Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ходим ишдан бўшатилгандан кейин фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация олмоқчи
«Ходим ташкилотда 10 йил ишлади. Бу вақт ичида у асосан ўз ихтиёрига кўра бирон марта ҳам таътилга чиқмаган. 5 ой олдин у меҳнат мажбуриятларини бузгани учун ишдан бўшатилган, шу муносабат билан унга фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация тўланмади. Энди у барча 10 йил учун таътил пулларини тўлаб беришларини талаб қилиб, судга мурожаат қилиш билан таҳдид қилмоқда.
Янги Меҳнат кодекси меҳнат низолари бўйича судга мурожаат қилишнинг қандай муддатларини белгилайди?
Ходимнинг ўзи таътилга чиқишни истамаган, қолаверса, у билан меҳнат шартномаси меҳнат интизомини бузгани учун бекор қилинган бўлса, унга фойдаланилмаган таътиллар учун пулли компенсация тўлашга мажбурмизми?»
kadrovik.uz ўқувчисининг ҳолатини янги МКни тайёрлаш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари, юридик фанлар номзоди Михаил ГАСАНОВ ва юрист, «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА батафсил изоҳлашди:
– Меҳнат кодексининг 234-моддаси 1-қисмига мувофиқ меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланади.
Фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация тўлаш мажбурияти меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларига боғлиқ эмас (бу ходимнинг ўз хоҳиши, иш берувчининг ташаббуси, меҳнат шартномаси муддатининг тугаши ва бошқалар бўлиши мумкин).
Шунингдек, у меҳнат таътилининг тақдим қилинмаганлиги сабабларига боғлиқ эмас.
Меҳнат кодексининг 230-моддасига мувофиқ ҳар йилги меҳнат таътили ҳар йили, ушбу таътил берилаётган иш йили тугагунига қадар берилиши керак. Акс ҳолда, бу меҳнат қонунчилигининг бузилиши саналади.
Амалиётда шундай бўладики, иш берувчи ишлаб чиқариш заруратини важ сифатида кўрсатиб, таътил бермайди, баъзида эса ходимнинг ўзи таътилга чиқишни хоҳламайди. Қандай бўлмасин, таътилни ўз вақтида бериш мажбурияти (ушбу таътил берилаётган иш йили тугагунига қадар) бутунлай иш берувчига юклатилади. Ҳатто ходимнинг ўзи кўз ёшлар билан уни таътилга юбормасликни илтимос қилса ҳам, меҳнат қонунчилигини бузганлик учун МЖтКнинг 49-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка ходим эмас, балки иш берувчининг айбдор мансабдор шахси тортилади.
Таътил ҳақида барчасини Buxgalter Pro лойиҳасининг тавсияларида ўқишингиз мумкин:
- Меҳнат таътиллари кимга ва қандай тақдим қилинади;
- Меҳнат таътилига бўлган ҳуқуқ қачон пайдо бўлади;
- Таътил тўловини қандай ҳисоблаш керак.
Судга мурожаат қилиш учун Янги МК қандай муддатни белгилайди?
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда, унга тегишли бўлган, аммо фойдаланилмаган таътиллар учун пулли компенсация тўланмаган ходим судга тегишли даъво билан мурожаат қилишга ҳақли.
Янги Меҳнат кодексида якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилишнинг қуйидаги муддатлари белгиланган:
- ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича – ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой;
- ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича – иш берувчи зарар етказилганлигини аниқлаган кундан эътиборан бир йил;
- бошқа меҳнат низолари бўйича – ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан олти ой .
Тегишинча, сизнинг вазиятингизда – фойдаланилмаган таътиллар учун пулли компенсацияни тўлаш тўғрисидаги меҳнат низоси учун – 6 ойлик муддат қўлланилади. Бунда таътил берилиши керак бўлган ўша иш йили тугаган кундан қанча вақт ўтгани муҳим эмас. Ходим ҳатто 20 йиллик фойдаланилмаган таътил учун компенсация талаб қилишга ҳақли.
Судга мурожаат қилиш учун муддатни ҳисоблаш қайси кундан бошланишини қандай аниқлаш мумкин?
Меҳнат кодексининг 172-моддасига мувофиқ иш берувчи томонидан ходимга тегишли бўлган барча суммаларни тўлаш ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда амалга оширилади. Ҳисоб-китоб ходимга:
- охиригача олинмаган иш ҳақини;
- ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча
- таътиллар учун компенсацияларни;
агар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида бошқа тўловларни тўлаш назарда тутилган бўлса, ушбу тўловларни тўлашни ўз ичига олади.
Масалан, меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси , огоҳлантириш муддати эвазига пулли компенсация .
Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаган бўлса, тегишли суммалар ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида ходим томонидан талаб қўйилганидан кейин уч кундан кечиктирмай тўланиши керак.
Агар ходим судга мурожаат қилиш муддатини ўтказиб юборса?
Суд барибир унинг даъво аризасини қабул қилишга мажбурдир. Бундай ҳолда суд жараёнида иш берувчининг ўзи жавобгар сифатида судга ходим (даъвогар) Меҳнат кодексининг 560-моддасида белгиланган муддатни ўтказиб юборганлигини эълон қилиши мумкин. Суд жавобгардан бундай илтимосномани олгандан ва иш материалларини кўриб чиққандан кейин:
- даъво муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган деб топса, бу муддатни тиклаши
ёки
- судга мурожаат қилиш муддати узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилганлигини аниқласа, даъвони рад этиши мумкин .
Агар тарафлар медиация тартибини қўлласа, судга мурожаат этиш муддатининг ўтиши тўхтатиб турилади .
Медиация нима?
Медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида ҳал қилиш усули. Тарафлар ўзаро келишувга кўра ушбу тартиб-таомилни ўтказиш учун бир ёки бир нечта медиаторларни танлайди .
Низоларни ҳал қилишнинг ушбу усули ихтиёрий бўлиб, фақат ходим ва иш берувчининг ўзаро келишуви билан қўлланилади.
Агар медиация натижа бермаса, ходим судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда, юқорида айтиб ўтилганидек, судга мурожаат қилишнинг 6 ойлик муддати меҳнат низосини медиация тартибида кўриб чиқиш даврига тўхтатилади.
Янги Меҳнат кодексига кўра, иш берувчи ходимга тўланиши лозим бўлган тўловларни, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинганда, тўловларни кечиктирганлиги учун моддий жавобгар бўлади.
Иш берувчи бундай тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, у уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт.
Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади .