Ижтимоий таътиллар кимга ва қай тарзда тақдим этилади

preview

Тавсияда:

– ҳомиладорлик ва туғиш таътили;
– болаларни парваришлаш таътили;
– янги туғилган болаларни фарзандликка олган ёки болалар устидан васий қилиб белгиланган шахсларга таътил;
– ўқиш билан боғлиқ таътил;
– ижодий таътиллар.

 

Иш берувчи ходимларга қуйидаги таътилларни беришга мажбурдир :

  • ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари;
  • болаларни парваришлаш таътиллари;
  • ўқиш билан боғлиқ таътиллар;
  • ижодий таътиллар.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили

Туғишдан олдин 70 календарь куни ва туғишдан кейин 56 календарь куни (қийин кечган туғишларда ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда – 70 кун) миқдорида таътиллар берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади .  Таътилни расмийлаштириш учун асос – ўрнатилган тартибда берилган меҳнатга вақтинчалик лаёқатсизлик варақаси .

Ходима томонидан тақдим этилган меҳнатга вақтинчалик лаёқатсизлик варақасига асосан ҳомиладорлик ва туғиш таътили бериш тўғрисида буйруқ чиқарилади.  

Туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда туғруқ муассасаси туғишдан кейинги таътил даврини яна 14 кунга узайтиради, бу ҳақда меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг “давомини” беради (56 кун + 14 кун = 70 кун). Унга асосан ҳомиладорлик ва туғиш таътилини узайтириш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъий назар аёлга тўлиқ берилади .  

Мисол
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддатини ҳисоблаш
Ходимага 1 февралдан 6 июнгача 126 календарь куни миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилган (70 кун – туғишгача ва 56 кун – туғишдан кейин). Боланинг туғилиши белгиланган муддатидан олдин, таътилга чиққанидан кейин 20 кун ўтиши билан 21 февраль куни содир бўлди.
Фойдаланилмай қолган 50 кун туғишдан кейин бериладиган таътил кунларига қўшилади (50 + 56). Шундай қилиб, таътил ҳомиладор аёл туғишдан олдин фойдаланмай қолган кунлар сонидан қатьий назар, 6 июнь куни тугайди.
Эътибор беринг
2020 йил 1 январдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш таътилини бериш ЯММТда рўйхатга олиниши керак.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили давомида ходиманинг иш жойини (лавозимини) сақланг. Бу ўринга бошқа ходимни қабул қилаётиб, у билан таътил охиригача муддатли меҳнат шартномаси тузинг. Таътилни ходиманинг иш стажига, шу жумладан, мутахассислик бўйича иш стажига, шунингдек кейинчалик меҳнат таътили олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига қўшинг .

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили бериш мулкчилик шаклидан қатьий назар, барча иш берувчилар учун мажбурийдир. Ушбу қоидани бузиш мансабдор шахсни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилишига олиб келиши мумкин.  

Ходимага ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа тўланг. Унинг миқдори аёл ишга қабул қилинган пайтдан бошлаб ҳақиқатда ишлаган вақтига боғлиқ бўлади:

  • ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб 12 ойгача – ўртача ойлик маошнинг 75 %;
  • ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб 12 ойдан ортиқ – ўртача ойлик маошнинг 100 %  .

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини мулкчилик шаклидан қатьий назар, барча ташкилотлар тўлашга мажбур. Ушбу қоидани бузиш мансабдор шахсни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-3-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилишга олиб келиши мумкин.  

Ходимани ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида иш берувчининг ташаббусига кўра Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми билан ишдан бўшатиш мумкин эмас, корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно. 

Корхона тугатилган тақдирда ходима тўғрисидаги маълумотларни уни кейинчалик ишга жойлаштириш учун меҳнат бўйича маҳаллий органга жўнатинг .

Бола 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун таътил   

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра унга боласи 2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, нафақа тўланади . Бюджет ташкилотлари томонидан ушбу нафақа тўланмайди .

Ходиманинг аризасига кўра болани парваришлаш  таътили тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиринг. 

