Пенсионерни қачон ишдан бўшатиш мумкин

preview

“Ходима 55 ёшга тўлди. Иш берувчи у пенсия ёшига етгани муносабати билан Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 7-бандига асосан меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи. Аммо, мен аёлларни бу асосда ишдан бўшатиш мумкин эмаслиги ҳақида эшитгандим. Бу тўғрими?”

Саволга “Норма” эксперти, ҳуқуқшунос Ленара Хикматова жавоб берди:

 

- Қисман ҳақсиз.

Агар ходим ёшга доир пенсияни олишга ҳақли бўлса, умумий қоидага кўра иш берувчи у билан Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 7-бандига асосан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли. Яъни, ходимни бу асосда қуйидаги ҳолатларда ишдан бўшатиш мумкин:

  •  маълум ёшга етгандан кейин;
  • пенсия тайинлаш учун етарли иш стажи бўлганда.

Шунингдек, умумий қоидага кўра Меҳнат кодексининг 289-моддасига мувофиқ ёшга доир пенсия қуйидагиларга белгиланади:

  • Эркакларга – 60 ёшга тўлганда, умумий иш стажи 25 йил бўлганда;
  • Аёлларга – 55 ёшга тўлганда, умумий иш  стажи 20 йил бўлганда.

Аммо, 2019 йилнинг 1 майидан  07.03.2019 йилдаги ПФ-4235 сонли Президент Фармонига кўра иш берувчининг ташаббуси билан Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 7-банди бўйича аёлларни ишдан бўшатиш  улар 60 ёшга тўлгунга қадар  тақиқланади.

Яъни, ходим 60 ёшга тўлмагунча у билан тузилган муддатли меҳнат шартномасини, шунингдек номуайян вақтга тузилган меҳнат шартномасини  Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 7-банди бўйича бекор қилиш мумкин эмас.

Меҳнат кодексининг 100-моддасида санаб ўтилган бошқа асослар  иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатишга тааллуқли эмас. Масалан, агар ходим меҳнат интизомини бузса, у билан меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 3 ёки 4-банди бўйича бекор қилиш мумкин.