Тиббий кўрик натижаларига кўра ходим аввалги ишини давом эттиролмаса

preview

Иш берувчи МК 214-м. мувофиқ ташкил этган навбатдаги тиббий кўрик натижалари бўйича, ходимлардан бирига тиббий кўрсатмаларга кўра бажараётган ишини давом эттира олмаслиги ҳақида тиббий хулоса берилди. Иш берувчи энди қандай йўл тутиши керак?  

«Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА вазиятга ойдинлик киритди:

 

– «Биринчи навбатда, ходимнинг ўртача иш ҳақини сақлаб қолган ҳолда уни ишдан озод қилиш тўғрисида буйруқ чиқаринг – чунки ходим объектив сабабларга кўра уни бажара олмайди, бунда унинг айби йўқ.

Сўнг ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган ишни, бундай иш бўлмаган тақдирда эса, - корхонада мавжуд бўлган, ходим соғлиғининг ҳолати ва тиббий хулосада баён этилган тиббий тавсияларни инобатга олган ҳолда бажара оладиган бошқа ишни таклиф этинг

Ходим розилик билдирса, у билан тузилган меҳнат шартномасига қўшимча келишувга асосланиб, бошқа доимий ишга ўтказилиши тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиринг  .

Эътибор беринг
Енгилроқ, бироқ камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказилганда шундай ишга ўтказилган кунидан бошлаб 2 ҳафта мобайнида ходимнинг аввалги ўртача ойлик иш ҳақи сақланади (МК 218-м. 2-қ.)

 

Ходим бошқа ишга ўтишга рози бўлмаса  

Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортса ёки корхонада бўш иш ўринлари бўлмаса, меҳнат шартномаси МК 100-м. 2-қ. 2-б. бўйича – ходим соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолгани муносабати билан бекор қилинади. Ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантириш ўрнига ходимга 2 ҳафталик иш ҳақи миқдорида компенсация тўланади.

Эътибор беринг
Башарти корхонадаги жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг розилигини олиш назарда тутилган бўлса, бундай розиликни олишни унутманг .

МК 100-м. 2-қ. 2-б. бўйича ишдан бўшатганда мажбурий тартибда ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади . Ходим ишдан бўшатилганидан сўнг МК 67-м. мувофиқ иш қидириш даврида моддий мадад олиш учун қўшимча кафолатлардан фойдаланиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.

 

Меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда:

  • ишдан бўшатилган куни ходим билан ҳисоб-китоб қилинг , ишдан бўшатиш нафақаси, фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътил кунлари учун компенсация тўланг ;
  • унга меҳнат дафтарчаси ва/ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма, шунингдек меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхасини беринг».