Пригодится каждому кадровику в декабре:
Кимни хизмат сафарига юбориб бўлмайди
«Лойиҳа институтида ишловчи, икки нафар – 4 ва 9 ёшли фарзанди бор ходимани буйруқ билан вилоятдаги таркибий бўлинмага хизмат сафарига юборишмоқда. У боришдан бош тортаяпти, бироқ директор фикридан қайтмай, интизомий жазо қўллашини, ҳаттоки ишдан бўшатишини айтаяпти. Бу қонунга зид эмасми?
Kadrovik.uz тушунтиради:
– Йўқ, бу қонунга зид.
Хизмат сафари – ташкилот раҳбарининг фармойишига кўра ходимнинг доимий иш жойидан ташқарида (масалан, филиалда, участкада, бошқа бўлинма ёки ташкилотда) хизмат топшириғини бажариш учун муайян муддатга бошқа жойга боришидир.
Ходимларнинг ҳаммасини ҳам хизмат сафарига юбориб бўлмайди. МКда айрим тоифадаги ходимлар учун чекловлар ва тақиқлар рўйхати мавжуд. Хусусан, қуйидагиларни ёзма розилигисиз хизмат сафарига юбориб бўлмайди :
- ҳомиладор аёлларни;
- 14 ёшга тўлмаган боласи ёхуд 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларни;
- онасиз болаларни тарбиялаётган оталарни (она вафот этган, оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ва бошқа ҳолларда) ;
- вояга етмаган болаларнинг васийларини (ҳомийларини);
- ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни амалда тарбия қилаётган шахсларни (бувиси, буваси ёки бошқа қариндошларни).
Шу тариқа, кўриб чиқилаётган мисолда ходимани унинг розилигисиз хизмат сафарига юбориб бўлмайди. Унинг хизмат сафарига боришдан бош тортишига меҳнат интизомини бузиш сифатида қараб бўлмайди.
Агар ходим юқорида санаб ўтилган тоифалардан бирортасига кирмаса
У узрли сабабларсиз сафарга боришдан бош тортишга ҳақли бўлмайди. Бу ҳолда ходимнинг хизмат сафарига боришдан асоссиз равишда бош тортиши меҳнат интизомини бузиш деб ҳисобланади. Бунинг учун интизомий жазо чорасини қўллаш мумкин .
Агар ходимнинг иши тез-тез хизмат сафарларига боришни тақозо этса, ушбу шартни меҳнат шартномасида қайд этган маъқул.
«Норма» эксперти
Валерия ЛЯНДРЕС янгилади