Меҳнат шартномалари ҳисобини юритиш тартиби

preview

Меҳнат шартномалари ҳисоби журнали ташкилотлар учун мажбурий ҳужжат эмас. Қонунчиликда меҳнат шартномасини рўйхатга олиш рақами унинг мажбурий реквизитлари қаторига киритилмаган. Бошқа томондан, бундай реквизитлар ЯММТда назарда тутилган.

Kadrovik.uz тушунтириш беради:

 

Меҳнат кодексининг 73-моддасида ҳам, меҳнат шартномасини тузиш бўйича тавсияларда ҳам рўйхатга олиш рақами кўрсатилмаган. Бироқ, у меҳнат шартномаси (контракт)нинг тахминий шаклида бор. Бундан ташқари меҳнат шартномасининг рақами ва санаси уни my.mehnat.uz сайтидаги ЯММТда рўйхатдан ўтказишда кўрсатилиши керак.

Шунинг учун меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Бу айниқса ходимлар сони кўп бўлганда жуда муҳимдир. Рақамлаш ҳужжатни топишни осонлаштиради.

Меҳнат шартномалари ёзма шаклда тузилади. Шунинг учун қоғоз вариантлари (иш берувчининг экземплярлари) ходимларнинг шахсий иш ҳужжатларида ва/ёки алоҳида регистрларда сақланиши шарт. Бундан ташқари меҳнат шартномаларининг электрон вариантларини сақлаш ва уларни электрон папкаларга – шартномалар тузилган вақт (йил, чорак, ой), бўлинмалар (бўлимлар, департаментлар, цехлар, участкалар) ва бошқалар бўйича жойлаштириш қулай.

 

Меҳнат шартномаларини рақамлаш жараёни тартибга солинадими? Ҳар янги йилда  қайта рақамлаш мумкинми?

Қонунчилик бу масалани тартибга солмайди.

Амалда меҳнат шартномаси рақами икки қисмдан иборат бўлганда, бундай рақамлаш варианти учрайди: тартиб рақами ва тузилган йилини кўрсатадиган рақамлар. Масалан, 2022 йил июнь ойида тузилган меҳнат шартномасига 17/06-2022 рақами берилиши мумкин.

Шунингдек,  шартномаларни шунчаки тартиб бўйича рақамлаш мумкин (1, 2.... 10, ва ҳоказо).

Ушбу мисоллар тавсия хусусиятига эга ва улардан фойдаланиш мажбурий эмас. Ҳар бир иш берувчи рақамлаш тартибини ўзининг хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда белгилайди.

Қуйидагиларни белгиловчи ягона тартибни алоҳида ҳужжат (буйруқ, фармойиш, иш юритиш тўғрисидаги низом ва бошқалар) билан тасдиқлаш мақсадга мувофиқдир:

  • меҳнат шартномаларини рақамлаш қоидалари;
  • рақамлаш янгидан бошланадиган муддатлар;
  • меҳнат шартномалари ҳисоби китобининг шакли – қоғоз ёки электрон; ва ҳоказо.

      Ушбу ҳужжат ташкилотингиз доирасида қўллаш учун мажбурий бўлади.