Коллеж ўқувчисини ишга қабул қилиш

preview

Иш берувчи коллеж ўқувчисини ишга қабул қилиб, унга меҳнат дафтарчаси олди. Унга коллеждаги ўқиш тўғрисидаги биринчи ёзувни киритиш керакми ёки буни коллежнинг ўзи қиладими?

 

Қонун ҳужжатларида мазкур ёзувни киритиш мажбуриятини юкловчи норма мавжуд эмас. Иш берувчи ишга қабул қилиш тўғрисидаги ёзувни Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланган, Адлия вазирлиги томонидан 1998-йил 29-январда 402-сон билан рўйхатга олинган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида Йўриқномага мувофиқ киритиши лозим. 402-сонли Йўриқноманинг 2.14-бандига мувофиқ, меҳнат дафтарчасига ўқиш даври ўқув юрти томонидан битта ёзув билан киритилади.

Мазкур ҳолатда коллеждаги ўқиш тўғрисидаги ёзувни меҳнат дафтарчасига киритиш мақсадга мувофиқ эмас. Бундай ёзув фақат ОТМ битирувчисига фойдали бўлиши мумкин, чунки фақат олий таълим муассасалари, аспирантура, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институти, катта илмий ходим-изланувчилар институти, таянч докторантура, докторантура ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, чет элда ўқиш умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади (1993-йил 3-сентябрдаги 938-XII-сон “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонуннинг 37-моддаси биринчи қисми “е” кичик банди).

Ўрта махсус таълим муассасаси ҳисобланган коллеждаги ўқиш даври меҳнат стажига қўшиб ҳисобланмайди.