Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Синов муддатидан ўта олмаган ходимни ишдан бўшатиш
Ташкилот синов муддатидан ўтмаган ходимни ишдан бўшатди. У буйруққа имзо чекиб, таништирилган эди. Энди ходим ишга тикланиш мақсадида ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантирилмаганини важ қилиб, шикоят ёзди.
Ходимнинг ҳаракатлари асослими?
Меҳнат шартномасини қониқарсиз синов натижалари сабабли бекор қилиш тартибига риоя қилиш учун фақатгина меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг ўзи етарли эмас. Яна ёзма хабарнома ҳам бўлиши керак.
МКнинг 87-моддаси биринчи ва иккинчи қисмига мувофиқ ходим синовдан ўта олмаса иш берувчи уни бу ҳақда 3 кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, у билан меҳнат шартномасини синов муддати тугашидан олдин бекор қилишга ҳақли.
Мазкур нормага риоя этмаслик (меҳнат шартномасини 3 кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб ёки огоҳлантирмасдан бекор қилиш) қоидабузарлик ҳисобланади, бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасида айбдор мансабдор шахсга нисбатан жарима назарда тутилган. Меҳнат шартномасини кўрсатиб ўтилган нормани бузган ҳолда бекор қилиш суд тартибида ғайриқонуний деб топилиши ва ходим мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўланган ҳолда ишга тикланиши мумкин.