Пригодится каждому кадровику в ноябре:
Меҳнат шартномасининг муддати тугаса, уни қайта тузиш керакми
«Ходимнинг меҳнат шартномаси муддати тугамоқда. Қўшимча келишув расмийлаштириш орқали унинг амал қилиш муддатини узайтира оламизми ёки янги шартнома тузишимиз керакми? Шартнома муддатини неча марта узайтириш мумкин?»
Муддатли меҳнат шартномасини тузиш ва бекор қилиш билан боғлиқ долзарб саволларга «Норма» эксперти, юрист Ленара Хикматова жавоб беришди:
Меҳнат шартномаси қуйидаги муддатларга тузилиши мумкин:
– номуайян муддатга;
– уч йилдан кўп бўлмаган муайян муддатга (муддатли меҳнат шартномаси) .
Меҳнат кодекси қуйидаги шартларда меҳнат шартномаси муддатини узайтиришга рухсат беради:
- ходим ва иш берувчи бу борада ўзаро келишувга эришдилар.
Ходим иш берувчидан меҳнат шартномаси муддатини узайтиришни талаб қилишга ҳақли эмас. Ҳомиладор ходималар бундан мустасно. Аёлнинг ҳомиладорлиги даврида муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаган тақдирда, иш берувчи аёлнинг ёзма аризасига биноан ва ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этилган тақдирда, меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатини ҳомиладорлик тугагунига қадар узайтириши шарт. Унга ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилган тақдирда эса бундай таътилнинг охирига қадар. Бунда ходима иш берувчининг сўровига биноан, лекин уч ойда кўпи билан бир марта ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этиши шарт. Агар бунда аёл ҳомиладорлик тугаганидан кейин ҳақиқатда ишлашни давом эттирса, иш берувчи ҳомиладорликнинг тугаганлиги фактини билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан бир ҳафта ичида меҳнат шартномасини унинг муддати тугаганлиги сабабли бекор қилишга ҳақли .
Шунингдек, ўз навбатида иш берувчи ходимнинг меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатини бир тарафлама узайтириш ҳуқуқига эга эмас. Масалан, агар ходим унга ишониб топширилган товар-моддий қимматликларни, қарзи йўқлик варақаси ва ҳоказоларни топширмаган бўлса;
- агар қонунчиликда бошқаси назарда тутилмаган бўлса, муддатли меҳнат шартномасининг муддати жами беш йилдан ошмайди.
Агар муддатли меҳнат шартномасининг умумий муддати у узайтирилишидан олдин ва кейин беш йилдан ошган бўлса, меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган деб топилади, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
- муддатли меҳнат шартномасини тузишга сабаб бўлган ҳолатлар йўқолмади.
Масалан, ишга тушириш-созлаш ишларини амалга ошириш учун бир йилга меҳнат шартномаси тузилган. Ушбу муддат тугагандан кейин иш тўлиқ якунланмади ва янада самарали натижа олинмагунча уларни давом эттиришга қарор қилинди.
Шундай қилиб, МК узайтиришлар сонини чекламайди, аммо у узайтирилганда меҳнат шартномасининг умумий муддатини чеклайди.
Меҳнат шартномасини узайтириш қандай расмийлаштирилади – қўшимча келишув биланми ёки янги меҳнат шартномасини тузиш орқалими
Меҳнат шартномаси муддатини узайтириш меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритиш учун назарда тутилган тартибда расмийлаштирилади .
Меҳнат шартномасига ўзгартиришлар иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ бериш учун асос – меҳнат шартномасига киритилган ўзгартишлардир.
Меҳнат шартномасига ўзгартиришлар ёзма равишда тузилган ва меҳнат шартномасининг ажралмас қисми бўлган қўшимча келишув билан расмийлаштирилади. Қўшимча келишув камида икки нусхада тузилади. Уларнинг ҳар бири ходим ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланади. Қўшимча келишувнинг барча нусхалари мансабдор шахснинг имзоси билан (агар мавжуд бўлса) тасдиқланади. Қўшимча келишувнинг бир нусхаси ходимга топширилади, қолганлари – иш берувчида меҳнат шартномаси билан бирга сақланади. Ходим иш берувчининг нусхасида қўшимча келишув нусхасини олганлигини қўшимча имзо билан тасдиқлайди.
Шундай қилиб, меҳнат шартномаси муддатини узайтириш учун – янги меҳнат шартномасини тузиш эмас, балки амал қилиш муддатига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида унга қўшимча келишув тузиш керак.
Buxgalter Proдаги «Муддатли меҳнат шартномасини қачон тузиш керак ва қанча муддатга» тавсиясида сиз муддатли меҳнат шартномасини тузиш ва узайтириш билан боғлиқ бошқа ўзига хос жиҳатлар ҳақида кўпроқ билиб олишингиз мумкин, хусусан:
- муддатли меҳнат шартномасини тузишга қачон йўл қўйилади, қачон эса буюрилади;
- меҳнат шартномаси муддатини қандай тўғри кўрсатиш керак;
- меҳнат шартномасининг жами муддати беш йилга етганда нима қилиш керак.