Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Иш берувчи дастурчига таъминлаши шарт бўлган шароитлар
Иши деярли тўлиқ компьютер қаршисида ўтадиган ташкилот дастурчисига 8 соатлик иш куни белгиланган. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими унинг иш вақтини қисқартириш ва иш жойини қайта жиҳозлашни талаб қилмоқда. Компьютер ва оргтехникада ишлаш тартиби ва чегарасини тартибга солувчи аниқ қоидалар борми?
Саволга "Норма" эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ҲИКМАТОВА жавоб берди:
- Ўзбекистонда шахсий компьютерлар, видеодисплейли терминаллар ва оргтехника билан ишлашда санитария қоидалари ва меъёрлари қўлланилади – 0224-07-сонли СанҚваМ. Улар шахсий компьютерлар (ШК), видеодисплейли терминаллар (ВДТ) ва оргтехника (ОТ)да ишлайдиганларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш учун ўрнатилади ва ушбу қоидаларга алоҳида шахслар, мулкчилик шаклларидан қатъий назар, барча муассасалар риоя қилиши мажбурийдир.
0224-07-сонли СанҚваМга кўра тартибга солинган танаффусларсиз компьютер техникасида доимий ишлаш давомийлиги 2 соатдан ошмаслиги керак. Компьютер техникасида иш вақтининг умумий давомийлиги 4 соатдан ошмаслиги лозим.
Танаффуслар иш бошланганидан 2 соат ўтгач 15 дақиқа, тушликдан кейин эса ҳар бир иш соатидан кейин ўрнатилиши керак.
Тунги сменада ишлаётганда тартибга солинган танаффусларнинг умумий давомийлиги 60 дақиқага кўпаяди.
Иш жойини қандай жиҳозлаш керак
Видеомонитор экрани (дисплей) ишлаётган одамнинг кўзлари учун мақбул масофада бўлиши, аммо 50 см дан яқин бўлмаслиги керак (оптимал масофа 60-70 см).
Қўшни иш жойларида ишлаётганларни ҳимоя қилиш учун компьютер техникаси қўйилган иш столларини шундай жойлаштирингки, битта дисплейнинг орқа юзаси ва бошқасининг экрани орасидаги масофа камида 2 м, қўшни иш жойларининг дисплей корпусининг ён юзалари орасидаги масофа эса камида 1,2 м бўлсин.
Иш столлари орасига махсус ҳимоя экранларини ўрнатиш тавсия этилади. Компьютер, видеодисплейли терминаллар ва оргтехникаси бўлган хоналар ўт ўчириш ва хавфсизлик ускуналари билан таъминланган ва жиҳозланган бўлиши керак.
Бундан ташқари, шуни билингки, компьютерлар ва уларнинг иш жойларини подвал ва табиий ёруғликсиз хонада жойлаштиришга йўл қўйилмайди. Саноат зарурати бўлган ҳолларда табиий ёруғликсиз иш фақат Давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
Компьютер, видеодисплейли терминаллар ва оргтехника билан ишлашда хавфсиз иш шароитларини таъминлаш ҳамда СанҚваМ талабларини бажариш учун ташкилот маъмурияти жавоб беради. Талабларни бажармаганлик учун жарималар назарда тутилган .