Мисол
Болани парваришлаш учун таътил тақдим этишга ариза бериш муддати
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг муддати вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақасига биноан 10 июнь куни тугайди. Агар ходима болани парваришлаш таътилига чиқишни хоҳласа, бу ҳақда 10 июнгача (шу куни ҳам) ариза бериши лозим. Акс ҳолда ишга 11 июнь куни чиқиши керак бўлади.
Эътибор беринг
2020 йил 1 январдан бошлаб бола парваришлаш таътилини беришни ЯММТда рўйхатга олиш лозим.

Бюджетдан ташқари ташкилотлар ходимага бола 2 ёшга тўлгунича бериладиган таътил давомида нафақа тўлашлари шарт. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб унинг миқдори МҲТЭКМнинг 60%ини ташкил этади  .

Нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби Низом билан тартибга солинади. 

Бюджет ташкилотлари бола парвариши бўйича нафақа тўламайди.

Таътил тугаганидан кейин аёлга хоҳишига кўра бола парвариши учун у 3 ёшга тўлгунича ойлик маоши сақланмаган ҳолда қўшимча таътил берилади. Бу таътил ҳам ЯММТда рўйхатга олинади. 

Ходимадан таътил тақдим қилиш тўғрисида ариза ва боланинг туғилганлик гувоҳномасидан нусха олинг. Уларга асосан бола парвариши учун у 3 ёшга тўлгунича ойлик маоши сақланмаган ҳолда қўшимча таътил бериш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг .

Эътибор беринг
Агар ходима бола парвариши таътилига чиқишни хоҳламаса, бу унинг ҳуқуқидир. Иш берувчи ўз ташаббуси билан уни бундай таътилга чиқариб юборишга ҳақли эмас.

Бола парвариши таътилидан, шунингдек боланинг отаси, бувиси, бобоси ёки уни ҳақиқатда тарбиялаётган бошқа қариндоши тўлиқ ёки қисман фойдаланиши мумкин

Бола парвариши таътили даврида аёлнинг иш ўрни (лавозими) сақланади . Ходима бола парвариши таътилидан хоҳлаган вақтда, муддатидан олдин ишга чиқиши мумкин. Агар  бу ўринда бошқа шахс ишлаётган бўлса ҳам, иш берувчи буни тақиқлаши мумкин эмас. Аёл ишга муддатидан олдин чиққан тақдирда, унинг ўрнига ишга қабул қилинган ходим билан меҳнат шартномаси шу кундан бошлаб бекор қилинади .   

Бола парвариши таътилидан муддатидан олдин ишга чиқишни ходиманинг ишга чиқишга хоҳиши тўғрисидаги аризасига биноан буйруқ билан расмийлаштиринг. 

Бола парвариши таътили даврини меҳнат стажига, шу жумладан, мутахассислик бўйича иш стажига қўшинг, бироқ бу давр 3 йилдан ортиқ бўлмаслиги керак .

Мисол
Бола парвариши таътилининг меҳнат стажига қўшиладиган даври
Ходима биринчи фарзандини туққанидан кейин у 2 ёшга тўлгунича бола парвариши таътилига чиқиш ҳуқуқидан фойдаланди. Таътилдан қайтганидан кейин бироз вақт ишлади, иккинчи фарзандини туғди ва яна бола парвариши таътилини, шу жумладан, ойлик маоши сақланмайдиган қўшимча таътилни ҳам расмийлаштирди.
Умумий миқдорда у бола тарбияси бўйича 5 йиллик давомийликка эга таътилдан фойдаланди. Шундан унинг меҳнат стажига фақат 3 йил қўшилади.

Иш берувчининг ташаббусига кўра ходимани боласи 3 ёшга тўлгунича Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми билан ишдан бўшатиш мумкин эмас, корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно .

Корхона тугатилган тақдирда ходима тўғрисидаги маълумотларни уни кейинчалик ишга жойлаштириш учун меҳнат бўйича маҳаллий органга жўнатинг .

Бола парвариши таътилидан чиқиш санасини аниқлашда қуйидаги қоидаларни қўлланг:

  • боланинг туғилган куни, яъни у мос равишда 2 ёки 3 ёшга тўлган кун таътилнинг охирги куни (унинг тугаш куни) ҳисобланади;
  • ходим  шу кундан кейинги иш кунида ишга чиқиши лозим;
  • агар боланинг туғилган куни иш кунига тўғри келмаса, ундан кейинги биринчи иш куни ишга чиқиш куни ҳисобланади;
  • агар боланинг туғилган куни иш кунига тўғри келса, ундан кейинги кун эса иш куни бўлмаса, ходим ундан кейинги биринчи иш кунида ишга чиқиши керак бўлади. 
Мисол
Ходиманинг бола парвариши таътилидан кейин ишга чиқиш санаси
1. Боланинг туғилган санаси – ойнинг 3-куни (пайшанба). Ходим ишга ойнинг 4-кунида (жума куни) чиқиши лозим.
2. Боланинг туғилган санаси – ойнинг 4-куни (жума). Ташкилотда 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. Ходим ишга ойнинг 7-кунида (душанба куни) чиқиши керак бўлади.
3. Боланинг туғилган санаси – ойнинг 4-куни (жума). Ташкилотда 6 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. Ходим ишга ойнинг 5-кунида (шанба куни) чиқиши керак бўлади.
4. Боланинг туғилган санаси – ойнинг 5-куни (шанба). Ойнинг 7-куни – байрам (иш куни эмас). Ходим ишга ойнинг 8-кунида (душанба куни) чиқиши лозим.

Янги туғилган болаларни фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган шахсларга бериладиган таътиллар    

Бундай таътил фарзандликка олган (васийлик белгиланган) кундан бошлаб бола туғилган кундан бошлаб 56 календарь куни миқдорида тақдим этилади. Икки ёки ундан ортиқ янги туғилган болаларни фарзандликка олган (васийлик белгиланган) ҳолларда эса – бола туғилган кундан бошлаб 70 календарь кунигача .

Шунингдек, бундай шахсларга уларнинг хоҳишига кўра болани парваришлаш бўйича у 3 ёшга тўлгунича қўшимча таътиллар берилади .

Бундан ташқари, бу шахслар Меҳнат кодексининг 238-моддасига мувофиқ аёллларга бериладиган оналик билан боғлиқ кафолат ва имтиёзлардан ҳам фойдаланишга ҳақлидир. Таътил даврида уларнинг иш ўринлари (лавозимлари) сақланади.  

Ўқиш билан боғлиқ таътиллар 

Иш берувчи бундай таътилларни ишни таълим билан бирга қўшиб олиб борувчи шахсларга тақдим этиши шарт. 

Бу таътилларга қуйидаги талабалар ҳақли:

  • олий таълим муассасалари (ОТМ) ва ўрта махсус касбий таълим муассасалари (ЎМКТМ)нинг сиртқи бўлимларидаги I ва II курс талабаларига, лаборатория-имтиҳон сессияларида иштирок этиш учун  – ҳар йили камида 30 календарь куни миқдорида;
  • ОТМ ва ЎМКТМнинг сиртқи бўлимларидаги III ва ундан юқори курс талабаларига, лаборатория-имтиҳон сессияларида иштирок этиш учун  – ҳар йили камида 40 календарь куни миқдорида;
  • ОТМ ва ЎМКТМда якуний имтиҳонларни топшириш учун – камида 30 календарь куни;
  • диплом лойиҳаси (иши)ни ёқлаш учун: ОТМда – 4 ой, ЎМКТМда – 2 ой .

Ижодий таътиллар 

Ижодий таътиллар қуйидаги муддатларга берилади:

  • 3 ойгача – номзодлик диссертациясини якунлаш учун ҳамда дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар қўлёзмалари муаллифларига;
  • 6 ойгача – докторлик диссертациясини якунлаш учун.

Бундай таътил даврида ходимнинг ўртача ойлик маоши ва асосий иш жойидаги лавозими сақланиб қолади .

Ижодий таътиллар тақдим этиш учун махсус Тартиб қабул қилинган. 

Таътилларнинг бошқа турларини тақдим этиш тўғрисида қаранг: «Меҳнат таътиллари кимга ва қай тарзда тақдим этилади».

Таътил ва ишламайдиган вақт-Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексига мувофиқ дам олиш вақти, таътилни рўйхатдан ўтказиш ва тартибга солиш ўзбекистонда ишламайдиган вақт, таътил ва ишламайдиган вақт, таътил Ўзбекистонда байрамлар қандай ташкил етилган. Ишламайдиган соатлар, байрамлар ва таътиллар ҳақида. Кадрлар бўлими ходими учун байрамлар ва таътиллар ҳақида маълумот /ru/publish/doc/text180034_ijtimoiy_tatillar_kimga_va_qay_tarzda_taqdim_etiladi