Ходим тўсатдан вафот этса

preview

Ташкилот бўлимларидан бирининг ходими тўсатдан вафот этди. Унинг меҳнат дафтарчасининг 2-устунида қайси санани кўрсатиш керак? У билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқни қайси сана билан расмийлаштириш керак? Иш берувчи барча керакли ёзувларни киритгандан кейин меҳнат дафтарчасини кимга бериши лозим?

 

Меҳнат кодексининг 106- моддаси 5-бандига кўра, ходимнинг ўлими тарафларнинг иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатдир. Меҳнат муносабатларини тугатиш учун ФҲДЁ томонидан берилган ўлим фактини тасдиқловчи гувоҳнома асос ҳисобланади. Агар бундай ҳужжат бўлмаса, иш берувчи ходим билан меҳнат муносабатларини бекор қилишни расмийлаштиришга ҳақли эмас.

Меҳнат кодексида ходим вафот этган тақдирда меҳнат муносабатларини қайси кундан бошлаб бекор қилиш белгиланмаган. Бу вазиятда охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланувчи Меҳнат кодексининг 107-моддаси 2-қисмини қўллаб бўлмайди.

Қоида тариқасида, ўлим қайд этилган гувоҳнома марҳумнинг қариндошлари томонидан тақдим этилади. Агар қариндошлари бўлмаса ёки улар алоқага чиқмаса, иш берувчининг ўзи ходимнинг вафоти тўғрисида ҳужжат бериш илтимоси билан тегишли туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишга ҳақли. Уни олиш учун ФҲДЁ бўлимига қуйидагилар тақдим этилади:

  • ўлим ҳақидаги гувоҳномани оладиган вакилга иш берувчининг ишончномаси;
  • ўлим ҳақидаги гувоҳномани олиш учун сўровнома. Унда бу ҳужжат меҳнат муносабатларини бекор қилиш учун зарур

эканлигини,  аммо уни бошқа йўл билан олиш мумкин эмаслигини кўрсатиш керак;

  • вафот этган ходимнинг меҳнат шартномаси нусхаси.

Ўлим ҳақидаги гувоҳнома тақдим этилган кунда иш берувчи унга асосланиб меҳнат муносабатларини тугатиш тўғрисида буйруқ (фармойиш) чиқаради. Бу вазиятда меҳнат муносабатларини тугатиш санаси сифатида ходимнинг ўлим ҳақидаги гувоҳномасидаги  сана кўрсатилиши керак. Бу сана буйруқ ва вафот этган ходим меҳнат дафтарчасининг 2-устунида кўрсатилади.

Шу тариқа, меҳнат муносабатларини бекор қилиш санаси буйруқ чиқарилган санадан фарқ қилиши мумкин.

Масалан, ўлим ҳақидаги гувоҳномага кўра ходим 11 январь куни вафот этган. Лекин иш берувчи бу ҳужжатни фақат бир ҳафта ўтгач – 18 январь куни олди. Иш вақтини ҳисобга олиш табелига кўра ходимнинг иш жойида бўлишнинг охирги куни – 10 январь. Бундай ҳолда меҳнат муносабатларини тугатиш тўғрисидаги буйруқ 18 январь – ўлим ҳақидаги гувоҳнома олинган кунда расмийлаштирилади.   Меҳнат муносабатлари тугатилган кун сифатида ўлим санаси 11 январь кўрсатилади.

"Иш ҳақида маълумот” бўлимида тартиб рақами ва сана кўрсатилгандан кейин 3-устунда “Меҳнат муносабатлари тугатилди” деган  ёзув киритилади. 4-устунда эса буйруқ санаси ва рақами кўрсатилади.


Меҳнат дафтарчаси нима қилинади

Меҳнат дафтарчасини марҳумнинг яқин қариндошларига имзо қўйдириб ёки уларнинг талабига кўра почта орқали юборинг .

Қариндошнинг кимлиги ва унинг вафот этган ходим билан қариндошлик даражаси ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак. Масалан, эр-хотин учун бундай ҳужжат никоҳ ҳақидаги гувоҳнома ҳисобланади, ота-оналар ва болалар, ака-ука ва опа-сингиллар учун паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома  ёки уларнинг тегишлича тасдиқланган нусхалари.

Агар меҳнат дафтарчасини олгани ҳеч ким келмаса вафот этган ходимнинг яшаш жойига почта хабарномасини юборинг, унда меҳнат дафтарчасини олиш кераклигини кўрсатинг.

Талаб қилиб олинмаган меҳнат дафтарчасини 2 йил давомида кадрлар бўлимида ишчи ходимларнинг меҳнат дафтарчаларидан алоҳида сақланг. Шундан сўнг уни ташкилот архивига юборинг. У ерда бу ҳужжат 50 йил сақланади. Ушбу муддатдан сўнг талаб қилиб олинмаган меҳнат дафтарчаси йўқ қилиниши мумкин


ЯММТ

Т-2 шакли бўйича ходимнинг шахсий варағини "ёпинг", my.mehnat.uz сайтида меҳнат муносабатлари бекор қилинганини рўйхатдан ўтказинг.