Пригодится каждому кадровику в ноябре:
Ходимнинг тўлиқсиз иш кунига ўтказиш илтимосини рад этиш мумкинми
«Ходим оилавий шароитига кўра уни тўлиқсиз иш кунига ўтказишни сўраб раҳбариятга мурожаат қилди. Биз буни рад этишимиз мумкинми? Бундай ишлашга ўтказишга розилик қандай ҳужжатлар билан расмийлаштирилади ва тўлиқсиз иш кунига ўтказиш тўғрисидаги буйруқ мазмуни қандай бўлиши лозим?».
– Шундай ходимлар тоифаси мавжудки, сиз уларнинг илтимосини рад этишга ҳақли эмассиз.
Тўлиқсиз иш вақти
Сизда шунга ўхшаш шартларда ишлайдиган ходимлар учун белгиланган ИМТҚда назарда тутилган иш вақти давомийлигидан кам бўлган иш вақти тўлиқсиз иш вақти ҳисобланади. Бошқача айтганда, агар корхонанинг барча ходимлари, шартли равишда, бир соатлик тушлик танаффуси билан соат 9.00 дан 18.00 га қадар ишлайдиган бўлса, 8 соатдан кам бўлган иш куни тўлиқсиз иш куни дейилади.
Тўлиқсиз иш вақти – меҳнат шартномаси тузилганда ҳам, кейинчалик ҳам тарафларнинг келишувига кўра белгиланади.
Рад жавоби кимларга берилиши мумкин, кимларга эса мумкин эмас
Қонунда тўлиқсиз иш вақти белгиланиши мумкин бўлган шахслар доираси чекланмаган. Бу исталган ходим билан меҳнат шартномасида келишиб олиниши мумкин. «Тарафлар келишуви»да иккала тараф ҳам рози бўлиш ёки рад этиш борасида тенг ҳуқуқли эканлиги назарда тутилади.
Бироқ МКнинг 229-моддасида белгиланган ҳолатларда, иш берувчи томонидан қуйидаги ходимларга илтимосига кўра тўлиқсиз иш вақти белгилаб қўйилиши шарт:
- ҳомиладор аёлга;
- 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёл, шу жумладан ҳомийлигида шундай боласи бор аёлга;
- болани парваришлаш таътилида бўлган аёл ёки бошқа шахсларга. Уларда болани 2 ёшга тўлгунча парваришлаш нафақасини олиш ҳуқуқи сақланиб қолади;
- тиббий хулосага мувофиқ оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахсга.
Шунингдек иш берувчи қуйидаги ҳолатларда ҳам тўлиқсиз иш вақти белгилаб қўйиши шарт:
- олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олаётган ходимга.
Мазкур ҳолатда ходим диплом лойиҳасини (ишини) бажариш ёки битирув имтиҳонлари топширишдан олдинги 10 ўқув ойи давомида машғулотларга тайёргарлик кўриш учун 6 кунлик иш ҳафтаси бўлганда ҳафтада 1 кун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилади. Иш ҳафтаси 5 кунлик бўлса, ишдан озод этиладиган кунлар миқдори иш сменасининг муддатига қараб ўзгаради, ишдан озод этиладиган соатлар миқдори эса сақланиб қолади ;
- меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда.
Сиз юқорида санаб ўтилган барча тоифадаги ходимларга тўлиқсиз иш вақти белгилаш тўғрисидаги илтимосларини рад қилишга ҳақли эмассиз. Бошқа ходимларнинг илтимоси рад этилиши мумкин, сабаби иш берувчи шундай ҳуқуққа эга.
Қандай расмийлаштириш керак
1. Ходим тегишли илтимос билан ёзма аризани тақдим этади .
2. Иш берувчи меҳнат шартномасига тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қўшимча битимни расмийлаштиради, сабаби иш вақти режими шартноманинг муҳим шарти ҳисобланади.
3. Қўшимча битимга асосан иш берувчи ходимни тўлиқ иш вақти билан ишлашга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқаради. Буйруқни эркин шаклда тузиш мумкин. Масалан:
«2022 йил 18 июлдан ишлаб чиқариш цехидаги электр ускуналарга техник хизмат кўрсатувчи уста Комилов Тимур Умидович тўлиқсиз иш вақти шарти билан (0,75 ставка) ишлашга ўтказилсин, штат жадвалига мувофиқ ишланган вақтга мутаносиб равишда меҳнат ҳақи тўлансин.
Асос: Комилов Т.У.нинг 5.07.2022 йилдаги аризаси, 3.01.2011 йилдаги 5-сонли меҳнат шартномасига 9.07.2022 йилда тузилган 5/1-сонли қўшимча битим».
4. Айрим ҳолатларда штат жадвалига ҳам ўзгартиришлар киритилиши лозим.
5. Қўшимча битимни my.mehnat.uz да рўйхатдан ўтказинг.
Тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш ходимнинг қуйидагилар бўйича ҳуқуқларини бирон бир тарзда чеклашга асос бўлмайди:
- йиллик асосий меҳнат таътилининг муддатини;
- меҳнат стажини ҳисоблашни;
- бошқа меҳнат ҳуқуқларини.
Меҳнат ҳақи ишланган вақтга ёки ҳақиқатда ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб равишда тўланади.
Тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишланган вақт меҳнат стажига тўлиқ иш вақти сифатида қўшилади.
Валерия ЛЯНДРЕС,
«Норма» компанияси эксперти.