Пригодится каждому кадровику в ноябре:
Ходимнинг аввалги иш стажи тўғрисидаги маълумотларни ЯММТга ким киритиши керак
«Ходима кадрлар бўлимига қоғоз меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида ўзининг электрон меҳнат дафтарчасига аввалги иш стажи тўғрисидаги маълумотларни киритишни сўраб мурожаат қилди. Катта ташкилотнинг кадрлар бўлими бошлиғи сифатида бунинг учун бўш вақтим йўқ ва бу иш менинг мажбуриятимга кирмайди деб ҳисоблайман.
Ходим ушбу маълумотларни электрон меҳнат дафтарчасига мустақил равишда ўзи кирита оладими?»
Тушунтириш ва кўрсатма олиш учун биз ЯММТ ИДАК бошқарув дирекцияси бўлим бошлиғи Зарнигор Абдураҳмоновага мурожаат қилдик:
– Ҳа, ходим ЯММТдаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни тизимга мустақил равишда киритиши мумкин. Бироқ иш берувчилар ЯММТга ўз ходимларининг аввалги меҳнат фаолияти тўғрисида маълумот киритиш учун жавобгардир. Қуйида бу ҳақда батафсил танишинг.
Ходим аввалги иш стажи ҳақидаги маълумотларни электрон меҳнат дафтарчасига қандай киритиши керак
1. OneID хизматидан рўйхатдан ўтишдан фойдаланиб, my.mehnat.uz сайтидаги жисмоний шахснинг кабинетига киринг.
2. «Меҳнат дафтарчаси» бўлимидаги асосий саҳифада «Аввалги иш жойини қўшиш» опциясини топинг.
3. Қоғоз меҳнат дафтарчасидаги ёзувларга мувофиқ аввалги иш жойларини қўшинг.
4. Ташкилот топилгандан кейин худди шу саҳифада «Қабул қилиш», «Бошқа ишга ўтказиш» (агар меҳнат дафтарчасида ўтказиш ҳақида ёзувлар бўлса) ва «Ишдан бўшатиш» бўлимларини тўлдириш керак. Бу ерда меҳнат дафтарчасидаги ёзувларга мувофиқ буйруқларнинг саналари ва рақамларини кўрсатинг. Киритилган маълумотларни сақланг.
5. Сақлашдан сўнг асосий саҳифада тасдиқланмаган мақомга эга янги ёзувни кўрасиз.
31.10.2019 й. ПҚ-4502-сон ва 04.05.2021 й. ПҚ-5102-сон қарорларига мувофиқ ЯММТ тизимига аввалги меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотлар киритилгандан кейин фуқароларнинг иш стажи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи (ЖШШЖБП) ва меҳнатга ҳақ тўлаш индивидуал реестри маълумотлари асосида верификация қилинади. ЖШШЖБП ва меҳнатга ҳақ тўлаш индивидуал реестридан маълумотлар Халқ банк ва Солиқ қўмитаси маълумотлар базасидан тақдим этилади.
Айни пайтда фуқароларнинг иш стажи верификацияси бошланган. Баъзида иш стажини текшириш учун маълумотларнинг йўқлиги ёки иш стажи тўғрисидаги маълумотлар ва ЖШШЖБП маълумотлари фарқ қиладиган ҳолатлар учраб туради. Халқ банк ва Солиқ қўмитаси билан биргаликда ўтмиш меҳнат фаолияти даврларини тасдиқлаш учун бундай ишларни ҳал қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шундай қилиб, ходим 1997 йилдан ҳозирги кунгача ўзи ишлаган барча ташкилотларни тизимга мустақил равишда киритиши мумкин.
Агар ушбу маълумотни топишнинг имкони бўлса, у 1997 йилгача ишлаган ташкилотларни ҳам киритиш мумкин. Совет даврида ва 1997 йилгача бўлган иш даври пенсияга чиқишингизда бандлик бўлимининг (меҳнат биржаси) масъул ходими томонидан киритилади.
Эслатиб ўтамиз, 11.03.1997 йилдаги 130-сон ВМҚга мувофиқ солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини (СТИР) белгилаш ва қўллаш тизими 1997 йил 1 апрелда жорий қилинган, шунинг учун кўпинча ушбу давргача ташкилотларни қидиришда қийинчиликлар пайдо бўлади.
Ташкилотни қандай топиш мумкин
Ўзингиз билган маълумотни киритинг: ҳудуд (шаҳар), туман, кирилл ёки лотин алифбосида тўлиқ ёки қисман номи, СТИР (меҳнат дафтарчангиздаги муҳрга эътибор беринг, у ерда жойлашган жой номи ва минтақаси кўрсатилган).
Агар ташкилот бугунгача фаолият юритаётган бўлса, унда ҳозирги ном билан излаш керак.
Ташкилотларни излаш учун қўшимча сайтлардан фойдаланинг: orginfo.uz, uzorg.info, statsnet.co.
ЯММТга ходимнинг аввалги иш стажи ҳақидаги маълумотларни ким киритиши керак
Эслаб қолинг: 13.03.2023 й. 106-сон «Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 декабрдаги 971-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ВМҚга мувофиқ иш берувчилар мулкчилик шаклларидан ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, ўз ходимларининг аввалги меҳнат фаолияти тўғрисида маълумот киритиш учун жавобгардирлар.
Яъни, 2023 йил март ойидан бошлаб иш берувчилар ходимларнинг аввалги иш стажи ҳақидаги маълумотларни ҳам киритадилар.
Аввалги иш стажини киритиш тартиби юқоридагиларга ўхшайди, фақат иш берувчи сайтга ташкилот кабинети орқали киради ва керакли ходимни танлайди.
Хулоса
- Агар жисмоний шахс ишлаётган бўлса, амалдаги иш берувчи меҳнат дафтарчасидаги аввалги иш жойларини тўлдиради (05.12.2019 й. 971-сон ВМҚга март ойида киритилган ўзгаришларга қаранг) ёки ходим бу маълумотларни шахсий кабинети орқали ўзи мустақил равишда киритади.
- Иш берувчи ҳам, ходимнинг ўзи ҳам 1997 йилдан ҳозирги кунгача аввалги иш жойларини киритиши керак.
- Меҳнат биржаси ходимлари пенсия расмийлаштираётган жисмоний шахсларнинг меҳнат дафтарчаларини рақамлаштириш учун жавобгардир. Улар 1997 йилгача ўзлари мустақил тарзда кирита олмаган иш даврларини киритадилар.
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади