келишув. Ушбу соҳадаги мажбуриятлар Фуқаролик кодекси ва бошқа НҲҲ билан тартибга солинади.
Меҳнат шартномасидан фарқли равишда, ФҲШ бўйича муайян муддатларда индивидуал-конкрет вазифа (топшириқ, буюртма ва ҳ.к.) бажарилади. Унинг предмети – меҳнат шартномасида бўлгани каби меҳнат жараёни эмас, балки пировард меҳнат натижаси (масалан, тайёрланган бухгалтерия ҳисоботи, қурилган ёки таъмирланган бино, етказиб берилган юк, сайтнинг web-дизайни, ишлаб чиқилган дастурий маҳсулот ва ҳ.к.).
Меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир . Ходим ва иш берувчи меҳнат шартномасининг тарафлари бўлиб ҳисобланадилар. Улар ўртасидаги муносабатлар, аввало, Меҳнат кодекси билан тартибга солинади.
Меҳнат шартномаси бўйича қабул қилинган ходим ташкилот штатида қайд этилади. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва корхонада белгиланган меҳнат шартлари унга тўлиқ татбиқ этилади. Бундай ходим ички меҳнат тартиби қоидаларига (ИМТҚ), иш режимига, иш берувчининг амалий кўрсатмаларига бўйсунишга мажбур.
Қонун ҳужжатлари билан меҳнат шартномаси бўйича ишловчи ходимга бир қатор кафолатлар тақдим этилади. Қуйидагилар улар сирасига киради:
- меҳнатга ҳар ярим ойда камида 1 марта ҳақ тўлаш ;
- корхонанинг локал ҳужжатлари билан белгиланган мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар ;
- дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда бериладиган меҳнат таътиллари ;
- ижтимоий таътиллар, шу жумладан – ҳомиладорлик ва туғиш, болани парваришлаш таътиллари ;
- вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тўлаш ;
- меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда моддий мадад бериш учун қўшимча кафолатлар ;
- қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда иш берувчидан меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилиш ҳуқуқи ҳамда бошқа ҳуқуқ ва кафолатлар.
Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича шахсга қуйидаги ҳуқуқлар берилган:
- ҳақ олиш (иш ўз вақтида ва лозим даражада сифатли бажарилган бўлса);
- иш ёки хизмат кўрсатиш жойига эркин кириш;
- ўз вақтини эркин тасарруф этиш (одатда, тарафлардан биронтаси бошқасини муайян тартибга риоя этишга мажбурлашга ҳақли эмас. Асосийси, иш шартномада белгиланган муддатда бажарилиши керак).
ФҲШ бўйича бир тараф бошқа тарафга бўйсунмай, ишни бажаради. Бунда шахс корхона штатида бўлмайди ва жамоа аъзоси ҳисобланмайди.
ФҲШ бўйича ишловчига, меҳнат шартномаси бўйича ишловчидан фарқли равишда, интизомий жазо чораларини қўллаб бўлмайди.
ФҲШ бўйича ишга ёллаганда меҳнат дафтарчаси юритилмайди.
Меҳнат ҳақининг миқдори келишувга кўра белгиланади. У қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан ҳам оз бўлиши мумкин . Одатда, иш якунлангач – унинг пировард натижаси учун ҳақ тўланади.
Фуқаролик-ҳуқуқий шартномани, меҳнат шартномасидан фарқли равишда, дастлабки синов шарти билан тузиб бўлмайди. У бўйича ишловчи шахсларга таътиллар, шу жумладан ижтимоий таътиллар берилмайди.
Меҳнат шартномасининг фуқаролик-ҳуқуқий шартномадан асосий фарқлари:
Мажбурий шартлар |
Меҳнат шартномаси |
Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома |
Штат бирлигини банд қилиш |
Ҳа |
Йўқ |
Дам олиш кунлари ва таътилларни бериш |
Ҳа |
Йўқ |
Меҳнатга ҳақ тўлаш даврийлиги |
Ҳар ойда камида икки марта |
Келишувга биноан |
Иш вақти давомида иш жойида ҳозир бўлиш |
Ҳа |
Йўқ |
Ички меҳнат тартиби қоидаларига бўйсуниш, меҳнат интизомига риоя этиш |
Ҳа |
Йўқ |
Меҳнат дафтарчасини юритиш |
Ҳа |
Йўқ |
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган кафолатлар |
Ҳа |
Йўқ |
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан ходим учун белгиланган бошқа қоидаларга риоя этиш |
Ҳа |
Йўқ |
Иш берувчи учун оқибатлар
Кўриб чиқилаётган ҳолатда шахс амалда узоқ вақт мобайнида одатда штатдаги ходим зиммасига юклатиладиган вазифаларни бажарган. Бўш иш ўрни мавжуд бўлганда текширувчи органлар буни меҳнат муносабатлари сифатида баҳолашлари мумкин. Иш берувчининг мансабдор шахси МЖТКнинг 49-м. бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Қандай тузатилади
Ходим амалда штатдаги ходимнинг вазифаларини бажараётган бўлса, у билан меҳнат шартномасини тузинг».