Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Ҳомиладор аёл енгил ишдан бош тортса
"Ходим ҳомиладорликдан аввал тез-тез хизмат сафарларига борган. Энди эса ҳомиладор бўла туриб аввалги иш режимида ишлаш истагини билдириб, ариза ёзди. Иш берувчи бу ҳолатда оқибатлари учун жавобгар бўладими?".
- Йўқ, бўлмайди. Бир томондан, ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади .
Аммо, ходим ҳомиладорлик пайтида аввалги режимда ишлашга, шу жумладан хизмат сафарларига боришга тайёрлигини ёзма равишда тасдиқлаганлиги сабабли, қонунчилик уни бундай ишларга жалб қилишни тақиқламайди. Бунинг учун иш берувчи жавобгар бўлмайди.
Унга қўшимча тушунтиришингизни, шунингдек ходимлар, айниқса ҳомиладор аёллар ўртасида меҳнатни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш бўйича мунтазам равишда тушунтириш ишларини олиб боришингизни тавсия қиламиз. Аёл ўз хатарларини мустақил равишда ҳисобга олиши ва меҳнат кодексининг 228-моддасида назарда тутилган имтиёзлар унинг саломатлиги ва туғилмаган болани ҳимоя қилишга қаратилганлигини билиши керак.
Ҳамма нарса ходимнинг хоҳишига боғлиқ эмас
Аёлларга туғруққача ва туғруқдан кейинги даврда таътил кафолатланади . Уни рад этиш мумкин эмас, ушбу кафолат ходимнинг белгиланган муддат давомида ишлашни давом эттириш истагига боғлиқ эмас. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасига асосланиб, ходим юқорида айтиб ўтилган даврдан бошлаб меҳнатга лаёқатсиз деб тан олинади ва уни ишга жалб қилиш мумкин эмас.
Агар ходим "декрет"дан қочса ёки иш берувчига ҳомиладорлик ҳақида умуман хабар бермаса
Баъзан, турли сабабларга кўра (кўпинча моддий характерга эга) аёллар туғруқ таътилидан фойдаланишни хоҳламайдилар ва иш берувчидан унга бўлган ҳуқуқни яширишади.
Иш берувчи тиббий муассасадан ходимнинг ҳомиладорлик муддати тўғрисида маълумотни талаб қилиш ва унга вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилганлигини тасдиқлаш ҳуқуқига эга.
Корхонанинг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, ходимнинг аризасига биноан унга моддий ёрдам кўрсатинг. Солиқ кодексининг 378-моддасида имтиёз кўзда тутилган бўлиб, унга кўра моддий ёрдамнинг айрим турлари (шу жумладан, бола туғилганлиги учун тўловлар) МҲТЭКнинг 4,22 бараваригача миқдорда солиққа тортилмайди.
Агар ходим аниқ ҳомиладор бўлса, лекин ўз ҳолати тўғрисида хабар бермаган ва кадрлар бўлимига маълумотномалар олиб келмаган бўлса, Меҳнат кодексининг 228-моддаси талабларига риоя қилинг ва тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйинг.
Тиббий хулосани ходимни ўзи тақдим этиши ёки ҳомиладорлик пайтида у кузатиладиган тиббий муассасадан сўраш мумкин.
Валерия ЛЯНДРЕС
«Норма» эксперти