Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Ходим жиноий жазоланадиган қилмишни содир этганликда айбланмоқда
Ходим тергов остида бўлса, иш берувчи қандай йўл тутиши кераклиги ҳақида «Норма» эксперти, адвокат Элеонора МАЗУРОВА тушунтириш берди:
– «Корхона раҳбарияти ходимлардан бири жиноий жавобгарликка тортилаётгани ва унга нисбатан дастлабки тергов олиб борилаётганидан хабар топди. Ташкилотга расмий ҳужжатлар келиб тушмади, ходим эса ишлашда давом этмоқда. Бу ҳолда иш берувчи учун ҳеч нима ўзгармайди, демак, қандайдир чора кўришга зарурат йўқ. Тергов нима билан якунланишини хотиржам кутиш мумкин.
Бошқа вариант – корхона ходими ишга чиқмади, қанчадир вақт ўтгач у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари томонидан қўлга олингани маълум бўлди. Ёхуд – ходим хорижда, масалан, таътилда бўлган вақтда қўлга олинди. Ушбу вариантларнинг исталгани иш берувчида савол уйғотади. Қандай ҳаракат қилиш керак? Уни прогул учун ишдан бўшатиш мумкинми ёки тергов якунланишини кутиш зарурми? Унга иш ҳақи ҳисоблайвериш керакми?
Кўпинча раҳбар ходимнинг ишда бўлмаган вақтини прогул деб қабул қилиб, «прогул қилувчига» нисбатан интизомий жазо чорасини (танбеҳ, ҳайфсан, ишдан бўшатиш) қўллайди. Бу меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ишга келмасликнинг узрли ва узрсиз сабаблари аниқ таърифланмагани билан боғлиқ. Ходим қўлга (ҳибсга) олинганда ҳам иш берувчи буни узрли сабаб деб қабул қилиш борасида иккиланиб қолади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган ходимга нисбатан прогул учун интизомий жазо чорасини қўллаш мумкинми?
Ходимингиз қўлга олинганидан хабар топган бўлсангиз
Аввало, унга нисбатан қандай эҳтиёт чораси танланганини аниқланг. У қуйидаги чоралардан бири бўлиши мумкин:
- муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат ;
- шахсий кафиллик, жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг кафиллиги ;
- гаров ;
- уй қамоғи ;
- қамоққа олиш .
Дастлабки учта эҳтиёт чораси ишни давом эттиришга тўсқинлик қилмайди. Ходим қўлга олинган ёки қамоққа олинган бўлса, у истаганда ҳам қанчадир вақт ишга чиқа олмайди. Бироқ бунда ҳибсга олиш ёки эркин ҳаракатланишни чекловчи бошқа эҳтиёт чораларини ходим иш жойида бўлмаслигининг узрсиз сабабларига кирита олмайсиз, сабаби бу ҳолда ҳеч нима унинг хоҳиш-иродасига боғлиқ эмас.
Бунинг устига, ходимингиз конституциявий принциплардан бири – айбсизлик презумпцияси билан ҳимояланган: гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади .
Ҳар қандай процессуал мажбурлаш чораси жиноий жазоланадиган қилмишни содир этганлик учун қўлланилишига ҳам эътибор беринг. Демак, ушбу хатти-ҳаракатлар улар учун иш берувчи интизомий жазо чораларини қўллаши мумкин бўлган ножўя хатти-ҳаракат деб ҳисобланмайди.
Шу сабабли иш берувчи ишда йўқ бўлган ходим билан тузилган меҳнат шартномасини юқорида кўрсатилган асосларга кўра бекор қилишга ҳақли эмас. Унинг айбдорлиги исботланмаса, ишга қайтишга ҳақли бўлиши сабабли ҳам уни ишдан бўшатмаслик керак. Бу ҳолда эса мажбурий прогул учун давлат ҳақ тўлайди. Уни ишдан бўшатсангиз, ишга тиклаганда айнан сиз мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи тўлайсиз, маънавий зарарни ва ходимингиз даъво қиладиган бошқа суммаларни ҳам қоплашингизга тўғри келади.
Иш ҳақи ҳисобланадими
Ишга келмаган ходимга амалда ишламаётгани боис иш ҳақи ҳисоблаш керак эмас.
Иш ҳақи – меҳнат шартномасида қайд этилган ишни бажарганлик учун тўланган ҳақ . Иш берувчи ходимга фақат бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ тўлаши шарт . Ҳибсга олинган ходим ўз бурчларини бажара олмаслиги боис унга иш ҳақи ҳисоблаш учун асос йўқ.
Ходим жазога ҳукм қилинса
Ҳақиқатда ишланган сўнгги кун эмас, балки суд ҳукми қонуний кучга кирган кун айблов ҳукми чиқарилгани муносабати билан ишдан бўшатиш куни ҳисобланади.
Ходим жазога ҳукм қилингани дарҳол маълум бўлмаслиги боис ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни фақат ишончли ахборот, масалан, - ҳукм нусхасини олгач тузинг. Буйруқ чиқарилган сана ходимнинг ишлашига тўсқинлик қилувчи жазога ҳукм қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат олинган сана бўлади.
Суд ҳукмига кўра меҳнат шартномасини бекор қилаётганда ходим билан тўлиқ ҳисоблашинг: ходим корхонада ишлаган сўнгги иш кунигача иш ҳақи ва фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация тўланг.
Судланганлик ишга киришни рад этиш учун сабаб бўла олмайди
Сиз иш берувчи сифатида номзоднинг судланганлиги ишга қабул қилишни рад этиш учун асос бўлмаслигини билишингиз керак. Боз устига, - бундай рад жавоби бериш қонун ва инсон ҳуқуқларини бузиш ҳисобланади.
Меҳнат кодексида ишга қабул қилишни рад этиш ғайриқонуний бўлган ҳоллар рўйхати келтирилган . Киши муқаддам судланганлиги ёки яқин қариндошлари жазога ҳукм қилинганлиги ва судланганлик ҳолати тугалланмаганлиги сабаблигина уни ишга қабул қилмасликка ҳақли эмассиз .
Бироқ айрим вазиятларда судланган номзодларни ишга қабул қилиш қонун ҳужжатлари билан бевосита тақиқланади. Бу ҳолда рад жавоби беришга ҳақли бўласиз. Масалан, қасддан содир этган жинояти учун муқаддам жазога ҳукм қилинган кишини, суд томонидан судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган бўлса, бош бухгалтер лавозимига қабул қила олмайсиз.
«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунда бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбарига талаблар белгиланган. Унда айтилишича, белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек қасддан содир этилган жиноят учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс бош бухгалтер бўлиши мумкин эмас .
Ходим жиноий жавобгарликка тортилганда кадрлар ишини юритишнинг ўзига хос хусусиятлари ва тартиби ҳақида батафсил қуйидаги тавсияда сўз юритилган: «Ходим жиноий жавобгарликка тортилганда иш берувчи қандай йўл тутиши лозим».