Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ходим фамилия, исми ёки отасининг исмини ўзгартирган бўлса
«Ходима турмушга чиқди ва эрининг фамилиясини олди: 1) у бу ҳақда ташкилотни ёзма равишда хабардор қилиши керакми? 2) фамилия ўзгариши муносабати билан меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузиладими? 3) ўзгартиришларни қоғоз меҳнат дафтарчаси ва my.mehnat.uz тизимига киритиш керакми?».
Саволларга «Нормa» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
1. Фамилия, исм ёки отасининг исми ўзгартирилганда, ходим бу ҳақда ўзи ишлаётган корхонани хабардор қилиши керак. Бунинг учун у кадрларга оид ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш учун ёзма равишда ариза беради. Шунингдек, у ўзгартирилган фамилияси, исми ва отасининг исми билан шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхасини тақдим этиши керак бўлади. Шундан сўнг иш берувчи буйруқ чиқаради.
Шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхасини янги исми-шарифи билан ходимнинг шахсий иш ҳужжатига илова қилинг ва киритилган ўзгартиришлар тўғрисида бухгалтерия бўлимига хабар беринг.
2. Қонунчиликда ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгартирилганда томонларни меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузишга мажбур қиладиган нормa йўқ. Шунинг учун бу масалада икки хил фикр мавжуд.
Баъзи ҳуқуқшуносларнинг фикрига кўра, меҳнат шартномасининг тегишли жойида ходимнинг фамилияси ёки исмини ўзгартириш тўғрисида – қўшимча келишув расмийлаштирмасдан ёзув ёзиш кифоя. Негаки меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиш учун томонлар жиддий нарсалар ҳақида келишиб олишлари керак. Бу вазиятда эса ходимнинг меҳнат шароитлари эмас, балки шахсий маълумотлари ўзгаради. Ҳеч ким ҳеч нарса ҳақида келишмайди, иш берувчи шунчаки жараён тугагандан сўнг огоҳлантирилади.
Бошқалар эса қўшимча келишув тузиш орқали меҳнат шартномасига тегишли ўзгартиришлар киритишни таклиф қилишади. Шунинг учун ўз хоҳишингизга кўра йўл тутинг.
3. Ўзгартиришлар қоғоз меҳнат дафтарчаси (мавжуд бўлган тақдирда) ва my.mehnat.uz сайтига киритилиши керак.
Ходим, юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳужжатнинг асл нусхасини тақдим этиши керак, унинг асосида иш берувчи унинг маълумотларини ўзгартириши шарт.
Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 2.11-банди меҳнат дафтарчасидаги ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исмини ўзгартиришни тартибга солади. Меҳнат дафтарчасининг биринчи бетига тегишли ҳужжатлар (паспорт, ID-карта, туғилганлик, никоҳ ва никоҳни бекор қилиниши ҳақидаги гувоҳнома, фамилияси, исми ва отасининг исмини ўзгартириш) ва бошқалар асосида ўзгартиришлар киритилади.
Илгариги фамилияси ёки исми тўғрисидаги ёзув устидан бир чизиқ чизилиб, янги маълумотлар ёзиб қўйилади. Ёзувлар муқованинг ичкари бетига ёзилиб корхона раҳбарининг ёки унинг томонидан махсус ваколат берилган шахс имзоси ҳамда корхона ёки ходимлар бўлими муҳри билан тасдиқланади.
Меҳнат дафтарчасида аввалги фамилия устидан бир чизиқ чизиб, ўзгартирилган фамилияни устига ёзинг.
1975 йилдаги меҳнат дафтарчалари намунасида ушбу маълумотларни тўлдириш учун махсус иккита бўш устунлар назарда тутилган. Уларда эскисини устидан чизиқ чизиб ўчириб, тагига янги фамилия киритилиши керак.
Фамилияни паспорт ёки ID-картага мувофиқ аниқ киритинг.
my.mehnat.uz сайтига ўзгартиришлар киритиш учун ходимнинг шахсий саҳифасига ўтинг ва «Маълумотларни янгилаш» тугмачасидан фойдаланинг. Паспорт ёки ID-картанинг янги серияси ва рақамини киритинг.
Натижани «СV/Объективка» бўлимида текширинг.
Меҳнат дафтарчасидан кўчирма кўчириб олишда фамилияни ўзгартириш ёзуви қўшимча маълумот сифатида меҳнат дафтарчасида акс эттирилади.