Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ходимга қўшимча ҳақ тўламасдан мажбуриятларни юклаш мумкинми
«Хусусий фирма бухгалтериясида бош бухгалтер, етакчи бухгалтер, ҳисоб-китоб бухгалтери ва кассир ишлайди. Етакчи бухгалтер таътилга чиқмоқда. Раҳбарият унинг мажбуриятларини ҳисоб-китоб бухгалтерига юклашни режалаштирмоқда. Аммо қўшимча ишлар ҳажми камлигини ва улар асосий иш вақтида бажарилишини ҳисобга олган ҳолда, раҳбарият бу ишлар учун ҳақ тўламоқчи эмас».
2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК қоидаларини ҳисобга олган ҳолда раҳбариятнинг ҳаракатлари қонунийми? Саволга «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
– Йўқ, ноқонуний.
Иш берувчи ходимдан меҳнат шартномаси ёки лавозим йўриқномасида назарда тутилмаган ва иш куни доирасида асосий иши билан боғлиқ бўлмаган қўшимча мажбуриятларни бажаришни талаб қилишга ҳақли эмас.
Агар етакчи бухгалтернинг мажбуриятлари ҳисоб-китоб бухгалтерининг мажбуриятлари рўйхатига киритилмаган бўлса, қўшимча вазифаларни ходимига фақат унинг розилиги билан юклаш мумкин. Бу «вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини меҳнат шартномасида белгиланган ишдан озод этилмаган ҳолда бажариш» сифатида расмийлаштирилади. Бундай ҳолда ходим айни ўша касб (лавозим) бўйича қўшимча ишни ишдан озод этилмаган ҳолда бажаради .
Ходимнинг зиммасига вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажаришни юклатиш вақтинча йўқ бўлган ходимнинг ўрнига ишлаш муддатига йўл қўйилади .
Бундай вақтинчалик қўшимча иш:
- меҳнат шартномасига ўзгартишлар киритилишини талаб қимайди;
- иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Ходимнинг розилиги буйруқ учун асос ҳисобланади. Ходимни буйруқ матни билан таништиринг. Агар рози бўлса, унга имзо қўйиб, ўз қўли билан қуйидаги ёзувни киритсин: «вақтинча йўқ бўлган ходим (Ф.И.О.) ишга чиққунига қадар унинг мажбуриятларини бажаришга розиман».
Тўлов
Вақтинча йўқ бўлган ҳамкасбнинг ўрнига бажариладиган қўшимча иш тўланиши керак. Бу янги МКнинг 252-модда 5-қисмида аниқ кўрсатилган. Иш ҳақига қўшимча тўлов – бу ходим томонидан унинг тўғридан-тўғри мажбуриятларига кирмайдиган қўшимча вазифалар бажарилишини компенсация қилиш учун ҳисобланадиган пул тўловидир.
Янги МКнинг 259-моддасида бир неча касбда (лавозимда) ишлаганда, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганда, иш ҳажми кўпайганда бундай қўшимча тўлов миқдори аниқ кўрсатилган. Шундай қилиб, қўшимча тўлов қуйидагилар учун тўланади:
- бюджетдан молиялаштирилмайдиган ташкилот ходимлари учун – бир неча касбда (лавозимда) ҳақиқатда бажарилган ишга доир иш ҳақи миқдорида;
- бюджет ташкилотлари ходимлари учун – бир неча лавозимда ишлаганлик учун тариф ставкасининг (маошининг) эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда.
Бунда вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажарганлик учун қўшимча тўлов миқдори белгиланмаган. Умид қиламизки, моддадаги бу бўшлиқ бартараф қилинади. Унгача эса янги МКнинг 259-моддасида назарда тутилган қўшимча тўловнинг юқорида келтирилган тартибига риоя қилишингизни тавсия қиламиз.
Вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажаришни юклаш тўғрисидаги буйруқда қўшимча тўлов миқдорини кўрсатинг.
Агар вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятлари унинг штатдаги ўринбосарига асосий ишдан озод қилинмасдан юкланган бўлса, қўшимча тўлов тўланмайди. Қуйидаги мақолада бу ҳақда батафсил ўқишингиз мумкин: